Қолиб кетса —фалокат, қайта ишланса —даромад

18:54 14 Август 2025 Жамият
138 0

Маиший чиқиндилар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Атиги бир кунда чиқадиган чиқиндилар тўғри бошқарилмаса, табиатга ҳам, инсон саломатлигига ҳам оғир оқибатлар келтиради. Улар тупроққа, сувга ва ҳавога аралашиб, атроф-муҳитдаги экологик мувозанатни бузади, турли аллергиялар, ўпка ва тери касалликлари, ҳатто саратонгача етакловчи хасталиклар хавфини оширади. Шу боис чиқиндиларни қайта ишлашга ривожланган давлатларда энг муҳим экологик масалалардан бири сифатида қаралади.

Андижон вилояти бўйича ҳар куни 2500–3000 тоннагача маиший чиқинди ҳосил бўлади. Бу чиқиндиларнинг қайта ишлаш бўйича ҳозирча 15 та корхона фаолият олиб бормоқда. Улар қоғоз, пластик, полиэтилен, целлофан ва резина маҳсулотларини саралаб, уй-рўзғорда фойдаланиладиган иккиламчи товарлар тайёрламоқда. Тайёр маҳсулотлар ички бозорда сотилиши баробарида Қозоғистон ва Қирғизистон каби қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда. Шунингдек, 1500 тонна чиқиндини ёқиб, 40 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарувчи завод қуриш бўйича ҳаракатлар бошлаган. Завод Хўжаобод туманида барпо этилмоқда ва у ишга тушгандан сўнг камида 100 та хонадонни электр энергияси билан таъминлай олади.

—Бироқ амалга оширилаётган ишлар ҳажми вилоятдаги умумий чиқиндилар тўпланишини ҳисобга олган ҳолда етарли эмас,—дейди меҳнат фахрийси Шаробиддин Асқаров. —Бугунги кунда қайта ишлашга жалб этилаётган чиқиндилар миқдори 4 фоиз атрофида, холос. Ҳар куни чиқадиган 2500–3000 тонна чиқиндидан бор-йўғи 100–120 тоннаси қайта ишланмоқда, қолгани эса полигонларга ташланади ёки бошқа шаклда йўқ қилинади. Тасаввур қилинг, ҳар куни тахминан 2700 тонна чиқинди қайта ишланмасдан қолиб кетяпти. Бу нафақат иқтисодий йўқотиш, балки табиий муҳит учун тўғридан‑тўғри таҳдид ҳисобланади.

Маҳаллий мутахассисларнинг фикрича, қайта ишлаш кўрсаткичини 50 фоизга етказиш учун камида яна 8–10 та юқори қувватли, замонавий ускуналарга эга корхоналарни ташкил этиш талаб қилинади. Бу корхоналарни қуриш учун сармоядорларга янада кенг имкониятлар, жумладан, “экосаноат зоналари”, техника ва ускуналар импортида божхона имтиёзлари, давлат-хусусий шериклик асосида ер ажратиш ва ресурс тақдим қилиш механизмлари ишлаб чиқилиши лозим.

— Аввал чиқиндиларни йиғишнинг ўзи муаммо эди,—дейди меҳнат фахрийси Абдуллажон Исматов. — Ҳозир қайта ишлашни ҳам ўрганяпмиз. Бир пайтлар мен хизмат қилган заводда ҳам темир ва пластмасса қолдиқларини қайта ишлаш бўлими бор эди. Бугунги кунда заводларда бундай имкониятлар мавжуд эмас. Шу боис тадбиркорларга қулай шароит яратиш лозим. Токи улар ишлаб чиқариш кўламини оширсинлар. Бусиз илож йўқ! Ахир, ўзингиз ўйланг, чиқиндиларнинг аксарият қисми юз йилдан минг йилгача бўлган муддат ичида чиримайди ва бу давр мобайнида атрофга зарар етказади, холос. Шунинг учун уларни маълум бир жойга кўмиб ташлаш масаланинг ечими ҳисобланмайди. Хўш, ривожланган мамлакатларда бу борада қандай натижалар бор? Масалан, Германияда маиший чиқиндиларнинг тахминан 67 фоизи қайта ишланади. Жанубий Кореяда 80 фоиздан ошган. Швейцарияда алюминий каби материаллар 90 фоизгача қайта ишланади. Бразилияда эса алюминий банкалар 98 фоизга қайта ишланади.

Хулоса қилиш мумкинки, чиқиндини кераксиз нарса эмас, ресурс сифатида кўра олган мамлакатлар экологик хавфни камайтириш билан бирга иқтисодий самара ҳам олишга эришяпти. Афсуски, бизда ҳозирча бундай ёндашув оммалашмаган. Шунинг учун бу борадаги вазифаларни шакллантириш долзарб вазифа ҳисобланади.

Масалага тўғри ёндашилса чиқинди муаммо эмас, балки хазинанинг бир тури эканлигига амин бўламиз. Уни ресурсга айлантириш, табиат ва инсон саломатлигини асраш, иқтисодиётга қўшимча қувват беришнинг имкони бор. Эндиликда чиқиндиларни қайта ишлашда янги инновацияларни жорий этиш вақти келди. Ана шу йўл билангина, биз мамлакатимизнинг экологик барқарорлигини таъминлай оламиз.

Саминжон ҲУСАНОВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер