Саккиз йил аввалги англашилмовчилик ёлғиз аёлни сарсон қилди
Фото: "Халқ сўзи"
Бухоро вилояти Шофиркон тумани “Бобоҳайдар” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Региён қишлоғида якка-ёлғиз яшовчи, ногиронлиги бўлган кекса аёл Сарвар ая Ражабованинг уйига янги газ ҳисоблаш ускунаси ўрнатилди. Ўрнатилди-ю, лекин газдан дарак бўлмади. Уй совуқ, мана, изғиринли кунлар ҳам бошланяпти. Бу шароитда қандай кун ўтказиш ва саломатликни асраш мумкин?
Аёл "Шофирконтумангаз" газ таъминоти бўлимига бир неча бор мурожаат қилди. Бўлим ходимлари ҳар гал унга табиий газ учун 2012-2013 йилдан қолиб кетган қарздорлиги борлигини, қарз тўланганидан сўнг янги газ ҳисоблаш ускунаси автоматик тарзда фаол ҳолатга келишини айтишди. Сарвар ая эса аслида бу асоссиз қарздорлик эканлигини уқтирар, аммо масалага аниқлик киритиш ҳеч кимнинг хаёлига келмасди.
-Сарвар Ражабова шундай сарсонгарчиликдан сўнг ёрдам сўраб қабулхонамизга мурожаат қилди,- дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шофиркон туманидаги Халқ қабулхонаси мутахассиси С. Нормуродов. - Масала дарҳол Халқ қабулхонаси мудири Ф. Ҳафизов бошчилигида соҳа мутахассислари, маҳалла раиси ва маҳаллий Кенгаш депутати жалб қилинган ҳолда атрофлича ўрганилди.
Истеъмолчининг газ ҳисоби ва тўлови бўйича ҳужжатлари “Шофирконтумангаз” газ таъминоти бўлими тизимидаги мавжуд тўлов варақалари билан солиштирилганида Сарвар Ражабованинг ҳақлиги аниқланди. Солиштириш жараёнида юзага келган тафовутга аниқлик киритиш мақсадида керакли ҳужжатлар жамланиб, ортиқча суммани чегириш учун Бухоро вилояти ҳудудий газ ташкилотига юборилди ва фуқаронинг табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммоси ҳал этилди.
Ҳа, ёлғиз яшовчи, бир муштипар аёлнинг кўнгли ниҳоят, хотиржам тортди. Саккиз йил аввалги англашмовчиликка барҳам берилди. Лекин шу масалани ўз вақтида ҳал этиш учун бировнинг боши оғримаганига ҳайрон қоласан киши. Буёғи “Шофирконтумангаз” газ таъминоти бўлимида ишловчиларнинг виждонига ҳавола, албатта.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг