Путин ва Трамп учрашадиган жой маълум бўлди. Улар муҳокама қиладиган мавзуларчи?
Фото: Reuters
Жорий ҳафта, 15 август, жума куни Аляскада Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Дональд Трампнинг учрашуви бўлиб ўтади. Бу икки давлат ўртасидаги тўрт йил ичида биринчи олий даражадаги саммит. Шу билан бирга, иштирокчилар таркибига оид қарама-қарши маълумотлар ҳамон эълон қилинмоқда. Хусусан, Украина президенти Владимир Зеленскийнинг музокараларда иштирок этиши ҳамон номаълум. Шунга қарамай, Россия раҳбари ва унинг энг яқин иттифоқчилари ўртасидаги кўплаб телефон суҳбатлари музокараларда мумкин бўлган ўзгаришлардан далолат бермоқда ва Украинадаги можарога барҳам беришнинг аниқ шартлари оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлмоқда. Путин ва Трамп ўртасидаги учрашув ва бўлажак музокаралар кун тартиби ҳақида нималар маълум? Қуйида шулар хусусида.
Путин ва Трамп учрашувининг санаси ва жойи ҳақида нималар маълум?
Шу йилнинг 8 август куни “FoxNews” телеканали Владимир Путин ва Дональд Трамп 11 август, душанба куниёқ Римда музокара ўтказиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Владимир Зеленский саммитни Италияда ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлади, бироқ Россия буни номақбул деб ҳисоблади. Россия оммавий ахборот воситаларининг тушунтиришича, расмийлар Европа давлатларини бундай учрашувлар ўтказиладиган жой деб ҳисобламайди.
“Бундай тадбирни ташкил этишда бизга ёрдам беришга тайёр бўлган кўплаб дўстларимиз бор”, — деди Владимир Путин бу мавзудаги хабарга изоҳ тариқасида.
Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари, Венгрия ва Швейцария оммавий ахборот воситаларида учрашув ўтказиш мумкин бўлган жойлар сифатида кўрсатилди.
Бироқ, 9 август, жумадан шанбага ўтар кечаси Трамп “TruthSocial” ижтимоий тармоғида Путин билан музокаралар 15 август, жума куни АҚШда, Аляска штатида бўлиб ўтишини ёзди.
Бу маълумотни Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳам тасдиқлади. Унинг қўшимча қилишича, келгусида яна икки томонлама саммит ўтказилиши мумкин, униси Россияда бўлади. “Таклифнома аллақачон АҚШ президентига етказилган”, — дейди у.
Бироқ йиғилиш иштирокчиларининг таркиби ҳали тасдиқланмаган. “CBS News” телеканалининг АҚШнинг юқори мартабали мулозимига таяниб хабар беришича, Зеленский иштирок этиши мумкин.
“Зеленский қандайдир тарзда саммитда иштирок этиши эҳтимоли ҳали ҳам мавжуд”, — дейилади манбада.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг қайд этишича, икки томонлама учрашув дастлабки ютуқларга эришилган тақдирдагина самарали бўлади.
Нима учун Аляска?
Путин Аляскага ташриф буюрган биринчи Россия раҳбари бўлади. Шу билан бирга, ҳатто АҚШ президентлари ҳам у ерга тез-тез ташриф буюришмайди. Шу пайтгача Аялскага борган охирги АҚШ президенти Барак Обама ҳисобланади. Бу воқеа 2015 йилда юз берган.
Умуман статистика маълумотларига кўра, америкаликларнинг 12 фоизи Аляскага келган
Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, Алясканинг танланиши бежиз эмас: Россия ва АҚШ ўртасидаги чегара шу ердан ўтади ва Арктикадаги икки давлатнинг иқтисодий манфаатлари кесишади.
“Россия ва Қўшма Штатлар яқин қўшнилар, бир-бирига чегарадош. Ва бизнинг делегациянинг оддийгина Беринг бўғози орқали учиб ўтиши жуда мантиқий туюлади” — дейди Ушаков.
Ўз навбатида, Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси директори Кирилл Дмитриев Аляскани саммит учун идеал жой деб атади.
“АҚШ ва Россия бир-биридан атиги 3,8 километр масофада жойлашган – бу Диомед ороллари орасидаги масофа халқаро сана чизиғи билан бўлинган — бирида тун эди, иккинчисида — кун”, — дейди у.
АҚШга аввалги ташрифлари чоғида Путин Нью-Йорк, Техас, Мериленд, Жоржия ва Мейн штатларида бўлган. У бу мамлакатга охирги марта 2015 йил сентябрида, БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаганида борган эди.
Дмитрий Медведев президентлик даврида Гавайи, Нью-Йорк ва Питсбургга ташриф буюрган.
Совет даврида Никита Хрушчев, Алексей Косигин ва Леонид Брежнев АҚШга ташриф буюришган. Михаил Горбачёв бу мамлакатда уч, Борис Ельцин беш марта бўлган.
Учрашувда нималар муҳокама қилиниши кутилмоқда?
“Bloomberg” агентлиги хабарига кўра, Россия ва АҚШ аллақачон Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув шартларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳозирги фронт чизиғи бўйлаб можарони музлатишни ўз ичига олади.
Нашрнинг ёзишича, Россия аллақачон босиб олинган ҳудуд, шунингдек, ҳозирда Украина Қуролли кучлари тасарруфидаги Донецк ва Луганск халқ республикалари қисмлари устидан назоратни сақлаб қолиши мумкин.
Ҳужжатда, шунингдек, Россия Ғарб ОАВлари олдиндан башорат қилган Запорожье ва Херсон вилоятларига кейинги ҳужумлардан бош тортишни ҳам назарда тутади.
“Бундай натижа узоқ вақтдан бери АҚШ билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб боришга интилаётган Украина ва унинг Европадаги иттифоқчиларини иккинчи ўринга суриб қўйган Путин учун катта ғалаба бўлади”, — дея таъкидланади нашр мақоласида.
Кейинчалик бу маълумотни “Axios” портали, жумладан, АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткоффга таяниб тасдиқлади. Украина ва бир қатор Европа давлатлари, журналистларга кўра, ташаббусларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлган.
Украина Трампнинг шартларига қандай муносабатда бўлди?
“РБК-Украина” хабарига кўра, Владимир Зеленский ўт очишни тўхтатишни қўллаб-қувватлашга ва битим тузишга тайёр. Шунингдек, Украина томони ўт очишни тўхтатиш режимига, жумладан, “ҳаво сулҳига” риоя қилишга тайёрлиги маълум қилинган.
“Биз ҳаводами ёки умуман олганда сулҳни қўллаб-қувватлаймиз”, — деган украиналик юқори мартабали манба анонимлик шарти билан.
Нашрнинг таъкидлашича, Россия ҳам келишувга эришиш учун муросага тайёр.
“Strana.ua” нашрининг ёзишича, айни пайтда Украинада эҳтимолий имтиёзлар масаласи фаол муҳокама қилинмоқда.
Бироқ, 9 август, шанба куни эрталаб Владимир Зеленский Украина ҳеч қандай ҳудудни Россияга ўтказа олмаслигини айтди.
“Украина ҳудудий масаласига жавоб Украина Конституциясида аллақачон мавжуд. Бундан ҳеч ким четга чиқа олмайди... Биз Россияга қилган иши учун мукофот бермаймиз”, — дейди Владимир Зеленский.
Шу билан бирга, у “тинчлик олиб келиши мумкин бўлган ҳақиқий қарорлар”га тайёрлигини тасдиқлаб, улар Украина иштирокида қабул қилиниши кераклигини таъкидлади.
“Ва барчамизга одамлар ҳурмат қиладиган ҳақиқий, тирик тинчлик керак. Биз Президент Трамп билан барча шериклар билан биргаликда ҳақиқий ва энг муҳими, мустаҳкам тинчлик учун ҳаракат қилишга тайёрмиз”, — дея қўшимча қилган Украина етакчиси.
Ўз навбатида, Зеленский Путин ва Трамп саммити бўлиб ўтадиган Аляскани Украинадан “жуда узоқ” деган.
Украинлар Россия билан музокаралар ҳақида қандай фикрда?
Америка жамоатчилик фикри институти — “Gallup”нинг июль бошида ўтказган янги сўровига кўра, минтақа ёки демографик гуруҳдан қатъи назар, Украина аҳолисининг барча қатламлари ўртасида ҳарбий ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш муттасил камайиб бормоқда.
Яъни 69 фоиз украиналиклар можарони музокаралар йўли билан тезроқ тугатилиши, 24 фоизи эса жанговар ҳаракатлар давом этиши тарафдори эканини билдирган.
Шу билан бирга респондентларнинг аксарияти фаол ҳарбий ҳаракатларни эрта тугатиш эҳтимолига шубҳа билан қарашади.
Учдан икки қисмидан кўпроғи (68 фоиз) можаро келаси йил ичида тугаши даргумон деб ҳисоблайди. Ҳар тўртинчи (25%) бу бир йил ичида содир бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.
Яна ким Россия ва Украина ўртасида воситачи бўлишга тайёр?
Беларусь президенти Александр Лукашенко АҚШ, Россия ва Украинага воситачилик хизматларини таклиф қилди. У Минскда музокаралар ўтказишга тайёрлигини билдириб, шу билан бирга Дональд Трампнинг тинчликпарварлик йўлини танқид қилган.
“Бу иш бундай қилинмайди: “Келдим, 50 кун бердим”. Бу Эрон эмас, у ерда учта бомба ташлаб ва кейин хабар бериладиган: “Бўлди, мен буни бошқа қилмайман. Келинглар, йигитлар, сулҳ тузамиз”. Учрашиш керак, гаплашиш керак” — Александр Лукашенко.
Унинг фикрича, музокаралар кўп босқичли бўлиши керак:
биринчи босқичда — Россия — АҚШ саммити ва 50 кунлик ҳаво сулҳи;
иккинчи босқичда — Украинанинг музокараларда иштирок этиши ва тўлиқ ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш;
учинчи босқичда — Россия ва Украина ўртасида баъзи мунозарали масалаларни ҳал қилишни келажакка кечиктириш имконияти билан тўлақонли тинчлик шартномасини имзолаш.
“Учалингиз қаердадир йиғилинг. Трамп, Путин биринчи куни келишиб, Зеленскийни таклиф қилинг. Биринчи куни Россия — АҚШ муносабатлари ҳақида, иккинчи куни эса бу муаммо ҳақида гаплашинг” — дея қўшимча қилади Беларусь президенти.
“Time” журнали журналисти Саймон Шустер Александр Лукашенкони Россия ва АҚШ ўртасида амалда воситачи деб атади. Унинг сўзларига кўра, сиёсатчи АҚШ томонига маслаҳат беради ва Трамп маъмуриятига Путин билан ўзини қандай тутиш кераклигини “шивирлайди”.
“Белорусь орқали яширин музокаралар тарихи Украинанинг таслим бўлишининг дебочаси бўлиши мумкин” — дейди Саймон Шустер.
Путин Виткофф билан учрашгандан кейин яна ким билан гаплашди?
Стив Виткоффнинг ташрифидан сўнг Владимир Путин бир қатор телефон мулоқотлари ўтказди. Жумладан у Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев ва Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса билан мулоқот қилди.
Путин ўз суҳбатдошларига Виткофф билан учрашув натижалари, жумладан, Россия ва АҚШ ўртасидаги кейинги ҳамкорлик режалари ҳақида маълумот берди.
Хитой мамлакатлар ўртасидаги мулоқотнинг ривожланишини бевосита олқишлади.
“Хитой Россия ва Қўшма Штатлар алоқаларни давом эттириши, муносабатларни яхшилаши ва Украина инқирозини сиёсий йўл билан ҳал қилишга ёрдам бераётганидан хурсанд”, — деди Цзиньпин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг