Қорақалпоғистонда Тадбиркорлар Кенгаши ташкил этилди

19:25 15 Май 2024 Жамият
348 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев қорақалпоғистонлик илғор тадбиркорлар билан учрашди.

Учрашув аввалида Жўқорғи Кенгес Раиси сўнгги йиллари юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, бу борада фақат Қорақалпоғистон учун қабул қилинган қарор ва фармонлар асосида бизнес муҳитини яхшилаш, инвестиция жозибадорлигини ошириш бўйича олдин бўлмаган ўзгаришлар юз бераётганлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш борасида Тадбиркорлар Кенгашини ташкил этиш таклиф этилиб, бир овоздан маъқулланди.

Кенгаш Раиси сифатида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Есмурзаев Жолдасбай Тангатарович сайланди.

Кичик, ўрта ва йирик тадбиркорлар билан яқиндан мулоқотни йўлга қўйиш, тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича тегишли таклифларни ишлаб чиқиш, муаммоларга биргаликда ечим топиш, ёшларнинг ва ташаббускор тадбиркорларнинг Start up лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, тайёр лойиҳаларга инвесторларни жалб қилиш ва инвесторлар учун истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, бизнес туризмини йўлга қўйиш каби муҳим вазифаларни амалга ошириш Тадбиркорлар Кенгашининг асосий мақсади сифатида қаралмоқда.

Албатта, янги Кенгаш тузилиши тадбиркорлик муҳитини яхшилаш баробарида ҳудудда янги иш ўринлари яратилишига замин яратади. Бу эса, Қорақалпоғистон аҳолисининг турмуш фаровонлигини яхшилаш, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш йўлидаги муҳим қадамларнинг бири бўлиши шубҳасиздир.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?