2018-2019 йилларда қурилиш соҳасида 365 та жиноят содир этилган. Жавобгарликка тортилган шахсларнинг 14 нафарини Қурилиш вазирлиги тизими ходимлари ташкил қилган
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан видеоконференц алоқа режимида Қурилиш вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширган ишлари юзасидан эшитув ташкил этилди.
Эшитувда қурилиш соҳасидаги норматив ҳуқуқий ҳужжатлардаги коррупцияга шароит яратувчи нормалар ва бюрократик тўсиқларга сабаб бўлувчи омилларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидлаб ўтилганидек, қурилиш соҳасидаги регламентларда бир қатор нормалар Қурилиш вазирлиги тизимида ишловчи ходимлар учун коррупция ва бюрократияга сабаб бўлувчи омиллар сифатида қолмоқда.
Чунончи, Архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентида бу соҳада тегишли рухсат берувчи ҳужжатни олиш учун такроран мурожаат қилинганда йиғим ундирилмаслиги белгиланмаган. Бу эса амалиётда мурожаатчи томонидан кўрсатиб ўтилган камчиликлар бартараф этилган ҳолда такроран мурожаат қилганда яна йиғим ундиришга шароит яратмоқда. Ваҳоланки, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасида тадбиркорлик субъектининг аризаси такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмаслиги аниқ кўрсатилган.
Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (ШНҚ) маънан эскирган. Ундаги бир қатор қоидалар замон талабларига мос келмаслиги билан бир қаторда фуқаролар ва тадбиркорлик субьектларига ортиқча мажбурият юклайди. Бундан ташқари, ШНҚда таълим муассасаларини (кодоскоп, фильмоскоп, рулонлик диафильмлар, видеодвойка, трюмо, кондиционер БК-2500 ва ҳоказо) билан жиҳозлашни белгиловчи нормалар ҳамон мавжуд.
Депутатлар бу борадаги қонун ҳужжатларини амалиётда тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлашди.
Эшитувда қурилиш объектлари бўйича ўтказиладиган тендер (танлов) жараёнида энг кўп коррупция ҳолатлари рўй бериши алоҳида қайд этилди. Мисол учун, “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида капитал қурилишда танлов савдолари тўғрисида”ги Низомда танлов савдолари ташкилотчиси танлов савдолари тўғрисида пудратчини камида 30 кун олдин оммавий ахборот воситаларида эълон бериши ёки потенциал пудратчиларга танлов савдоларида қатнашишга таклифнома жўнатиши белгиланган. Ушбу жараённинг дастлабки босқичида танловда иштирок этадиган шахсларни белгилаш ҳуқуқи ташкилотчининг ўзига берилган.
Шунингдек, Низомнинг 35-бандида талабгорга қўйиладиган талаблар рўйхатидан ташқари, буюртмачи томонидан бошқа талаблар ҳам қўйилиши мумкинлиги ушбу жараёнда коррупция учун кенг имконият яратади.
Депутатлар ушбу Низомга вазирлик томонидан ҳанузгача ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш борасида натижали иш қилинмаганини танқид қилишди.
Қурилиш тартиби бўйича қурилишнинг ҳар бир босқичини тугатгандан сўнг навбатдаги босқичга ўтиш алоҳида назоратга олинади. Лекин, амалда айниқса, бетон намуналарини юқори босим остида синов далолатномалари қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси лабораториясидан берилиши лозим бўлса-да, ушбу жараённи ҳақиқатан бажарилганини фақатгина қоғозларда кўриш мумкин бўлиб, бу борада электрон тизим яратилмаган.
Эшитувда прокуратура органлари томонидан ўтказилган текширув натижаларига эътибор қаратилди. Чунончи, 2019 — 2020 йил апрель ҳолатига кўра, 38 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар, имтиёзли қурилиш материаллари ва бошқа моддий бойликлар талон-тарож қилинган. 2018-2019 йилларда қурилиш соҳасида 365 та жиноят содир этилган бўлиб, унинг 72 фоизи коррупция билан боғлиқ. Жавобгарликка тортилган шахсларнинг 14 нафарини Қурилиш вазирлиги тизими ходимлари ташкил қилган.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигидан олинган маълумотларга кўра, ушбу вазирлик ва тизимдаги идоралар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга рухсатномалар беришда 2019 йил давомида жами 17418 та ҳолатда қонун бузилиши ҳолатлари қайд этилган.
Парламент аъзолари Қурилиш вазирлиги томонидан амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифаларни айтиб ўтишди. Қурилиш соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларидаги коррупцияга шароит яратувчи нормаларни бартараф этиш, ўтказиладиган танлов (тендер)ларни ахборот технологияларини жорий этган ҳолда онлайн режимда ташкил этиш, доимий равишда “коррупцияга қарши ички аудит” олиб бориш, қурилиш соҳасида қонуности ҳужжатларини қисқартириш, ноаниқлик келтириб чиқарувчи ёки жисмоний ва юридик шахсларга қўшимча мажбурият юкловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш, вазирлик тизимида Жамоатчилик кенгашининг коррупцияга қарши курашишдаги иштироки ва ролини оширишга кўмаклашиш шулар жумласидан.
Якунда Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Зиёда АШУРОВА
(“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Дзюдо бўйича Тошкент “Катта дубулға” мусобақаси бошланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг