Самарқандда 16 миллион туп дарахт кўчатлари экилади

12:16 15 Ноябрь 2021 Жамият
1364 0

Фото: "Халқ сўзи"

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида кўчат экиш ва боғлар ташкил этиш ишлари қизғин паллага кирди.

Ушбу лойиҳа доирасида Самарқанд вилоятидаги барча туман ва шаҳар ҳокимликлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбар ва ходимлари, аҳоли вакиллари, таълим муассасалари жамоалари томонидан ҳудудларда кўчат экиш ишлари бошлаб юборилган.

Жумладан, Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ва тизим ходимлари ҳам бу эзгу ташаббусда фаоллик кўрсатишмоқда. Таъкидлаш керакки, бошқарма, давлат хизматлари марказлари ҳамда ФҲДЁ бўлимлари томонидан шу кунгача жами 1140 туп кўчатлар экилди.  Айниқса, бошқарма ташаббуси билан Самарқанд шаҳрининг Мотрид маҳалласидаги қаровсиз майдон чиқиндилардан тозаланиб, ободонлаштирилгани, бу ерга 100 туп манзарали ва 150 туп мевали дарахт кўчатлари қадалгани эътиборлидир.

- Юртбошимиз томонидан илгари сурилган эзгу ташаббус нафақат биз, балки келажак авлод учун ҳам муҳим, - дейди Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи М.Қурбонов. - Унда фаол иштирок этиш ҳам фуқаролик, ҳам инсонийлик бурчимиз ҳисобланади. Келгусида Мотриддаги бу масканда қўшимча бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, кичик тамаддихона, боғ ҳудудида ўриндиқлар, болалар ва спорт майдончалари ташкил этилиши кўзда тутилган.

Мотрид маҳалласи оқсоқолларининг таъкидлашича, ушбу боғга “Янги Ўзбекистон боғи” номи берилади. Шунингдек, боғ ҳудуди босқичма-босқич кенгайтирилиб, фуқароларга қўшимча қулайликлар яратилади.

Самарқанд тумани шаҳарнинг яшил белбоғи ҳисобланади. Туман халқ таълими бўлими ходимлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тумандаги 54 та мактабнинг бўш турган майдонларида кўчат экмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, мактабларда 15,5 гектарга яқин бўш майдон бор. Шу майдонларга 13,5 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш мумкин.

Туманнинг Юқори Туркман маҳалласида жойлашган 1-мактаб ҳудуди 1 гектарни ташкил этади ва муассасанинг бўш турган майдонида дарахт экиш ишлари давом этмоқда.

- Ҳозиргача мактабимизда 6 сотихлик яшил майдонимиз бор эди, - дейди мактаб директори Дилдора Шукурова. - Ҳисоблаб кўрсак, мактабнинг спорт майдончаси атрофига анчагина дарахт экиш имкони бор. Сув йўлини ҳисобга олиб, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экяпмиз.

Декабрь ойининг биринчи ўн кунлигигача давом этадиган кўчат экиш ишлари Пахтачи туманида ҳам фаол олиб борилмоқда.

- М-37 “Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши” халқаро йўлининг туманимиз ҳудудидан ўтган 30 километр қисмида 10 минг туп кўчат экишни режалаштирганмиз, - дейди “Самарқандйўлқурилиш” унитар корхонаси туман участка бошлиғи Абдуҳамид Искандаров. - Ҳозирда кунига 250-300 тупдан арча, қарағай ва садақайрағоч каби манзарали дарахт кўчатлари экяпмиз.

 “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Самарқанд вилояти бўйича 16 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган.

  Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?