Самарқандда 11 ойлик суд таҳлили: коррупция билан боғлиқ жиноятлар 7,8 фоизга кўпайди
2025 йилнинг 11 ойи давомида Самарқанд вилояти судлари томонидан коррупцияга қарши курашиш, шу жумладан юртбошимиз белгилаган вазифалар ижроси бўйича бир қатор ташкилий-ҳуқуқий ишлар амалга оширилди.
Шу даврда судларда коррупция билан боғлиқ жами 400 та жиноят иши кўриб тамомланди. Уларда 624 нафар шахс жавобгарликка тортилиб, ўтган йилга нисбатан ушбу тоифадаги жиноятни содир этувчилар сони 49 тага ёки 7,8 фоизга ошгани қайд этилди.
Бу маълумотлар Самарқанд вилоят маъмурий судида Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилинди.

— Коррупцион жиноятларни соҳалар кесимида таҳлил қилганда, мактабгача ва мактаб таълими тизимидан 67 нафар, соғлиқни сақлаш соҳасидан 32 нафар, суд-ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларидан 26 нафар, ҳокимликлардан 24 нафар, банк тизимидан 18 нафар шахс жиноят содир этгани аниқланган, — деди Самарқанд вилояти суди судьяси Темур Алмаматов. — Судланган шахсларнинг келгусида бундай қилмишларни қайта содир этишининг олдини олиш мақсадида 332 нафарга муайян мансаб ёки фаолият тури билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси қўшимча тарзида қўлланилди.
Афсуски, ушбу жиноятларни содир этган шахсларнинг 126 нафари, яъни ҳар беш нафардан бири муқаддам судланган. Шулардан 99 нафари аввал ҳам коррупцион жиноят учун жавобгарликка тортилган.
Масалан, Д. Б. мана тўртинчи марта коррупция билан боғлиқ жиноят содир этган. У «Агробанк» АТБ Қўшработ филиали бошқарувчиси ўринбосари сифатида ишлаган ҳолда, бошқа фуқаронинг номига расмийлаштирилган, амалда эса ўзи бошқарган МЧЖга 1 миллиард сўм кредит ажратиб, маблағларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаган. Унга 7 йил озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, 2 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Яна бир ҳолатда, Каттақўрғон тумани Файзикент маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган А. Т. кредит олишда ёрдам бериш баҳонасида фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, 159 миллион сўм имтиёзли кредит маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. У ЖКнинг тегишли моддалари билан 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари, шунингдек 1 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.
Умуман олганда, коррупцион жиноятлар натижасида давлат манфаатларига 237,8 миллиард сўм моддий зарар етказилган, шу кунга қадар унинг 83,4 миллиард сўми қопланди.
Матбуот анжуманида коррупциянинг олдини олиш борасида профилактик тадбирларни кучайтириш, жамоатчилик назоратини ошириш, коррупция жиноятлари учун жазоларни янада қатъийлаштириш, шу турдаги жиноят содир этган шахсларни масъул мансабларга тайинлашни чеклаш юзасидан таклифлар билдирилди.
Шунингдек, судлар томонидан коррупцияга оид жиноятлар бўйича 18 та сайёр суд мажлиси ўтказилгани, бу эса судлар фаолиятининг очиқлиги ва аҳолига таъсирчан таъсир кўрсатишини кучайтириши таъкидланди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг