Қашқадарё вилоятида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилмоқда

11:45 25 Декабрь 2025 Жамият
227 0

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Туйчиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, дарахтлар экиш ва парваришлаш, «яшил белбоғлар»ни барпо этиш борасида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди.

Хусусан, ишчи гуруҳ Қарши ва Кўкдала туманларида амалга оширилган ишларни кўздан кечирди.

Қарши тумани «Керайит» МФЙ ҳудудида 1,0 гектар майдонда ҳамда Кўкдала тумани «Бегламиш» МФЙ ҳудудида ўрмон хўжаликлари томонидан «Менинг боғим» лойиҳаси доирасида 0,8 гектар майдонда «Яшил боғ» ташкил этилиб, 1000 тупдан ортиқ манзарали кўчатлар парвариш қилинмоқда.

Кўкдала туманида Хитой технологияси асосида 26 та замонавий типдаги иссиқхона ташкил этилиб, ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос интенсив ниҳоллар етиштириш йўлга қўйилган.

Қарши Кўкдала йўналишидаги йўлнинг ҳар икки томонида жами 40 км масофада 80 минг дона ҳар хил турдаги манзарали кўчатлар экилиб, иҳота дарахтзорлари барпо этилган.

Дарахтзорларни суғориш учун 8 та артезиан қудуқ қазилиб, 2000 м/кубли сув ҳовузлари орқали томчилаб суғориш тизими йўлга қўйилган.

Ишчи гуруҳ кўчатларни агротехник талабларга мос равишда экиш, уларни парваришлаш (суғориш), касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш тадбирларини тўғри ташкил этишга қаратилган керакли тавсиялар берди.

Ҳудудлардаги ўрганишлар давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер