Қарийб 40 фоиз ўзбекистонлик ўтган йилда умуман пул жамғара олмади

11:29 30 Июнь 2025 Иқтисодиёт
138 0

Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 40 фоизи ўтган йилда умуман пул жамғармаган. Бу ҳақда Марказий банк томонидан Осиё тараққиёт банки кўмагида ўтказилган тадқиқот натижаларида маълум қилинди.

Миқдорий сўров 2025 йил январь—февраль ойларида мамлакатнинг 6 та ҳудудида ўтказилган бўлиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Фарғона, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳридан жами 1200 нафар респондент иштирок этган.

Тадқиқот қатнашчиларининг таркибига кўра, уларнинг 45 фоизи қишлоқ ҳудудларида, 55 фоизи эса шаҳарларда яшайди. Иштирокчиларнинг ёши бўйича тақсимоти: 58 фоизи 45 ёшгача, 24 фоизи эса 46—60 ёш оралиғида. Жинси бўйича эса респондентларнинг 60 фоизи аёллар, 40 фоизи эркаклар ҳисобланади. Таълим даражаси бўйича эса 15 фоизи олий маълумотли, 33 фоизи умумий ўрта, 45 фоизи ўрта махсус маълумотга эга бўлган.

Бундан ташқари, сифатли тадқиқот 2024 йил ноябрь—декабрь ойларида Хоразм, Андижон, Сурхондарё, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ўтказилган. Фокус-гуруҳ шаклида ташкил этилган ушбу тадқиқотда 198 нафар фуқаро, жумладан 75 нафар аёл, 42 нафар ёшлар ва 32 нафар қишлоқ аҳолиси иштирок этган.

Тадқиқот учун танлаб олинган ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасига кўра — аграр, саноат, кам ривожланган ва шаҳар маркази каби кўрсаткичлар асосида белгилангани айтилмоқда. Маълумотлар «Эксперт фикри» ижтимоий-иқтисодий ва маркетинг тадқиқотлари маркази томонидан юзма-юз суҳбатлар орқали тўпланган.

Тадқиқот натижалари Ўзбекистонда пул жамғариш хулқ-атвори ҳудуд, таълим даражаси ва бандлик ҳолатига қараб сезиларли фарқланишини кўрсатган. Хусусан, респондентларнинг 39 фоизи ўтган йилда умуман пул жамғармаганини билдирган. Тошкент шаҳрида сўнгги 12 ой ичида маблағ йиғмаганлар улуши 25 фоизни ташкил этган бўлса, Қорақалпоғистон Республикасида бу кўрсаткич 54 фоизга етган.

Таълим даражаси бўйича ҳам фарқлар яққол кўзга ташланган. Жумладан, фақат 8-9-синф маълумотига эга бўлганлар орасида пул жамғармаслик кўрсаткичи 53 фоизни ташкил этган. Олий маълумотлилар эса бу борада анча фаоллик кўрсатган. Талабалар энг фаол жамғарувчилар сифатида қайд этилган бўлса, нафақахўрлар орасида сўнгги бир йилда умуман жамғармага эга бўлмаганлар улуши 46 фоизни ташкил этгани маълум қилинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер