Қатарда илк маротаба “Uzbekistan Tech Conference” бўлиб ўтди
Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида “Web Summit Qatar” халқаро технология конференцияси доирасида муҳим воқеа — “Uzbekistan Tech Conference” бўлиб ўтди. Рақамли технологиялар вазирлиги ва ИТ Парк ҳомийлигида Ўзбекистон Республикасининг Қатардаги элчихонаси, “Uzinfocom” ва “Uzum” компаниялари билан ҳамкорликда ташкил қилинган ташаббус IT соҳасидаги кўплаб хорижий вакиллари эътиборини тортди.
Конференция ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича шериклик алоқаларини ўрнатиш ва мамлакатни янги IT-аутсорсинг маркази сифатида танитиш учун маҳаллий компанияларни жаҳон бозорида рағбатлантиришга қаратилган эди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Қатардаги элчиси Ашраф Хўжаев, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов, IT Park бош директори ўринбосари Жаҳонгир Ражабов, шунингдек, “Uzum” компаниясининг операцион директори Роман Лаврентев маърузачи сифатида қатнашдилар.
Мутахассислар Ўзбекистоннинг глобал ишбилармонлик соҳасидаги рақобатбардош устунликлари ҳақида гапириб, ёш ва иқтидорли ишчи кучини таъкидладилар ва мамлакатимизда ўз ваколатхоналарини очишга қарор қилган компаниялар учун яратилган истиқболларни тақдим этдилар.
IT Park тармоғидаги стартаплар — “Tass Vision”, “Sarmo” ва “TopBrains” каби IT-компаниялар раҳбарлари иштирокидаги панель сессияси тадбир қатнашчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Улар Ўзбекистонда IT-бизнесни юритиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, мамлакатимизда соҳанинг жадал ривожланиши ҳақида гапириб беришди.
Тадбир якунлари бўйича Қатардаги IT ва BPO компаниялари вакиллари Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарини очишга катта қизиқиш билдиришди. Бундан ташқари, улар 18-20 март кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган “Offshore Outsourcing Tour” тадбирида иштирок этиш ниятида эканликларини билдирдилар.
Улар орасида IT Park резидентларининг маҳсулотлари, стартап ва лойиҳаларини алоҳида таъкидлаб, уларга сармоя киритишга қизиқиш билдирган “Invest Qatar” ташкилоти ҳам бор. Қатарнинг “Tez Katar” ва “Meeza” каби дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўйича таниқли компаниялари Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарини очиш истагини билдиришди.
Компаниялар эътиборини тортган асосий жозибадор омиллар қаторидан ҳукуматнинг IT ва аутсорсинг соҳаларини ривожлантиришга қаратаётган эътибори, шунингдек, “Zero Risk” ва “Regional Headquarters” каби турли хил IT Park қўллаб-қувватлаш дастурлари ўрин олган. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёнинг қоқ юрагидаги стратегик жойлашуви унинг жаҳон инвесторлари учун жозибадорлигини янада таъкидлайди.
“Ўзбекистон ва Қатар ўртасида ривожланиб бораётган дипломатик муносабатлар нафақат давлатлараро ҳамкорликнинг пойдевори, балки ахборот технологиялари соҳасида ҳам ўзаро ривожланиш катализаторига айланиб бормоқда. Бугунги кунда, муваффақиятли ташаббуслар фонида яқин ҳамкорликка интилиш ҳар икки мамлакатнинг IT соҳасини ривожлантиришда ўз самарасини бераётганини кўрмоқдамиз. Бу эса рақамли технологиялар соҳасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини жадал ривожлантириш ва мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлашга қодир эканлигининг ёрқин намунасидир”, — деди вазир ўринбосари Рустам Каримжонов.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг