Самарқандда «Баҳодир Ялангтўш» тарихий бадиий фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди
Фото: "Халқ сўзи"
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳрида ўзбек киноижодкорлари томонидан суратга олинган «Баҳодир Ялангтўш» тарихий бадиий фильмининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Ҳасан Тошхўжаев сценарийси асосида режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов томонидан яратилган ушбу кинокартинада буюк сардор, Регистон мажмуаси бунёдкори, Самарқандга ҳокимлик қилган саркарда Баҳодир Ялангтўшнинг ҳаёт йўли ва фаолияти ҳикоя қилинади. Фильм Ўзбекистон Кинематография агентлиги буюртмасига биноан Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда «Ezgu film» студияси томонидан суратга олинган.
Тақдимот олдидан «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетида ўтказилган матбуот анжуманида халқимизнинг буюк фарзандларидан бири, давлат ва жамоат арбоби, саркарда Баҳодир Ялангтўш ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган ушбу фильмнинг яратилиш тарихи, суратга олиш жараёнлари хусусида маълумотлар берилди. Шунингдек, премьера аввалида ижодкорлар билан учрашув ташкил қилинди.
— Ушбу лойиҳани амалга оширишда Самарқанд вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон кинематография агентлиги билан бевосита ҳамкорликда ишлади, — деди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов. — Фильм режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов самарқандлик ижодкорлар, тарихчи олимлар билан бамаслаҳат фаолият олиб борди. Бир неча бор муҳокамалар бўлди ва ана шу ҳамкорликдаги ишимиз туфайли мазкур тарихий бадиий фильм яратилди.
Самарқандлик кино ихлосмандлар тарихий фильмни мароқ билан томоша қилишди. Фильмда бош ролларни актёрлар Ҳабибулло Низомов, Боир Холмирзаев ва Матёқуб Матчанов маҳорат билан ижро этишган.
Баҳодир Ялангтўш сиёсий фаолият билан бир қаторда маданиятга ҳомийлик қилган. Етти иқлимга машҳур бўлган Регистон майдонидаги Тиллакори ва Шердор мадрасалари у томонидан қурдирилган. Шу билан бирга у юрт ободлиги йўлида кўплаб хайрли ишларнинг раҳнамоси саналади. Баҳодир Ялангтўшнинг ушбу жиҳатлари мазкур фильмда акс этган бўлиб, бу эзгу иш, шубҳасиз, бой тарих ва маданиятимиз, улуғ аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, кенг тарғиб этиш ва энг асосийси, халқимизнинг, ёшларимизнинг фахр ва ғурурини оширишга хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Камбағал оилалар фарзандларининг тўгарак харажатларининг 80 фоизгача қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг