Самарқандда Хитой компанияси билан ҳамкорликда электробуслар ишлаб чиқарилади

15:10 24 Январь 2024 Жамият
488 0

Дўстона ва тарихий алоқалари узоқ ўтмишга бориб тақалувчи Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги муносабатлар кўлами кейинги йилларда янги босқичда кенгайиб, барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўзга ташланмоқда. Бу ўзаро ҳамкорлик иқтисодиётнинг йирик бўғини бўлган автомобилсозлик соҳасида ҳам ривожланиб боряпти.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 20 дан ортиқ автомобиль саноати корхоналари фаолият кўрсатиб, мазкур корхоналарда ўтган 2023 йил маҳаллийлаштириш Дастури асосида янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича 10 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилди.

Жомбой туманидаги “Uz Truck & Bus Motors” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона ҳам йирик ишлаб чиқариш қувватларидан бири саналади. Бугунги кунда 250 нафарга яқин фуқаролар меҳнат қилаётган корхонада юк кўтариш қобилияти 11 тоннадан 41 тоннагача юк ташишга мўлжалланган ўзи ағдарувчи автомобиллар, шатакчи автомобиль (автопоезд)лар, умумий оғирлиги 10 тоннадан 50 тоннагача бўлган автофургонлар, махсус ихтисослаштирилган техникалар, шунингдек, шаҳар ва шаҳарлараро автобуслар ишлаб чиқарилмоқда. Корхона йилдан йилга жаҳоннинг нуфузли автомобиль компаниялари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қуйиб, ишлаб чиқаришни кенгайтиришга эришмоқда. Хусусан, яқин йиллардан бошлаб Хитой Халқ Республикасининг “SINOTRUK” компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ҳозирги кунда корхонада “SINOTRUK” бренди остида 10 дан ортиқ моделлар ишлаб чиқариляпти.

Айни пайтда автомобиль заводида 40 га яқин корхоналар билан тузилган саноат кооперацияси эвазига 200 турдан ортиқ бутловчи қисм ва деталларни маҳаллийлаштиришга эришилди. Маҳаллийлаштириш даражаси баъзи ишлаб чиқарилган моделлар бўйича 35 фоизга етказилган ва ушбу кўрсатгич ошиб бормоқда. Бу йўналишда янги турдаги автомобилларни ишлаб чиқариш ҳам йўлга қуйиляпти. Корхона келгусида “SINOTRUK” компанияси билан ҳамкорликни янада ривожлантириб, уни яна ҳам юқори босқичларга олиб чиқиш мақсадида, янги лойиҳалар устида иш олиб бораяпти. Хусусан, 2024 йилдан бошлаб бу ерда электробуслар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

— Қўшма корхонамиз билан Хитойнинг мазкур компанияси ўртасидаги ҳамкорлик самаралари ўлароқ бугунги кунда “SINOTRUK” бренди остида энг охирги русумдаги 10 дан ортиқ замонавий моделлар ишлаб чиқариляпти, — дейди “Uz Truck & Bus Motors” қўшма корхонаси бош директорнинг ишлаб чиқариш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шерзод Ҳасанов. — Жорий йилдан бошлаб экологик тоза ҳамда хавфсиз бўлган электробуслар ишлаб чиқаришни ҳам бошлаймиз. Уларнинг узунлиги 8,7 ҳамда 12 метрдан иборат бўлади.

Замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхона ишчиларининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Улар ўқиш давомида амалиётни айнан ушбу корхонада ўташиб, таълим муассасаси билан ҳамкорлик натижасида ишга қабул қилинишган. Бу ерда уларга хитойлик мутахассислар иш ўргатишди, айни вақтда эса барча юмушларни ўзлари мустақил бажаришмоқда.

Корхона йилига 3 минг дона юк автомобиллари ишлаб чиқариш қувватига эга. Техникаларнинг 90 фоизи ички, 10 фоизи ташқи бозорга етказиб берилади. Маҳсулотлар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ва МДҲ давлатларига экспорт қилинади.

Ўзбекистон бугун дунёга чиқиб бормоқда. Хусусан, Хитой Халқ Республикаси билан ўрнатилган муносабатлар кўлами ўзаро ишонч асосида тобора ривожланиб боряпти. Сўнгги йилларда хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда мамлакатимизда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширилаётгани мамлакатларимиз ўртасида савдо, инвестиция ва иқтисодий муносабатларни жадал ривожланишига омил бўлмоқда. Бу эса Ўзбекистон тараққиёти ва халқимиз турмуш фаровонлиги учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қиляпти.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?