Россия Украина ҳарбийларига қарши кимёвий қуроллардан фойдалангани даъво қилинмоқда

12:52 02 Май 2024 Дунё
593 0

Фото: Reuters

Америка Қўшма Штатлари Россияни Украина аскарларига қарши хлорпикрин заҳарли моддасидан фойдаланганликда айбламоқда.

Давлат департаменти чоршанба куни эълон қилган баёнотга кўра, Россия кучлари бу усул орқали Украина қўшинларини мустаҳкамланган позицияларидан сиқиб чиқариш ва жанг майдонида тактик ютуқларга эришишни мақсад қилган.

Кўз, тери ва ўпкаларни ачитиш хусусиятига эга бўлган ушбу суюқ модда Биринчи жаҳон уруши вақтида ҳам ишлатилган. Ундан қишлоқ хўжалиги секторида ҳамон фойдаланилсада 1993 йилги Кимёвий қуроллар тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ урушда фойдаланиш таъқиқланган. Хлорпикрин Россия армиясидаги асосий қурол воситаси бўлиб, ундан фойдаланишда кучли босимга учрамоқда.

Рус армияси ушбу моддадан ташқари CS ва CN газлари ўрнатилган гранаталарни ишлатгани ҳам айтилмоқда. Бу ҳақда «Reuters» ахборот агентлиги Украина ҳарбийларига таяниб ёзган. Нашрнинг қўшимча қилинишича, камида 500 нафар украиналик аскар заҳарли моддалар таъсиридан даволанган ва бир нафари кўздан ёш оқизувчи газдан бўғилиб ҳалок бўлган.

Украина бош прокурорининг собиқ ўринбосари Гюндуз Мамедов 24 апрель куни ижтимоий тармоқларда Россия армияси сўнгги олти ой ичида Украина кучларига қарши 900 марта кўздан ёш оқизувчи газ қўллагани, уруш бошидан буён эса бу рақамлар 1400 тадан ошганини маълум қилди.

АҚШ баёнотида айтилишича, у Москванинг кимёвий ва биологик қурол дастурлари билан боғлиқ бўлган Россиянинг учта давлат объектига, жумладан, Украина қўшинларига қарши хлорпикриндан фойдаланишга ёрдам берган махсус ҳарбий қисмга санкция қўяди. Шунингдек, юқоридаги ташкилотларни қўллаб-қувватловчи Россиянинг бошқа компанияларига ҳам санкциялар амал қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер