Қорақалпоғистон: янги давр одимлари

10:45 17 Октябр 2025 Сиёсат
196 0

Бундан икки ойча муқаддам Президентимизнинг “Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга биноан, минтақани 2035 йилгача ривожлантиришга қаратилган стратегия белгиланди.

Бу — Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида турган Қорақалпоғистон Республикасини ривожлантиришнинг янги босқичи бошланганидан далолат беради.

Собиқ иттифоқ даврида пахта сиёсатига қарам бўлган юрт маҳзунлик ва забунликка юз тутди. Асрлар давомида мавжланиб, минтақа аҳлига ризқ-рўз улашган Орол қуриди.

Қорақалпоғистон аҳли қора қозонини қайнатиш учун узоқ ўлкаларда мусофир бўлиб, ризқ топишга тутинди.

Ва ниҳоят, 2016 йил 10 ноябрь. Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай туманида бўлиб ўтган сайловолди учрашувида: “Мен нафақат ўзбек халқининг, балки қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман!” деб таъкидлади. Халқнинг дардини тинглади, муаммоларини ўрганди, уларни бартараф этишга сўз берди. Бу минтақа аҳлининг кўнглига чироқ ёқди.

Улуснинг улуғ куни

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайланганидан кейин давлат раҳбари сифатида биринчи ташрифини қорақалпоқ заминидан бошлади. Буни қорақалпоғистонликлар яхши эслайди. Минтақада барча ислоҳотлар мавжига туртки берилди. Улуснинг улуғ кунлари бошланди.

Ўшандан буён қанча ойу йиллар, қанча сувлар оқиб ўтди. Шу вақт оралиғида Президентимиз Қорақалпоғистонга кўп маротаба ташриф буюрди. Ҳар бир ташриф воҳа аҳлининг оғирини енгил қилиш, турмуш тарзини яхшилаш, шаҳар ва қишлоқлар инфратузилмасини шакллантириш ва такомиллаштириш билан боғлиқ бўлди. Бу Президентимизнинг Қорақалпоғистон халқига кўрсатган юксак ҳурмат-эътиборидан далолат беради.

Ўтган қисқа даврда Президент топшириғига кўра, вазирлару қўмита раислари бу ҳудуддаги ҳар бир туман, ҳар бир овулдаги вазиятни атрофлича ўрганди. Ҳатто чекка-чекка қишлоқ ва овулларгача кириб борилди, у ерларда истиқомат қилаётган аҳолининг муаммолари ўрганилиб, уларни ҳал қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилди ва ижроси қатъий назоратга олинди.

Бирор соҳа бўлмадики, давлат эътибори, мутасаддилар назаридан четда қолган бўлса. Тўрткўлдан тортиб Мўйноққача, Бўзатовдан Тахтакўпиру Чимбой, Кегейлию Шуманайга қадар — барча жойда бунёдкорлик ишлари бошланди.

Илгари иш топиш илинжида юрган одамлар юмушли бўлди, уларнинг рўзғорига барака инди. Авваллари қорақалпоқ аҳли учун орзу бўлган, тушларига ҳам кирмаган улкан режалар ҳаётга кўчмоқда бугун. Минтақада мактаблар, мактабгача тарбия муассасаларининг янги бинолари қурилди, янги иш ўринлари яратилиб, қишлоқ ва шаҳарлар инфратузилмалари яхшиланди.

Бугун Қорақалпоғистон, унинг шаҳарларию овуллари буткул янги қиёфага киргани рост.

Овуллардан — замонавий тураржойларгача

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, Қорақалпоғистонда олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами кўзга яққол ташланади. Масалан, 2017 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 17,4 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, бу рақам 2024 йил охирига келиб 45,7 трлн. сўмга етди. Биргина Нукус шаҳрини оладиган бўлсак, бу ерда 91,5 млн. долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.

Албатта, бу рақамлар ортида минтақа аҳлининг тинимсиз меҳнати, орзу-умидлари мужассам. Қорақалпоғистонда қад кўтарган ҳар бир янги завод, ҳар бир ишлаб чиқариш корхонаси Президент орзуси, эзгу ниятлари рўёби сифатида намоён бўлмоқда.

Бу ислоҳотлар, ўз навбатида, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир тумандаги, овулдаги одамлар ҳаётига янгича мазмун олиб кирди.

Нукус шаҳрида Президент мактаби, Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби, Опера ва бахшичилик мактаби, Ички ишлар вазирлиги таркибидаги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи қад ростлади. Давлат эътибори билан Қорақалпоғистондаги умумтаълим мактабларида бошланғич синф ўқувчилари бепул овқат билан таъминланадиган бўлди.

Нукус шаҳрига жануб томондан кираверишда қурилган янги кўприк автомобиль ҳаракатини тартибга солиш, тирбандликларни бартараф этиш билан бирга, шаҳарнинг рамзий дарвозасига айланди.

Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнов халқаро автомагистралининг 652 километрида жойлашган ушбу кўприк ғарбу шарқни бир-бирига боғловчи замонавий инфратузилма объекти саналади.

Нукус шаҳридаги “Саҳро Луври” номи билан машҳур И. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи нафақат Қорақалпоғистоннинг, балки Ўзбекистоннинг ҳам энг бебаҳо хазиналаридан биридир.

Нукус шаҳридаги “Оққуш” мажмуасида қорақалпоқ миллий “Қора уйи”, яъни ўтови Гиннеснинг рекордлар китобига киритилгани шаҳардаги бунёдкорликларга баҳо бўлиб турибди.

Яқин йилларда янгидан барпо қилинган 16 қаватли замонавий тураржойлар, чиройли иморатлар бўй тиклади. Шунингдек, яқинда шаҳар марказида замонавий мажмуа қурилиши бошлангани кўпчиликнинг ҳайратини оширмоқда.

Юксалиш сари шахдам қадамлар билан

Қорақалпоғистон Республика Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотига кўра, 96 та энг муаммоли аҳоли пунктидаги вазият тўлиқ назоратга олинган. Ўз-ўзини иш билан таъминлаш, микробизнес ва ишбилармонлик борасида сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Шу йилнинг дастлабки олти ойи ичида минтақада 11 мингдан ортиқ микролойиҳалар амалга оширилди. Натижада 22 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

— Киндик қонинг тўкилган жойни тарк этиш — оғир қисмат. Олдинлари кўпчилик шундай қилишга мажбур бўлди, — дейди Хўжайли туманидаги кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Тамара Танибергенова. — Чимбой ё Қўнғиротни қўя туринг, Нукусда ҳам аҳвол жуда ночор эди. Ана шундай шароитда фермерлик ҳам машаққатли иш бўлиб қолди. 2017 йил Президентнинг Қорақалпоғистонга келиши барча ғам-ғуссага барҳам берди, биз гўё узоқ уйқудан уйғондик. Эртага хорижга, тузукроқ жойга кетаман, дея тўрвахалтасини тайёрлаб қўйган кишилар ҳам ниятидан қайтди. Ҳатто мен ҳам бир аёлу она, мулкдор сифатида ўша кундан буён ўзимни буткул бошқача ҳис қиладиган бўлдим. Чунки бизга давлат раҳбарининг ўзи далда берди. Илгари дардимизни тингламайдиган раҳбарлар ҳам қучоғини очиб кутиб оладиган бўлди.

Минтақада 2017 — 2024 йиллар оралиғида аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми 8,7 млн. сўмдан 22,6 млн. сўмгача ўсди. Агар илгари қишлоқ хўжалиги минтақа иқтисодиётининг асосини ташкил қилган бўлса, бугунги кунда саноат, туризм ва хизмат кўрсатиш устувор аҳамият касб этяпти.

Саноат сектори 2,5 баравар кўпайди ва барқарор ўсишда давом этмоқда. Хизмат кўрсатиш соҳаси энди минтақа иқтисодиётининг деярли ярмини ташкил қилмоқда. Бу модернизация ва диверсификациянинг умумий тенденциясини акс эттиради. Корхоналар сони қарийб 60 фоизга ўсди — 19,2 мингдан 30,3 минггача. Кичик бизнес, кластерлар, эркин иқтисодий зоналар ва солиқ имтиёзлари тадбиркорлар учун асосий нуқтага айланди.

«Эр ҳам эл биландир, ер ҳам эл билан»

— Бугун Мўйноқ осмонида самолёт учяпти, — дейди мўйноқлик оқсоқол Нурлибой Нуримбетов. — Раҳбарлик курсисида жонкуяр кишилар ўтирибди. Очиғи, улар ҳам ишхонасида эмас, одамлар орасида, эл дарди билан яшаб-ишлаяпти. Буни кўриб яхши кунлар ҳам келаркан-ку, дейсиз беихтиёр. Кечагина иқтисодий жиҳатдан қолоқ ҳисобланган Мўйноқ, Кегейли, Қонликўл туманларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича замонавий корхоналар, тўқимачилик, логистика марказлари, сервис компаниялари очилмоқда. Минглаб одамлар доимий иш топди. Буларнинг барчаси Қорақалпоғистон субсидия минтақасидан “ўсиш нуқтаси”га айланаётганидан далолат беради. Ва бу жараён тезлашмоқда.

Ажиниёз бобо бир пайтлар қўбизини созлаб, “Эр ҳам эл биландир, ер ҳам эл билан”, дея бежиз куйламаган экан. Илгари аросатда қолган Мўйноқ Президентимизнинг алоҳида эътибори туфайли бугун қайта чирой касб этди. Орол денгизининг қуриган тубида Ўзбекистоннинг барча ҳудудидан ёрдамга келган ҳашарчилар кўмагида яшил қопламалар, яъни саксовуллар экилди.

Таваллудининг 200 йиллиги муносабати билан қабрига мақбара қурилиб, руҳига дуолар ўқилган Ажиниёз бобо руҳи бугунги авлодлардан рози бўлган эса, не ажаб!..

Узоқ йиллар эътибордан четда қолиб келган, 2019 йилда қайта ташкил топган Бўзатов туманида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ривожлантириш бўйича қиймати 75,3 млрд. сўмлик 68 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида 600 га яқин янги иш ўринлари яратилди. Бу ерда сўнгги йилларда бутун Ўзбекистон миқёсида ёшлар фестивали ўтказиб келинмоқда. Бу йилги фестивалда ўз юртининг мадҳини куйлаган қорақалпоғистонлик ёш санъаткор қиз биринчи ўрин ғолиби бўлди.

Қалъалар — ўтмиш даракчилари

Қорақалпоғистонда Бутунжаҳон моддий мероси объектлари рўйхатига киритилган қадимий қалъалар, 288 та маданий мерос объекти бор. Тупроққалъа, Aёз қалъа, Қўйқирилган қалъа, Катта Гулдурсун қалъаси, Пир қалъа, Aнқа қалъа, Қўрғошин қалъа, Жонбос қалъа каби ўтмиш даракчилари ҳисобланмиш машҳур обидаларга дунёнинг турли бурчакларидан келаётган сайёҳлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Кўплаб маданий-тарихий, зиёрат, археологик, гастрономик ва туризм йўналишларида турли дастурлар амалга оширилмоқда.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Қорақалпоғистон Республикаси Туризм қўмитаси ва Маданий мерос агентлиги, Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти билан шерикликда “Туризм лабораторияси” очилди.

Беруний туманида жойлашган Султон Увайс бобо, Мўйноқ туманидаги Ҳаким ота — Сулаймон Боқирғоний зиёратгоҳлари, Орол денгизи, Судочье кўли ва Устюрт платосида, “Ақтумсиқ” атрофида туристик мажмуа ташкил қилинди.

Инвестиция лойиҳалари — амалда

Давлатимиз раҳбари нафақат катта шаҳарлар, балки марказдан юзлаб километр узоқликдаги туманлару овулларга ҳам эътибор қаратди. Бунинг натижасида шимолий минтақада 480 дан ортиқ инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш, 13 мингдан ортиқ иш ўринларини яратиш, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачиликдан фармацевтика ва энергетикагача бўлган асосий тармоқларга 2,1 млрд. долларга яқин маблағ жалб қилишни ўз ичига олган кенг қамровли дастурлар бошланиб кетди.

Бугунги кунда Хитой, Германия, Россия, Саудия Арабистони ва Испания давлатларидан келган хорижий инвесторлар иштирокида 124 та лойиҳа ижросига киришилмоқда. Бу Қорақалпоғистонда муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, фойдали қазилмаларни қайта ишлашни кенгайтириш, тегишли тармоқларда замонавий ишлаб чиқаришларни ишга тушириш билан чамбарчас боғлиқ.

— Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида сўзлаган нутқи, АҚШ Президенти билан қилган суҳбати бизга беқиёс Қурур бағишлади, — дейди “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими раиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Турсинбай Абдужабборов. — Бу тарихий воқеалар ҳамон одамлар оғзида, оқсоқоллар тилида. Чунки давлатимиз раҳбари дунёнинг энг нуфузли жойларида учрашувлар ўтказаётган чоғида ҳам юраги туну кун биз билан, хаёлида эл-юрт тинчлиги, фаровонлиги. Қорақалпоғистонга келганида ҳам, бир зум бўлсин, тинмайди, лойиҳалару топшириқлар нима бўлди, яна қандай қулайликлар яратиш керак, дея мутасаддиларга, одамларга юзланади. Юзимиздаги қувончни кўрганда эса янгидан-янги лойиҳаларга куч олади, назаримда. Бу бизга-да беқиёс қувват, далда бермоқда. Нуроний отахон ва онахонлар Президентимизга ташаккурлар айтиб, замонга шукроналар қилмоқда.

Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш масаласи ҳам устувор вазифага айланган. Ушбу соҳада кредитларни қўллаб-қувватлашнинг умумий ҳажми 2,8 трлн. сўмдан ошди, шундан қарийб 900 млрд. сўми давлат дастурлари доирасида ажратилди. Минтақанинг инфратузилмасида ҳам кенг кўламли ўзгаришлар рўй бермоқда. Ўтган саккиз йил ичида қарийб 3000 километр сув таъминоти тармоқлари ва 90 километрдан ортиқ газ қувурлари тортилиб, янгиланди, 5,5 млн. квадрат метрдан зиёд уй-жойлар қурилди, 120 мингдан кўп ўқувчилар учун мактаб ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида 19 минг ўқувчи ўрни яратилди.

Ҳамма нарса инсон учун!

Бугунги кунда ихтисослаштирилган тиббий марказларнинг Қорақалпоғистондаги минтақавий филиалларида 150 турдаги янги технологиялар жорий этилди. Бу беморларни Тошкент ёки хорижга юбормасдан, жойларда амалга оширилаётган юқори технологияли жарроҳлик амалиётларини сезиларли даражада кенгайтириш имконини беради.

Фақат ўтган йилнинг ўзида қорақалпоғистонлик юқори малакали шифокорлар юзлаб ўта мураккаб жарроҳлик амалиётларини, 3 та очиқ юрак операциясини ва 4 та буйрак трансплантациясини сифатли амалга оширишди. Кейинги саккиз йилда оилавий поликлиникалар сони кескин кўпайди, маҳаллаларда юздан зиёд тиббиёт пунктлари очилди. Тўрткўл, Қўнғирот, Чимбой туманларида юрак-қон томир касалликларини даволаш бўйича ихтисослаштирилган марказлар ташкил этилди.

Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнов халқаро автойўлининг Қораўзак ва Беруний туманлари ҳудудидан ўтадиган қисмини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Президентимизнинг кўрсатмаси билан уддаланаётган ушбу лойиҳа доирасида Осиё тараққиёт банки кўмагида қиймати 48,7 млн. доллар маблағ ажратилган.

Яқинда эса Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти Осиё тараққиёт банки делегациясини қабул қилди ва ушбу учрашув чоғида мазкур трассанинг Амударё, Беруний, Элликқалъа ва Тўрткўл туманлари орқали ўтадиган бошқа участкаларида реконструкция ишларини бажариш муҳокама қилинди. Қиймати 233,1 млн. доллар бўлган ушбу лойиҳа деярли 87 километрлик автомобиль йўлини янгилашни ўз ичига олади ҳамда келгусида Қорақалпоғистоннинг транспорт-логистика имкониятини янада кенгайтиради, йўлларнинг ўтказиш қобилиятини оширади, минтақанинг иқтисодий ўсиши учун қўшимча замин яратади. Қолаверса, ишончли ва арзон транспорт тизими нафақат ташиш воситаси, балки одамларнинг ҳаёт сифатига, иқтисодий фаоллик даражасига ва аҳолининг ижтимоий ҳаракатчанлигига бевосита таъсир кўрсатадиган ижтимоий инфратузилманинг муҳим элементидир.

Орол дарди — олам дарди

— Қорақалпоғистон элини бой қилиш, ҳудуднинг юраги, жонию қони саналган Оролбўйини “яшил макон”га айлантириш бу ҳеч бир муболағасиз Президентимиз ташаббуси, — дейди Қорақалпоғистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Маҳмуд Кайпанов. — Ҳудудда чорвачиликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар боис чорва бош сони изчил кўпаймоқда, янгидан-янги фермалар тузилди. Биргина янгидан ташкил этилган Бўзатовда қорамолчиликка қўл урган тадбиркорлар сони уч карра ошди. Орол ўрнида пайдо бўлган қумликка ниҳол қадаш, чўлланишга қарши тура оладиган саксовул ва бошқа экинлар уруғини, ниҳолларини кўпайтиришга киришилгани экологлар, тили билан айтганда, беқиёс мўъжиза. Шу эзгу мақсадлар учун давлатимиз раҳбари маблағни аямади, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси айни чоғда ҳам муттасил давом этмоқда. Чунки саксовул ва бошқа ўсимликлар фаол равишда экилган бўлса, улар қум бўронларига қарши тура олади, тупроқнинг шўрланишига йўл қўймайди.

Дарҳақиқат, Оролбўйининг ўзига хос хусусиятлари туфайли чўл ва шўрланган тупроқларга мослашган ўсимликлар экишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2018 йилда БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондига асос солинди. 2021 йилда “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида” БМТ резолюцияси қабул қилинди. Минтақани молиялаштириш, иқтисодий салоҳиятини ошириш, аҳоли саломатлигини тиклаш, ҳудудда яшил масканлар яратиш мақсадида 14 млн. доллардан ортиқ маблағ ажратилди.

Президентимиз фожиа таъсирини камайтириш, одамлар ҳаётини осонлаштириш мақсадида Оролбўйининг флора ва фаунасини яхшилашга қаратилган 5 йиллик миллий дастур ишлаб чиқиш вазифасини қўйди. Экологлар ва ўрмон хўжалиги мутахассисларига минтақа аҳолиси турмуш тарзини яхшилашга қаратилган ишларни илмий асосланган тарзда давом эттириш, ҳудуд тупроғига мос навлар яратиш, чорвачиликни ривож­лантириш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессияларида, халқаро саммитларда давлат раҳбарларини Орол фожиасини бартараф этиш йўлида ҳамкорлик қилишга чақирди, муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Гарчи Оролнинг қуриган қисмида ўрмонлаштириш тадбирлари ўтган асрнинг 80-йилларида бошланган бўлса-да, келтирилган маълумотларда 40 йил давомида 400 минг гектар майдон ўрмонлаштирилгани қайд этилган. 2018 йилдан эса ўрмонлаштиришнинг янги даври бошланди. Натижада 6 минг тоннага яқин уруғ тайёрланиб, денгизнинг суви қуриган қисмига саксовул, қорабўроқ, қандим, черкез каби чўл ўсимликлари экилди, икки миллион гектарга яқин “Оролқум саҳроси” ўрмонлаштирилди.

Аҳиллигимизга кўз тегмасин

Оролбўйи ҳудудларида жорий йилда ҳам 100 минг гектар майдонда “яшил қоплама” бўй кўрсатади. Мутахассислар маълумотига кўра, Оролбўйида барпо этилаётган яшил ҳудудлар боис келгусида минтақада иқлим мўътадиллашади. Экотизим тикланади, шамол таъсирида қум, туз ва чангнинг ҳавога кўтарилиши камаяди, эрозиянинг олди олинади. Ижтимоий-иқтисодий муҳит барқарорлигига эришилади.

— 77 ёшга кирган бўлсам-да, кунига боболаримдан қолган далани, боғни бир айланиб келмасам, кўнглим жойига тушмайди. Амударёда сув кўпайганини эшитган куним эса қувонганимдан ҳеч кимга кўрсатмай йиғладим. Бу биргина менинг эмас, назаримда, бутун қорақалпоғистонликлар қувончи эди, — дейди оқсоқол Жумамурод Туремуратов. — Бугун қай бир ўзгаришни айтай, қайси туман, қайси овулдаги ҳашаматли саройларни, болалар шодлигидан нурга тўлган истироҳат боғларини тилга олай?! Ахир биз мана шундай қувонишни, яхши кунларни унутаёзган эдик. Фарзандларимиз ҳам бу тупроққа бегоналашаётган эди...

Биласизми, мен учун бу ўзгаришлар тақдирнинг бетимсол туҳфаси. Элимизга бўлган муҳаббати, беминнат хизмати учун Президентимиздан миннатдормиз. Дунёда 200 дан зиёд мамлакатлар бор. Лекин озод, ҳур Ўзбекистонимизни оёққа турғазаётган давлатимиз раҳбари томонидан қорақалпоқ аҳлига кўрсатилаётган тантиликни таърифлашга тил ожиз. Она юртимиз тинч, халқимиз фаровон яшаса, эт билан тирноқ каби оға-инилар, қондошлар аҳил бўлсак, бас.

Орзулар қанотида нурли келажак сари

Яна бир қувонарли ҳолат. Президентимиз қарорига кўра, минтақани 2035 йилгача ривожлантириш бўйича стратегия 5 йиллик батафсил дастур асосида амалга оширилади. Бунинг учун натижага асосланган молиялаштириш тизими (PforR) бўйича 150 — 200 млн. АҚШ доллари миқдоридаги хорижий маблағлар жалб қилинади.

2025-2026 йилларда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини ўртача 6-6,5 фоиз, саноат ишлаб чиқаришини 5-6, бозор хизматларини 15 — 17 фоизга етказиш Қорақалпоғистон Республикасини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгилангани ушбу минтақага истиқболли сармоялар жалб қилинаётганининг амалдаги ифодасидир.

Президентимиз томонидан узоқ истиқболни кўзлаб юритилаётган халқчил сиёсат бугун қорақалпоғистонликларнинг овулларига чирой, хонадонларига нур олиб кирмоқда. Уларнинг оғирини енгил қилиб, кўнгилларини кўтармоқда. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган — шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам — шу халқ. Халқ биздан рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади”. Халқининг орзу-умидлари рўёбга чиқаётган мамлакатда эса ривожланиш, ўсиш ва албатта, юксалишлар бўлиши, шубҳасиз.

Кенесбой КАРИМОВ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси,

Қорақалпоғистон халқ шоири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?