Қўшработ туманида “Майиз сайли” фестивали ўтказилди

16:01 06 Октябр 2025 Жамият
204 0

Фестивалда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ўттиздан ортиқ тадбиркорлар, боғбонлар, фермерлар, агросаноат мажмуаси мутахассислари ва экспортёр корхоналар ўз маҳсулотларини намойиш этишди.

Сайлнинг очилиш маросимида вилоят раҳбари Адиз Бобоев Самарқанд майизининг довруғи, халқимизнинг боғдорчилик анъаналарини асраб-авайлаш, серҳосил, майизбоп узум навларини етиштириш, токзорларни суғориш тизимини такомиллаштириш, аҳоли турмуш шароитларини янада яхшилаш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритди.

Қайд этилганидек, Самарқанд вилояти узумчилик бўйича республикамизда етакчилардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда мавжуд майизбоп узумзор майдонлар, уларда етиштириладиган майизнинг 65 фоизи, шунингдек, умумий майиз экспортининг 65 фоизи Самарқанд вилояти ҳиссасига тўғри келади. Вилоятнинг кўплаб ҳудудларида узум етиштирилади. Айни пайтда Қўшработ, Иштихон, Пайариқ, Ургут, Самарқанд, Булунғур ва Тойлоқ туманларида узумчилик аграр соҳанинг асосий сердаромад тармоқларидан бирига айланган, янги ва серҳосил узум навлари яратилиб, хорижга майиз экспорти йил сайин ошиб бормоқда.

“Майиз сайли” фестивали айнан Қўшработда ўтказилгани сабаби шундаки, ушбу туманда етиштирилаётган узум ва майиз маҳсулотларига нафақат юртимиз, ҳатто хорижда ҳам талаб юқори. Бугунги кунда тумандаги 13 минг 900 га яқин томорқа ва деҳқон хўжаликлари 7 минг гектардан ортиқ майдонда узум етиштиради. Бу боғ-токзорлардан ҳар йили 50-55 минг тонна ҳосил олинади ва унинг катта қисми майиз қилинади ҳамда экспортга чиқарилади.

Бир пайтлар фақат чорвачилик билан донг таратган Қўшработда бугунги келиб майизчилик асосий драйверга айланди. Аксарият қўшработликларнинг даромади ҳам майиздан.

Қолаверса, мазкур соҳани тузилмавий асосда ривожлантириш мақсадида Қўшработ тумани базавий туман этиб белгиланган ва “Қўшработ-Агро Стар” МЧЖ ташкил этилган. Унинг фаолияти Иштихон, Ургут ва Хатирчи туманларини ҳам қамраб олади.

Ўзбекистонда 90 минг гектар майизбоп токзорлар мавжуд бўлиб, “Қўшработ-Агро Стар” МЧЖ қамровига кирувчи туманлардаги майизбоп токзорларнинг умумий майдони 32 875 гектарни ташкил қилиб, бу кўрсаткич республиканинг 37 фоизига тўғри келади. Ушбу ҳудудларда ҳар мавсумда ўртача 92 350 тонна майиз етиштирилади, бу республикадаги умумий ҳажмнинг 40 фоизини ташкил этади.

Келгусида Қўшработ туманида замонавий Агросаноат мажмуасини ташкил этиш режалаштирилган. Мажмуа майизбоп узум етиштириш, қуритиш, лаборатория синовларидан ўтказиш, қайта ишлаб қадоқланган шаклда ички ва ташқи бозорга миллий бренд номи билан чиқариш каби босқичларни ўз ичига олади.

“Майиз сайли” фестивали доирасида қишлоқ хўжалиги кўргазмалари, майизчилик йўналишидаги конференция ва анжуманлар ташкил этилди. Конференцияда майизчиликни ривожлантиришга оид долзарб масалалар — замонавий агротехнологияларни жорий этиш, маҳсулот сифатини ошириш, қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва соҳадаги инвестицион имкониятлар муҳокама қилинди.

Тадбирда Қўшработ майизининг ўзига хос хусусиятлари, майиз етиштириш ва қайта ишлаш бўйича илғор тажрибалар тақдимоти ҳамда соҳа ривожига қаратилган истиқболли лойиҳалар намойиш этилди. “Майиз сайли”да туманнинг бой табиати, майизчилик анъаналари ҳамда миллий қадриятлари ўз ифодасини топди.

Фестивалда Адлия вазири Акбар Тошқулов ҳам иштирок этиб, вилоят раҳбари Адиз Бобоевга “Самарқанд майизи” географик кўрсаткич ҳамда Қўшработ тумани ҳокимига “Қўшработ майизи” товар белгиси сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги ҳужжатларни топширди.

Эндиликда майиз бренд сифатида жаҳон бозорида ўз мавқейига эга бўлади. Бу эса Ўзбекистон майизининг дунё бозорида муносиб ўрин эгаллашини таъминлашга хизмат қилади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?