Қувасойда кўклам нафаси

12:28 16 Февраль 2026 Жамият
295 0

Қувасой шаҳри – Фарғона водийси текислигида жойлашган бўлиб, шимолий томони вилоятнинг Қува, Тошлоқ туманлари, жанубий ва ғарбий томонлари Фарғона шаҳри ва Фарғона туманлари, шарқий ҳудуди эса Қирғизистон Республикасининг Баткен вилояти, Қизил-қия шаҳри билан чегарадошдир. Шаҳарда йирик саноат корхоналари кўп. Баҳорда бу гўшанинг кенгликларида қалдирғочлар қайтиб, бургут, каклик, кабутар ва балиқчи қушлар парвоз қилади. Даштларда чучмомо, ялпиз ва қизғалдоқлар очилиб, боғлар оппоқ гулларга бурканади. Айниқса, шаҳарнинг “Валик” МФЙ ҳудудида жойлашган табиат маскани кўкламда аҳоли учун сайлгоҳга айланади.

— Баҳорда ҳудудга келувчилар кўпаяди, — дейди “Валик” МФЙ раиси Акрамжон Тўхтаев. — Табиий манзаралар асрлар давомида ўз қиёфасини сақлаб келмоқда. Қолаверса, Қувасой шаҳри табиий-иқлим шароити мева-сабзавот етиштиришга қулай. Маҳалланинг иқтисодий асосини боғдорчилик ва деҳқончилик ташкил этади. Бугунги кунда маҳаллада 904 та оилада 3251 нафар аҳоли истиқомат қилади. Айни пайтда 1200 гектар майдонда мевали боғлар парвариш қилинмоқда. Кейинги йилларда эски боғлар янгиланиб, интенсив усуллар жорий этилди. Шафтоли, гилос ва ўрик каби маҳсулотлар ташқи бозорга ҳам чиқарилмоқда. Сабзавот маҳсулотлари эса водий бозорларида харидоргир.

Инфратузилманинг босқичма-босқич яхшиланиши хизмат кўрсатиш ва оилавий тадбиркорлик ривожига туртки бермоқда. Айрим тадбиркорлар томонидан сунъий кўллар барпо этилиб, дам олиш масканлари ташкил этилган. Шунингдек, ноёб гулларни парваришлаш ва иссиқхона хўжаликлари йўлга қўйилиб, маҳсулотлар буюртма асосида етказиб берилмоқда. Табиат неъматлари ва инсон меҳнати уйғунлиги Қувасой ҳудудининг барқарор ривожига хизмат қилмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?