«Реал Мадрид» очко йўқотди, «Барселона» сафардaн ғалаба билан қайтди

09:48 10 Ноябрь 2025 Спорт
365 0

Кеча, 9 ноябрь куни Испания Ла Лигасининг 12-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Кун доирасидан ўрин олган баҳсда «Реал Мадрид» клуби «Райо Валекано» меҳмони бўлди.

Учрашувда голсиз дуранг қайд этилди. Таъкидлаш жоизки, «қироллик клуби» Испания чемпионатида ўтган сўнгги 4 та ўйинда кетма-кет ғалабани қўлга киритган эди.

Шунингдек, «Реал Мадрид» бу йил Испания чемпионатида биринчи марта баҳсни голсиз якунлади. Хаби Алонсо шогирдлари ўтган 11 та учрашувнинг барчасида рақиб дарвозасини камида бир бор ишғол этишни уддалаган эдилар.

Маълумот учун, «Реал Мадрид» жамоаси навбатдаги ўйинини 24 ноябрь куни «Элче» клубига қарши ўтказади.

Испания Ла Лигасининг 12-тур ўйинлари доирасидан ўрин олган яна бир баҳсда «Сельта» жамоаси ўз майдонида «Барселона»ни қабул қилди.

Учрашув «каталонияликлар»нинг 4:2 ҳисоби­даги ғалабаси билан якунланди. «Барселона» жамоасининг голларига Роберт Левандовски (3 та) ва Ламин Ямал муаллифлик қилди. «Виголиклар»нинг жавоб голлари эса Серхио Каррейра ва Борха Иглесиаслар ҳисобига ёзилди.

Мазкур баҳсда «кўк-анорранглилар»нинг поляк ҳужумчиси Роберт Левандовски 1 йилу 4 кундан сўнг яна хет-трикка эришишни уддалади. Ўйинда ғалаба қозонган «Барселона» эса «Реал Мадрид» билан орасидаги фарқни 2 очкога қисқартиришни уддалади.

Маълумот учун, Каталония клуби кейинги ўйинини 22 ноябрь куни «Атлетик Бильбао»га қарши ўтказади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер