Қашқадарё вилояти маҳаллаларида хавфсиз муҳитни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш ишлари ўрганилди

22:37 16 Октябр 2025 Сиёсат
219 0

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуратов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилояти маҳаллаларида жиноятчиликнинг олдини олиш, хавфсиз муҳитни таъминлаш, ижтимоий профилактика тизимини кучайтириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди.

Ўрганишлар давомида аҳоли иштирокида очиқ мулоқотлар ўтказилиб, профилактик ишларнинг самарадорлиги, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва жамиятдаги масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, «маҳалла еттилиги» тизимидаги идоралараро ҳамкорлик механизми ўрганилиб, муаммоларни жойида ҳал этиш амалиёти таҳлил қилинди.

Жумладан, «қизил тоифа»га киритилган Қарши шаҳридаги «Карликхона», Китоб туманидаги «Нурафшон», Қарши туманидаги «Пахтазор», Косон туманидаги «Юқори Оброн» ва Шаҳрисабз шаҳридаги «Пиллакашлик» маҳаллаларида аҳоли билан учрашувлар ташкил этилди. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар сабаблари ўрганилиб, уларнинг олдини олиш бўйича манзилли чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Шунингдек, Китоб деҳқон бозори, «Янги кеч» деҳқон бозори, «Ерқурғон» бозори ва қатор савдо мажмуаларининг фаолияти ўрганилиб, бозор инфратузилмасини рақамлаштириш орқали шаффофликни таъминлаш, маиший коррупция ҳолатларининг олдини олиш ҳамда тадбиркорлар учун қулай муҳит яратиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Ишчи гуруҳ томонидан маҳаллаларда ижтимоий профилактика ишларини янада кучайтириш, «маҳалла еттилиги» аъзоларининг ҳамкорлигини самарали мувофиқлаштириш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича тегишли мутасаддиларга таклиф ва тавсиялар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер