Транспорт соҳасидаги лойиҳаларнинг бориши кўриб чиқилди
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган йирик лойиҳалар доирасида олиб борилаётган ишлар юзасидан тақдимот билан танишди.
Тошкент – Самарқанд йўналишида янги замонавий автомагистрал қуриш лойиҳаси кўриб чиқилди. Режага кўра, ушбу йўлнинг умумий узунлиги 282 километрни ташкил этади. Шундан 140 километрлик участкаларда тупроқни мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилади. Лойиҳа доирасида 12 та транспорт ечими, 91 та кўприк ва 16 та йўл ўтказгич қурилиши кўзда тутилган.
Беш йил давомида қурилиши режалаштирилаётган мазкур йўл Ia тоифали, яъни автомобиль йўлларининг энг юқори техник ва хавфсизлик стандартларига жавоб берадиган магистрал бўлади. Унда ҳар бири 3,75 метр кенгликдаги цемент-бетон қопламали олтита ҳаракат тасмаси барпо этилади. Йўлнинг лойиҳавий тезлиги соатига 150 километр этиб белгиланади.
Шунингдек, Тошкент – Ангрен – Қамчиқ довони йўналишида 171 километрлик муқобил автомобиль йўли барпо этиш лойиҳаси ҳам амалга оширилади. Ушбу йўлда 33 километрлик тоннеллар ҳамда бир қатор йирик муҳандислик иншоотларининг қурилиши режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбарига мазкур йирик лойиҳалар учун ишлаб чиқилаётган молиялаштириш манбалари ва хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича олиб борилаётган музокаралар ҳақида ахборот берилди.
Автомагистралларни лойиҳалашда замонавий транспорт муҳандислиги ечимларидан фойдаланиш, интеллектуал бошқарув ва мониторинг тизимларини жорий этиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Тақдимотда Тошкент – Чорвоқ ва Урганч – Хива йўлларини қуриш лойиҳаларининг бориши ҳақида ҳам маълумот берилди.
Шунингдек, Тошкентнинг янги халқаро аэропортини қуриш лойиҳасининг асосий параметрлари кўриб чиқилди. Биринчи босқичда 208,4 минг квадрат метрлик йўловчи терминали, узунлиги 4 километрдан бўлган иккита учиш-қўниш йўлагини барпо этиш режалаштирилган. Шу билан бирга, йилига 20 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатиш, соатига 30 та қўниш ва учишни таъминлайдиган инфратузилмани яратиш ҳамда 169 та ҳаво кемаси учун автотураргоҳ ташкил этиш кўзда тутилган.
Айни пайтда бўлажак аэропорт ҳудудида олиб борилаётган лойиҳа-қидирув ишлари ва келгуси босқичлар тўғрисида ахборот берилди.
Президентимиз томонидан мутасаддиларга лойиҳаларни техник ва иқтисодий жиҳатдан пухта тайёрлаш, қурилиш ишларини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш ҳамда транспорт инфратузилмасининг узоқ муддат барқарор ишлашини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг