Қалъажиқ — сайёҳлар учун жозибадор ҳудудга айланди
Фото: Халқ сўзи
Манбаларда қадимий Хоразм ҳудудида, Амударёнинг ҳар икки соҳилида 12 минг қалъа-қўрғонлар бўлганлиги ёзиб қолдирилган. Шулардан юзга яқини ҳозиргача сақланиб қолган бўлиб, бугунги кунда 18 та тарихий қалъа давлат муҳофазасига олинган.
Ана шундай қадимий қалъалардан бири — милоддан олдинги 4 асрда барпо этилган Қалъажиқ қалъасидир. Боғот тумани ҳудудида жойлашган ушбу қалъа нотўғри тўртбурчак шаклига эга ва умумий майдони 6 гектарни ташкил этади. Қалъа ёнида жойлашган шифобахш тузли кўл ҳар йили фақат ёз фаслида — саратон чилласида 40 кунча шифо истаб келган юртдошларимиз билан гавжумлашади. Оёқ, қўл ва бел оғриғига чалинган кишилар кўлнинг шифобахш сувида чўмилиб, қум ваннаси қабул қилишади.
Археологик, тиббий ва экотуризмни ривожлантириш учун жуда қулай шароит ҳамда имкониятлар бўлишига қарамай ушбу тарихий маскан йиллар мобайнида эътибордан четда қолиб келган эди. Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини юксалтириш борасида бошланган хайрли ташаббуслар туфайли Қалъажиқда ҳам қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга киришилди. Натижада ўтган икки йил ичида ҳудуд қиёфаси тубдан ўзгариб, қалъа атрофидаги ташландиқ майдон ва асрий қумликлар ўрнида эртакмонанд шаҳарча пайдо бўлди.
Қалъа атрофидан ажратиб берилган 153 гектар асрий қумликлар ўрнида саёҳатчилар учун миллий услубдаги меҳмонхоналар, ресторан, ўтовлар ва чўмилиш ҳавзалари қурилиб ишга туширилди. Айни пайтда дам олувчилар учун ёпиқ бассейн, сиҳатгоҳ қурилиши давом этмоқда. Шу тариқа бу ерда экотуризмнинг қум барханлари бўйлаб туяда сайр қилиш, сунъий кўлларда балиқ овлаш каби турли йўналишлари йўлга қўйилди.
— Туркия, Озарбайжон ва бошқа хорижий давлатларда хизмат сафарларида бўлиб туризм инфраструктурасини барпо этиш борасидаги илғор тажрибаларни ўрганиб қайтдик, — дейди тадбиркор Гулшан Отажонова. — Шу асосда Қалъажиққа ташриф буюрадиган хорижий ва маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатиш бўйича бизнес режамизни ишлаб чиқдик. Хивадаги Чодра ҳовли меъморий обидаси тархи асосида баландлиги 16 метр бўлган 4 қаватли бино барпо этилди. Унда музей, меҳмонхона ва энг тепасида теварак атрофни томоша қилиш учун очиқ айвон мавжуд.
Кўл атрофида эса сайёҳлар дам олиши учун замонавий совитиш ва иситиш тизимларига эга 20 тадан ортиқ ўтов тикланди. Бундан ташқари, барча қулайликларга эга 50 ўринли меҳмонхона, автомобиллар турар жойи, балиқ ови ишқибозлари учун сунъий кўл саёҳатчилар хизматига мунтазир.
Шунингдек, дам олиш масканида амалга оширилаётган бошқа лойиҳаларда сайёҳларни қум барханлари йўналишида туяларда, отларда сайр қилдириш, замонавий қайиқларда сув ҳавзалари бўйлаб саёҳатлар ўрин олган. Гастрономик туризм билан боғлиқ янгиликлар ҳам узоқ яқиндан ташриф буюрган меҳмонларни бефарқ қолдирмайди.
— Денгиз соҳилларидаги имкониятлари билан сайёҳларни жалб этадиган мамлакатларга қиш фаслида саёҳат қилиб бўлмайди, — дейди латвиялик сайёҳ Наурис Ёнасс. — Ўзбекистонда эса йилнинг тўрт фаслида ҳам томоша қиладиган ва дам оладиган гўзал масканлар, бетакрор тарихий ёдгорликлар бор. Мен Қалъажиқ қалъасида биринчи марта бўлишим, бу эртакнамо шаҳарча менга жуда ёқди. Айниқса баландликдан туриб кузатсангиз бепоён саҳро кенгликлари инсонга ўзгача кайфият бағишлайди.
Ўтган йили Қалъажиқ қалъаси ёнида мўъжазгина кино шаҳарчаси ҳам барпо этилди. Кино шаҳарчада илк бор шоир, файласуф, кураги ерга тегмаган полвон Паҳлавон Маҳмуд ҳаёти ва ижодига бағишлаб “Хива лангари” бадиий фильми суратга олинмоқда.
Маълумки, ўтган асрнинг 70-80 йилларида ўзбек ва ҳинд киноижодкорлари ҳамкорлигида яратилган “Али бобо ва қирқ қароқчи”, “Севги афсонаси” каби фильмлар ўзбек киносининг олтин фондидан жой олган. Ушбу фильмларни тасвирга олишда қатнашган таниқли ҳинд кинорежиссёри Умеш Меҳра Қалъажиқ қалъаси ёнида барпо этилган кино шаҳарчада бўлиб, ижодий ҳамкорлик бўйича келгуси режалар белгилаб олинди.
Ишонамизки, бу масканда яна кўплаб киноасарлар суратга олинади ва кўҳна Қалъажиқнинг туризм марказларидан бирига айланишига хизмат қилади.
Одилбек ОДАМБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг