Қорақалпоғистонлик йўлсозларнинг байрам туҳфаси

13:28 25 Август 2025 Жамият
110 0

Аҳоли турмуши шароитини янада фаровон этишда кафтдек текис ва равон йўлларнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Оддий қишлоқдан тортиб катта шаҳарларгача тадбиркор ёки хорижлик инвестор энг аввало, манзилга элтувчи йўлнинг ободлигига қизиқади. Шунга қараб лойиҳа тузади, истиқболини белгилайди. Йўл яхши бўлсагина режалар ҳаётга кўчади. Шу маънода айтиш жоизки, Қорақалпоғистон Республикасида халқаро аҳамиятдаги магистраль йўллардан тортиб, маҳаллалар ичидаги кўчаларгача кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.

—Мустақиллигимизнинг 34 йиллигига муносиб байрам совғасига айланаётган янги йўлларнинг ҳар бир қатламида меҳнат, ҳар бир метрида фидойилик мужассам, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Умрбек Матназаров. — Йўл қуриш — оддий асфальт ётқизиш эмас, балки, юртимизнинг ҳар йиллик иқтисодий ривожига ҳисса қўшиш, одамлар ҳаётини яхшилашга хизмат қилишдир.

Қораўзак ва Беруний туманлари ҳудудидан ўтувчи А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» автомобиль йўлининг 673-698 км (25 км) қисмини Осиё тараққиёт банки иштирокида цемент-бетон қоплама билан реконструкция қилиш белгиланган эди. Шу асосда бугунги кунда бетон қопламасини ётқизиш ишлари олиб борилмоқда.

Умумий қиймати 48,7 миллион доллар бўлган лойиҳа қурилиш ишларининг сифатли олиб борилишида халқаро консалтинг компаниялари жалб этилган бўлиб, ҳозирги вақтда махсус машина механизмлари ва ишчи-мутахассислар сафарбар этилган.

Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2025 йил давомида умумий фойдаланишдаги 464,1 километр йўлларни таъмирлаш учун 413,6 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари режалаштирилган. Шундан, январь-июль ойлари давомида 348,5 километр йўлларда 224 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

Бугунги кунда Инвестиция дастури асосида 3 объектга 102,3 млрд. сўмлик қайта қуриш ишлари амалга оширилиши бўйича шартномалар тузилган бўлиб, ҳозиргача 76,4 млрд. сўмлик қайта қуриш ишлари амалга оширилди.

Мўйноқ ҳамда Беруний туманидаги автомобиль йўлларининг 9 километр қисмида капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича 17,5 млрд. сўм маблағ ажратилиб, ҳозирги кунга қадар ушбу объектларда 8,8 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Бундан ташқари республика ҳудудида 3 та кўприкни қайта қуриш учун 11,6 млрд. сўм маблағ ажратилди. Ҳозирги кунда Чимбой туманида 2 та, Хўжайли туманида 1 та кўприкни қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2025 йил бошидан буён умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш дастури бўйича 58 объектда ва битта кўприкда 324,2 километр йўлларни таъмирлаш ва қурилиш ишларини амалга ошириш назарда тутилган. Ўтган ойлар давомида 298,5 километр узунликдаги автомобиль йўллари таъмирланиб, 54,2 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажарилди.

Бундан ташқари Қорақалпоғистон Республикасидаги автомобиль йўллари ҳудудий бошқармасининг буюртмаси асосида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишлари бўйича 4 та кўприк объектларида 7,7 млрд. сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган. Ҳозирги кунда ушбу объектларда таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, жорий йилнинг дастлабки етти ойида йўлсозларимиз томонидан Қорақалпоғистон Республикасида 251 километр узунликдаги ички хўжалик автомобиль йўлларида таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шундан 124 километри асфальт ва 127 километрида қум-шағал аралашмаси ётқизилди.

Хусусан, Инвестиция дастури доирасида 1 та объект Беруний тумани Абай массивидаги Ургут эркин иқтисодий зонасига олиб борувчи 3 километрлик автомобиль йўлларини қуриш ишлари учун 7,6 млрд. сўм маблағ ажратилиб, ижрочи “Шоббоз тош” МЧЖ қурувчи корхонаси томонидан олиб борилди. “Open budget” 2024 йил 2-мавсуми доирасида 2025 йилга ўтувчи 5 та объектда 1,5 километр узунликдаги 3,3 млрд. сўмлик ички йўлларда асфальтлаш ишлари олиб борилди.

    Драйвер лойиҳалари доирасида 6 та объект 7,4 километр узунликдаги ички йўлларда 5,4 млрд. сўмлик асфальтлаш ишлари олиб борилди.

Шунингдек, “Ташаббусли бюджет”нинг 2025 йил 1-мавсуми доирасида 89 та лойиҳада 109,8 километр узунликдаги объектларда 77,4 млрд. сўмлик ишлар олиб борилди. Шу билан бирга ҳашар йўли билан 127 километр узунликдаги тупроқ йўлларга қум-шағал аралашмасини тўкиш ишлари олиб борилди.

Қорақалпоғистонлик йўлсозлар томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш – айниқса, йўлнинг хавфли бурилиш жойларида ёки баландликлардан ўтадиган қисмларида ҳайдовчилар учун хавфсизликни таъминлайдиган тўсиқлар ва бошқа белгиларни ўрнатиш борасида ҳам бир қатор амалий ишларни олиб боришмоқда.

Жумладан, Нукус шаҳри ҳудудидаги “Нукус кичик айланма йўли”нинг 4-5-километрлари оралиғида 1-тоифали темир тўсиқлар ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу темир тўсиқлар йўлнинг хавфли бурилиш жойларида ёки баландликлардан ўтадиган қисмларида ҳайдовчилар учун хавфсизликни таъминлаш, пиёдаларни ҳимоя қилиш – йўл ёқаларида ҳаракатланаётган пиёдаларни транспорт воситаларининг чиқиб кетиш хавфидан ҳимоя қилади.

Шунингдек, инфратузилмани сақлаш – йўл четидаги иншоотлар ёки табиий тўсиқларни автомобилларнинг зарбаларидан ҳимоя қилади. Транспорт воситалари чиқиб кетишининг олдини олиш – автомобиль йўлдан чиқиб кетганда уни қайтариб юбориш ёки тўхтатиб қолиш орқали оғир аварияларни камайтиради.

Ҳаракатни йўналтириш ва чегаралаш – ҳайдовчиларга йўлнинг қаерда тугаши ёки хавфли ҳудудга яқинлашаётганини кўрсатади, бу орқали эътиборли бўлишларига ёрдам беради.

Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари бош бошқармаси масъуллари берган маълумотларга кўра, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бу борадаги ишлар доирасида 2025 йилнинг ўтган даврида 920 километр узунликда йўл чизиқлари чизилди. Шунингдек, 2 минг 375 дона йўл белгилари янгидан ўрнатилди. Турли аҳамиятдаги йўлларнинг 7 минг 46 метр қисмига 1-тоифали темир тўсиқлар ўрнатилди. Жумладан, Нукус шаҳридаги йўлларга 3 минг 846 метр узунликда 1-тоифали темир тўсиқлар қўйилди.

Бу қилинган хайрли ишлар йўлсозларнинг мустақиллигимизнинг 34 йиллиги байрамига муносиб туҳфасидир. Бинобарин, улар қурган йўллар, кўприклардан фойдаланаётган қанчадан-қанча одамларнинг мушкули осон, манзили яқин бўлмоқда. Бир сўз билан айтганда, кейинги йилларда йўл инфратузилмаси тубдан янгиланди, маҳалла ва қишлоқларда ҳам кенг, равон кўчалар барпо этилмоқда. Буларнинг самараси ўлароқ Оролбўйида нафақат халқаро ва республика аҳамиятдаги, балки ички хўжалик йўллари ҳам замонавий қиёфада бўй кўрсатмоқда.

Ғайрат ОТАЖОНОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?