Қашқадарё вилоятининг ишга солинмаган энг катта захираси, бу – унинг суғориладиган, яйлов ва ўрмон ерлари – Президент

Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда ҳудуднинг ишга солинмаган энг катта захираси, бу – унинг суғориладиган, яйлов ва ўрмон ерлари эканини таъкидлади.
Мисол учун, Қашқадарёдаги суғориладиган қишлоқ ерлари 515 минг гектарни, томорқа ва боғдорчилик ерлари 45 минг гектарни ташкил қилиб, республикада биринчи ўринда. Ёки, вилоятда 1,3 миллион гектар яйлов ва ўрмон ерлари мавжуд. Бунча ер билан бутун республиканинг гўштга эҳтиёжини бемалол қопласа бўлади.
Ўтган йили вилоят қишлоқ хўжалигида 43 триллион сўмлик маҳсулот яратилди.
«Агар илм билан ресурс ва салоҳият тўлиқ ишга солинса, кўчати, уруғи, экин экишга янги агротехнологиялар жорий қилинса, сув ва энергия тежамкор технологиялар кенг қўлланилса, бу рақамни беш йилда бемалол 100 триллион сўмга олиб чиқиш мумкин», деди Президент.
Вилоятдаги 1,3 миллион гектар яйлов ва ўрмонлардан самарали фойдаланиш, уларга инвестициялар жалб қилиб, ерларни айланмага киритиш ва лойиҳа қилиш учун алоҳида компания ташкил қилиниб, унга акциядорлик жамияти мақоми берилади.
Унга дастлабки босқичда 100 миллион доллар берилади. Компаниянинг ўзи ҳам 500 миллион доллар инвестиция олиб келади. Бу маблағлар ҳисобига компания икки йилда вилоятдаги камида 200 минг гектар яйлов ва ўрмон ерларига сув чиқариб, лазерли текислаб, сув тежовчи технологиялар жорий қилади.
Миракида 520 гектар қир-адирда янги терраса усулида ташкил қилинган, 4-5 ойда мева берадиган узум, гилос ва олма боғлари компанияга методик база бўлади.
Йиғилишда шунингдек, Қашқадарёда чорвачиликни комплекс ривожлантириш дастури бошланиши маълум қилинди.
Чорвачилик учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 12 ойгача 14 фоизли кредитлар ажратилади. Бу орқали вилоятдаги 127 та чорвадор тўлиқ қувватга чиқади.
Ери ҳам, фермаси ҳам мавжуд бўлган 630 та чорвадорга мол сонини 12 минг бошга кўпайтириши учун арзон ресурслар ажратилади.
Мутасаддиларга халқаро молия институтларидан жалб қилинган 150 миллион доллар ҳисобидан ушбу лойиҳаларни молиялаштиришни бошлаш топширилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг