«Реал» бразилиялик юлдузини ашаддий рақибларидан бирига сотиб юбориши мумкин

09:49 07 Июль 2025 Спорт
510 0

Франциянинг «Пари Сен-Жермен» клуби Мадриднинг «Реал» жамоасида тўп сураётган бразилиялик футболчи Родриго Гоисни ўз сафига қўшиб олиш учун ҳаракат бошлади. Бу ҳақда ESPN нашри хабар бермоқда.

Манбага кўра, Париж клуби аллақачон 24 ёшли ҳужумчининг вакиллари билан боғланган ва унинг эҳтимолий трансфери юзасидан музокаралар олиб борган.

Маълумотларга кўра, Родриго бошқа жамоаларнинг ҳам диққат марказида турибди. Хусусан, аввалроқ унга Саудия Арабистонининг «Ан-Насср» клуби ҳамда Англиянинг «Арсенал» жамоаси қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ ҳозирча бу таклифлар борасида янги тафсилотлар эълон қилинмаган.

Таъкидланишича, Родриго «Реал Мадрид» сафини тарк этиши эҳтимоли бор. Сабаби, у жамоада алмаштириб бўлмас асосий футболчи ҳисобланмайди ва кўпроқ ўйин амалиёти учун бошқа клубга ўтишни хоҳламоқда. «Реал» раҳбарияти эса бразилиялик футболчи учун келиб тушадиган таклифларни кўриб чиқишга тайёр эканлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Родриго ўтган мавсумда барча мусобақалар доирасида 51 та ўйинда майдонга тушиб, 14 та гол урди ва 10 та голли узатмани амалга оширди.

У Мадрид клуби билан тузган амалдаги шартнома асосида 2028 йил ёзигача «Реал» футболчиси ҳисобланади. Трансфермаркт портали эса унинг бозор қийматини 90 миллион еврога баҳолаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?