Қишда жонланган тарих

12:54 19 Декабрь 2025 Жамият
181 0

Андижон шаҳри марказидаги “Қалъа” мажмуаси ўз вақтида ҳарбий эҳтиёжлар учун қурилган бўлса-да, бугун у ўтмишнинг энг оғир саҳифаларини ўзида жамлаган тарихий хотира сифатида намоён бўлади. 1880–1881 йилларда Россия империяси ҳарбий маъмурияти томонидан барпо этилган ушбу иншоот шаҳар ва атроф ҳудудлар устидан назоратни таъминлашга хизмат қилган. Қалъа деворлари ичидаги казармалар, омборхоналар ва хизмат бинолари унинг фақат ҳарбий мақсадда қурилганини яққол кўрсатади.

“Қалъа” 1898 йилда Дукчи Эшон бошчилигидаги қўзғолон билан боғлиқ фожиали воқеаларнинг ҳам гувоҳи бўлган. Қўзғолон бостирилганидан кейин бу ҳудуд жазо ва қатағон маконига айлантирилган. Қалъа ичидаги ягона қудуқдан сув чиқмагани сабабли, қатл этилган андижонлик қўзғолончиларнинг жасадлари айнан шу ерга ташланган. Бу фожиали ҳақиқат 1985 йилда олиб борилган таъмирлаш ишлари чоғида қудуқдан инсон танасига оид суяклар топилгани билан яна бир бор тасдиқланган.

Мажмуа ҳудудидаги зиндон ҳам ўша давр муҳитини англашда муҳим аҳамият касб этади. У дастлаб ҳарбийлар учун гауптвахта сифатида қурилган бўлса, кейинчалик қўзғолон иштирокчиларини сақлаш жойига айлантирилган. Бугун бу ерда ўрнатилган асирлар ҳайкаллари ўтмишдаги руҳий босим, қатағон ва изтиробли муҳитни ҳис этиш имконини беради.

Ҳозирда “Қалъа” музей ихтиёрига ўтказилган. У ерда андижонлик рассомларнинг асарлари, шунингдек, ўша давр рус армиясига тегишли бўлган ҳарбий жиҳозлар, кийим-кечаклар ва қурол-аслаҳалар сақланмоқда.

Беихтиёр савол туғилади: бир вақтлар мустамлакачилик армиясига хизмат қилган бу иншоот бизга бугун керакми? Жавоб эса аниқ — керак! Чунки “Қалъа” қандай мақсадда қурилганидан қатъи назар, у орқали тарихни яширмасдан, борича англаш мумкин. Ана шу маънода, ушбу мажмуа Андижондаги эътиборга молик тарихий макон сифатида асраб-авайланиши ва кейинги авлодга етказилиши лозим.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер