Қурбон ҳайити намози ҳамжиҳатликда ўқилди

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарё вилоятидаги 133 та жоме масжидида 195 мингдан ортиқ юртдошимиз Қурбон ҳайити намозини адо этди.
Воҳадаги намоз ўқилган жоме масжидларнинг имомлари давлатимиз раҳбарининг Қурбон ҳайити муносабати билан мамлакатимизнинг барча мусулмонлари ва Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табриги ҳамда куни кеча футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоамиз Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиб, халқимизга ажойиб байрам совғасини тақдим этгани хусусида алоҳида тўхталдилар.
Хусусан, Термиз шаҳридаги Ҳаким Термизий жоме масжиди ҳам эрта тонгдан юртдошларимиз билан гавжум бўлди. Амри-маъруфда Қурбон ҳайити байрами тарихи, муқаддас ислом дини буюрган ибодатлар, мамлакатимизда ушбу дин ривожи, маънавий қадриятлар юксалиши йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, юртимиздаги фаровон ҳаётнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Халқимиз тинч ва осуда яшаётгани учун беҳисоб шукурлар айтилиб, дуолар қилинди.
— Янги Ўзбекистонимизнинг мўмин-мусулмонлари мустақиллик шарофати, тинчликсевар, халқпарвар Юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли диний байрамларни кўтарингки руҳда қарши олмоқдалар, — дейди меҳнат фахрийси Одил Мўминжонов. — Йўлларимизда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, намозхонларнинг саломатлигини назорат қилиш учун маҳаллий ҳокимликлар, ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш тизимлари ходимлари ва бошқа мутасаддилар беминнат хизмат кўрсатмоқда. Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб, осойишталикда ўқидик.
Сурхондарё вилоятида Қурбон ҳайитини халқимизнинг кўп минг йиллик миллий анъана ва урф-одатларига мувофиқ байрам руҳида ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилди. Улуғ айёмни муносиб кутиб олиш, юқори савияда ўтказиш, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик ғоялари ва миллий қадриятларимизни асраб-авайлаб, улуғлаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Шунга кўра, тарихий обидалар, муқаддас қадамжо ва қабристонлар, маҳалла, кўча-куй ва кўп қаватли уйлар атрофида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, мўмин-мусулмонлар Қурбон ҳайити намозини осуда адо этиши учун масжидлар тартибга келтирилиб, теварак-атроф ободонлаштирилди. Аҳолининг ёнғин, йўл ҳаракати ва бошқа хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Байрам муносабати билан деҳқон бозорларида арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилиб, аҳолига барча қулайликлар яратилди.
Хайр-саховат айёмида вилоятнинг шаҳар ва туманларида кўмакка муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз кексалар, уйда ётиб қолган беморлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, байрам совғалари етказилмоқда.
Воҳа бўйлаб байрам шодиёналари давом этмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг