Қўшработда иккита ўқув маркази очилди

16:54 08 Октябр 2024 Жамият
341 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқанд давлат чет тиллар институти томонидан Қўшработ туманидаги кам таъминланган оила фарзандлари, хорижий давлатларга ишлаш мақсадида кетаётган фуқаролар учун ўқув марказлари ташкил этилди. Мазкур ўқув марказларида институтнинг малакали профессор-ўқитувчилари инглиз, немис ва корейс тилларидан сабоқ беради.

Туман марказида жойлашган 82-умумтаълим мактаби биносидан 5 та хона, Жўшота ҳудудидаги 1-сонли касб-ҳунар мактаби биносидан 5 та хона ўқув марказлари учун ажратилиб, институт маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, жиҳозлар, ўқув адабиётлари, кўргазмали воситалар, замонавий ахборот технологиялари билан таъминланди.

Хорижий тилларни ўқитиш бўйича 2 нафардан инглиз, немис ва корейс тили мутахассислари — 6 нафар малакали педагог-ўқитувчилар бириктирилди. Уларга институт томонидан белгиланган тартибда иш ҳақи тўлаб борилади.

— Туманимизда корейс тилини ўргатадиган ўқув маркази йўқ эди, — дейди 77-умумтаълим мактаби ўқувчиси Моҳина Тошкенбоева. — Бунинг учун Самарқанд шаҳрига боришимизга тўғри келарди. Эндиликда Чет тиллар институти очган марказда корейс тил ўргатилади. Бу биз учун жуда қулай бўлди. Энг муҳими, курслар бепул экан.

Қўшработ туманидаги ўқув марказлари очилиш маросимида Самарқанд вилояти ва Қўшработ тумани ҳокимлиги, Самарқанд давлат чет тиллар институти вакиллари, туманнинг сектор раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда хорижий тилларни ўқитишга, мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бугунги кунда кўплаб ёшлар муайян мутахассисликлар бўйича таълим олиш билан бирга чет тилини ҳам пухта ўрганаётгани, бунинг натижасида дунё кезаётгани, қатор ютуқларни қўлга киритаётгани эътироф этилди.

Бундай ўқув марказлари ёшларнинг хорижий тилларни мукаммал ўрганиши ва нуфузли олийгоҳлар талабалари сафидан жой олишига имконият яратиб, келажагимиз эгаларининг комил инсонлар бўлиб вояга етишига хизмат қилади.

Айни пайтда Қўшработ туманида яшаётган кам таъминланган оила фарзандлари, хорижга ишлашга кетувчи фуқаролар рўйхати шакллантирилиб, улар учун машғулотлар ҳам бошланди.






Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер