Қонунчиликка сотувчиларни олди-сотди шартномасида кўрсатилган мажбуриятларни ўз вақтида бажаришга ундайдиган нормаларни белгиловчи қўшимча киритилмоқда

15:15 28 Май 2025 Сиёсат
154 0

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига, шунингдек, йод етишмаслиги касалликларини профилактика қилишга ва уларнинг олдини олишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга талон-торож қилганлик, ички ишлар органлари ходимининг ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик учун жазо чораларини кучайтириш, шунингдек, савдо соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, истеъмол бозорини йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга доир чоралар кўриш зарурияти юзага келмоқда.

Шу боис мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги қонунларига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга энергия ресурсларини оз миқдорда талон-торож қилиш ҳамда ички ишлар органлари ходимининг ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари кучайтирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига сотувчиларни олди-сотди шартномасида кўрсатилган мажбуриятларни ўз вақтида бажаришга ундайдиган нормаларни белгиловчи қўшимча киритилмоқда.

Таъкидланганидек, 2024 йилда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига истеъмолчилардан келиб тушган 30 070 та мурожаатларнинг 4 213 тасида сотувчилар томонидан товарлар (автомобиль, маиший техника, тайёр овқат, мебель ва бошқалар)ни келишилган муддатларда етказиб берилмаганлигидан норози бўлган.

Бундан ташқари, биргина автомобиль олди-сотдиси бўйича шартномаларда кўрсатилган муддатларга риоя этилиши тизимли равишда ўрганилганда 5 332 та ҳолатда сотувчилар томонидан автомобилларни етказиб бериш муддатлари бузилиши аниқланган.

Қонун билан олди-сотди шартномасига мувофиқ сотувчи шартномада белгиланган муддатда товарни истеъмолчига етказиб бермаган тақдирда сотувчи кечиктирилган ҳар бир вақт бирлиги (шартномада кўрсатилган дақиқа, соат, кун) учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида истеъмолчига пеня тўлаши, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси топширилмаган товар баҳосидан ошиб кетмаслиги кераклиги аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мамлакатимизда фақат йодланган ош тузи ишлаб чиқарилишини, олиб кирилишини ва реализация қилинишини, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда йодланган туздан мажбурий тарзда фойдаланилишини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ош тузини ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини йодлашга, йодланган тузнинг муомаласига доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини белгилаш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторлар томонидан қонунни қабул қилиниши мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашга, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча ҳуқуқий асосларни яратишга, шунингдек, аҳолининг соғлиғини сақлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?