“Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида Самарқанд шаҳрида иккита замонавий IT-Park қурилади

16:59 18 Декабрь 2025 Жамият
252 0

“Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида соҳасини ривожлантириш мақсадида қатор имтиёзлар берилган бўлиб, Самарқанд вилоятида ушбу имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Солиқ ва молиявий имтиёзлар берилиши натижасида IT-Park резидентлари 2030 йилгача фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи ва ижтимоий солиқлардан озод этилган. Шунингдек, “Ягона дарча” тизими орқали лицензиялаш ва резидентлик олиш осонлаштирилган.

Кадрлар тайёрлаш бўйича “Бир миллион дастурчи” онлайн IT таълим платформаси жорий этилган бўлиб, “IT Academy”, “Astrum IT Academy”, IT Park академиялари, “21-school”, Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари, ҳудудларда IT-шаҳарчалар ҳамда “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳалари ишга туширилган ва ҳар йили 100 мингга яқин ёшлар IT соҳасида бепул ўқитилмоқда.

Вилоятда йил якунигача IT-Park резидентлари томонидан кўрсатилган экспорт хизматлари ҳажми 18 миллион долларга етиши кутилмоқда. Экспорт ва халқаро бозорга чиқиш имкониятларини ошириш ҳамда хорижий буюртмаларни жалб этиш учун Германия, АҚШ, Корея, Саудия Арабистони, Япония ва Хитой давлатларида IT-Park вакилликлари ташкил этилган.

Келгуси йилларда вилоятнинг барча аҳоли яшаш масканлари тўлиқ мобил алоқа ва интернет билан таъминланиб, олис ҳудудларда йўлдош алоқа технологиялари жорий этилади. Шунингдек, 2030 йилга қадар 300 минг нафардан зиёд аҳоли ва ёшлар сунъий интеллект, рақамлаштириш, дастурлаш ва бошқа йўналишларда ўқитилади.

- ТАТУ Самарқанд филиалида сунъий интеллект бўйича ўқув лаборатория ташкил этилиб, Самарқанд шаҳрида иккита замонавий IT-Park қурилиши режалаштирилган, — дейди Рақамли технологиялар вазирлиги вилоят ҳудудий шуъбаси бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиев. — Ҳозирда Самарқанд шаҳридаги School-21 рақамли технологиялар мактаби ҳудудидан ер майдони ажратилган бўлиб, 2026 йилда IT-Park қурилиши бошланади. Қорасув массивида ажратилган 80 сотих ер майдонида эса Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ёшлар технопарки қуриш бўйича келишувга эришилган.

Шу билан бирга, 2026 йилда Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари лойиҳасини ишга тушириш ва 2030 йилга қадар 25 минг нафардан зиёд ёшларни бепул ахборот технологиялари ва хорижий тилларга ўқитишни мақсад қилинган.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер