Самарали дипломатия мактаби

12:10 21 Январь 2026 Сиёсат
188 0

Президентимизнинг ташқи алоқаларга доир ташаббуслари туфайли Ўзбекистон халқаро сиёсатнинг янгича моделини яратмоқда

Айни вақтда дунёда мисли кўрилмаган тебранишлар юз бермоқда. Яқиндагина ўзгармас ва гўё келгуси ўнйилликлар учун ҳам кафолатлангандек бўлиб туюлган қоидалар энди бошқача тус олмоқда. Можаро ҳамда қарама-қаршиликлар эса кибертаҳдид ва ноаниқликлар сабаб кучайиб боряпти. Давлатлар бундай мавҳумликни технологияларнинг шиддат билан ўсиши, сунъий интеллектнинг тўлқинли равишда жорий этилиши мисолида ҳис қилмоқда. Маҳсулот етказиб бериш занжирлари узиляпти, илгари самарали ишлаб турган транспорт йўлакларидан фойдаланиб бўлмай қолди. Глобал иқтисодиёт эса борган сари “домино эффекти”га дуч келиб, маҳаллий миқёсдаги инқирозлар бирдан халқаро инқирозга айланмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида бугунги кунда дунёда яқин-яқингача ҳеч ким тасаввур қила олмаган ўзгаришлар содир бўлаётганини, давлатлар ўртасида иқтисодий қарама-қаршилик, хавфсизликка таҳдидлар ортиб бораётган таҳликали бир вазият юзага келганини алоҳида қайд этиб ўтгани бежиз эмас.

Бундай янги воқелик фонида ҳатто энг юқори халқаро минбарлардан ҳам хавотирли хабарлар янграмоқда. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш дунёдаги етакчиларни қаттиқ танқид қилиб, улар халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузган ҳолда халқаро ҳамкорликни ажал ёқасига олиб келаётганини айтди. Бош котиб ўзининг йиллик ҳисоботида 2026 йилга мўлжалланган устуворликлар ҳақида гапирар экан, аниқ бир давлатларни санаб ўтмаган бўлса-да, дунё “геосиёсий бўлинишлар ва халқаро ҳуқуқнинг мисли кўрилмаган бузилиши” туфайли парчаланаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, халқаро ҳамжиҳатлик ҳар қачонгидан ҳам зарур бўлган бир шароитда давлатлар ҳамкорликка ва унга сармоя киритишга тайёр эмаслигини намоён этмоқда.

Шундай шароитда энг йирик халқаро ташкилотларнинг роли ҳам сезиларли даражада пасайди. Улардаги таъсир воситалари замонавий таҳдидларнинг олдини олиш ва уларга ўз вақтида эътибор қаратишга ожизлик қилмоқда. Давлатларнинг тинчлиги омонат бўлиб қолди. Янгиликлар тасмасида кўрсатилганидек, кўчалардаги тартибсизликлар эса деярли об-ҳаво маълумотига ўхшайди. Дунё харитасида барқарорлик ва тараққиёт ҳукм сураётган минтақани топишнинг ўзи амримаҳол бўлиб қолди. Бундай манзарани кузатган одамларда дунё гўёки ақлдан озгандек таассурот уйғотмоқда.

Инсониятга донишмандлик, чидам ва ўзини қўлга олиш қобилияти, тўғри сўзни айтиш ва ундан ҳам муҳими — суҳбатдошини тинглаш, ўз манфаатларини илгари суришда бошқаларга зиён етказмаслик сингари хислатлар етишмай қолдими деб ўйлаб қоласан, киши. Роботлар ва космик технологиялар даврида сиёсатчилар, “тақдирни ҳал қилувчилар” гўё тенг шароитларда ҳамда ўзаро манфаатли мулоқот олиб бориш, бошқалар фикрини ҳам ҳурмат қилиш, келишувчанликка тайёр бўлиш каби қадриятларни унутиб қўйишгандек.

Бебаҳо ҳисса

Айнан ана шундай ташвишли, қарама-қаршиликлар шароитида бизнинг мамлакатимиз глобал ҳамжамиятнинг эътиборини тобора кўпроқ ўзига жалб этмоқда. Маълумки, жаҳонда турли давлатларнинг тарихи, географияси, иқтисодиёти ва сиёсий маданиятини акс эттирувчи дипломатия мактаблари юзага келган ва улар тан олинган. Булар — инглиз, немис, француз, хитой, рус, япон, америка, турк мактаблари ва бошқалардир. Айни пайтда эса кейинги тўққиз йилда шаклланган Марказий Осиё дипломатия мактаби ҳақида гапириш вақти келди. Агар унинг энг асосий шартли тамойилини айтмоқчи бўлсак, у шундай ибора шаклида бўлиши мумкин: “Ҳамма билан дўстлик — ҳеч кимга тобе бўлмаслик”. Унинг бош ташаббускори, ғоявий илҳомчиси ва сиёсий меъмори, ҳақли равишда, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдир.

Кейинги йилларда глобал сиёсатда у ёки бу етакчи нечта қуролли тўқнашувни тўхтатишга эришганини санаш урфга кирмоқда. Агар мана шу мантиққа асосланадиган бўлсак, ҳеч шубҳа йўқки, Президентимиз Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида тез-тез юз бериб турган тўқнашувларни тўхтатиб, уларнинг ярашиб олишига ҳал қилувчи ҳисса қўшди. Мабодо, аҳвол шундай давом этаверганида, у нимага олиб келиши мумкинлигини тасаввур қилмай қўяқолган яхши эди.

Яқинда қўшни давлат Президенти Садир Жапаров ўзининг фаолияти ҳақидаги фильмда Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларни тартибга солишдаги роли тўғрисида батафсил сўзлаб берди. Унинг эслашича, 2021 йил апрелида қирғиз — тожик чегарасида бўлган тўқнашувдан сўнг ўзининг яқин доирасидаги мансабдорлар, хусусан — Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг қаршилигига қарамай, Эмомали Раҳмон билан Душанбеда музокара ўтказган. Лекин ўн соат давом этган музокара ҳам ҳеч қандай натижа бермаган.

Ана шундай самарасиз музокаралардан кейин, Қирғизистон ўз армиясини кучайтира бошлади, Туркиядан учувчисиз аппаратлар ҳам сотиб олди. 2022 йили навбатдаги тўқнашувдан кейин маълум бўлдики, икки давлатнинг армиялари бир хил, тенг кучга эга экан. Вазият шундай қалтис ҳолатга келдики, унда бутун минтақа учун ўта хавфли, оқибатини олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган ҳодисалар юз бериши мумкин эди.

Садир Жапаров Тожикистон билан келишувга эришишда Шавкат Мирзиёевнинг ҳиссаси катта бўлганини айтиб ўтди. У эътироф этганидек, Ўзбекистон Президенти ҳар икки қўшни мамлакат раҳбарларини вақтни ўтказмасдан ўзаро келишувга рози бўлишга ундади.

Шунга ўхшаш баҳони Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев ҳам берди. У Шавкат Мирзиёевни Марказий Осиё давлатларини бир-бирига яқинлаштирувчи раҳбарлардан бири, деб атади.

— Президент Шавкат Мирзиёев доим қирғизлар ва тожиклар ўзаро келишиб олиши, чегарадаги тўқнашувларни тўхтатиши кераклигини, агар можаро давом этаверса, бизларга бирорта сармоядор ҳам, сайёҳ ҳам келмаслигини айтарди, — деди Қирғизистон ТИВ раҳбари. У Ўзбекистон раҳбарининг қўшни Тожикистон билан кўп йиллар давом этаётган чегара масаласидаги баҳсларни ҳал этишдаги ролини таъкидлар экан, Шавкат Мирзиёев минтақа хавфсизлиги, барқарорлиги йўлида ўзаро келишув сари боришни таклиф қилганини айтиб ўтди.

Барчамиз яхши эслаймиз, 2025 йил мартида Хўжанд шаҳрида учрашув бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёевнинг тинчликпарвар саъй-ҳаракатлари туфайли Садир Жапаров ва Эмомали Раҳмон икки мамлакат ўртасидаги Давлат чегараси тўғрисидаги шартномани имзолади. Улар орасидаги чегарада 2021 йилдан буён ёпиқ бўлиб турган иккита назорат-ўтказиш пунктининг фаолияти тикланди. Бишкек билан Душанбе ва Хўжанд орасидаги авиаташувлар ҳам яна йўлга қўйилди. Ўша ойнинг ўзида, уч давлат раҳбарларининг Хўжанд шаҳридаги учрашувида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида уч томонлама шартнома имзоланди. Чегаралар кесишган жойда етакчилар томонидан Дўстлик стеласи тантанали равишда очилди.

Маросимда Шавкат Мирзиёев мазкур шартнома барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга, бутун минтақанинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Қачондир бизни ажратиб турган чегаралар энди дўстлик ва ҳамкорлик кўпригига айланиши айтилди. Бу сўзлар минтақавий сиёсатда янги давр бошланганини англатади — шундай даврки, унда харитадаги чизиқлар ажратувчи эмас, балки манфаатларни бирлаштирувчи чизиқ бўлади.

Айни пайтда халқаро экспертлар томонидан Марказий Осиё сифат жиҳат­дан янги трансформацияни бошидан кечираётгани тўғрисида айтилмоқда. Ва бу бежиз эмас: “Маслаҳат учрашувлари минтақани ўзгартирмоқда — у аввалги тарқоқликдан ягона сиёсий-иқтисодий маконга айланмоқда”, деб ёзади Бельгиянинг “EUReflect” нашри. Таъкидланишича, 2018 йилдан буён мунтазам ўтказилиб келинаётган давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақавий ҳамкорлик архитектурасини том маънода қайтадан ишга туширди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилдаёқ таклиф этилган ушбу формат ташаббусдан минтақадаги кучлар балансини ўзгартирувчи механизмга айланди.

Сўнгги етти йилнинг асосий натижаси шундаки, минтақа бир неча ўн йиллар давомида илк бор ягона сиёсий ва иқтисодий макон сифатида ҳаракат қилишни бошлади. Илгари мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар кўпинча муаммоли ва қарама-қарши кечган бўлса, энди биринчи ўринга ишонч, прагматизм ва умумий манфаатлар чиқди. Бундай ўзгариш Марказий Осиёнинг ички барқарорлигини кучайтирди ва ташқи шериклар — йирик давлатлар ва халқаро ташкилотлар олдида унинг қадр-қимматини кўтарди. Минтақа мамлакатлари энди бешта алоҳида давлат эмас, балки ўз кун тартибини белгилайдиган ва уни халқаро майдонда ҳимоя қила оладиган геосиёсий тузилма сифатида кўрилмоқда.

Мулоқотнинг институционаллашуви шунга олиб келдики, саммитлар энди тарқоқ учрашувлардан барқарор сиёсий институтга айланди ва унда хавфсизлик, савдо, энергетика, сув захиралари каби қатор масалалар бўйича ёндашувлар келишиб олинади. Шунга мос равишда президентлар ўртасидаги муносабатлар бўйича ҳам янги даража шаклланмоқда, бу эса — ҳукуматдан эксперт доираларига қадар барча даражадаги ҳамкорликни ривожлантиришга туртки беради. Ишончнинг мустаҳкамланиши минтақавий хавф-хатарларни камайтирди, натижада инвестиция­вий жозибадорлик ошиб, минтақа ичидаги савдо-сотиқ ўсмоқда. Хусусан, эндиликда қўшма лойиҳалар сари юзланиш янада яққол акс этмоқда. Бунда энергетика коридорлари, транспорт, “яшил” энергетика ва иқлим бўйича дастурлар ривожланишига йўл очилмоқда.

Шу маънода, 2025 йилдаги саммит кескин бурилиш ясади. Озарбайжоннинг расман бу форматга тўлақонли аъзо сифатида қўшилиши уни янада кенгайтирди ва стратегик аҳамиятининг ошишига хизмат қилди — энди мазкур формат Марказий Осиё билан чегараланмайди. Бу эса минтақанинг транспорт ва энергетик салоҳиятини кучайтирди, Каспий денгизи орқали чиқадиган йўналишларни кенгайтирди ва унинг Евроосиёдаги таъсир доирасини мустаҳкамлади.

Проактив ёндашув

Жаҳон тарихида шундай даврлар бўлганки, сармоядорлар ўз маблағини йўналтириш учун муносиб мамлакатларни излашган. Капитализмнинг “олтин асри”да ҳам шундай бўлган, ке­йинроқ эса — Буюк депрессиядан олдинги даврда ҳам: бўш пул маблағларини самарали сарфлаш имкониятини қидиришган. Шунга ўхшаш даврлар кейин ҳам учраган, фақат қисқароқ муддатга мўлжалланган. Лекин 2008 йилда, жаҳон миқёсидаги молиявий инқироз даврида хавф-хатарлар жуда кучайди. Ундан сўнг эса коронавирус пандемияси ва Covidдан кейинги йиллар компанияларни, бизнесни бошқача мантиққа ўргатди, яъни бу шароит янада эҳтиёткорроқ бўлишга, асосланган хулосалар чиқаришга, ҳиссиётга берилмаслик ва ҳисоб-китобни жуда пухта олиб боришга одатлантирди. Бошқача айтганда, ҳозир сармояларни жалб қилиш учун нафақат жозибадор бўлиш, балки ишончни қозона олиш ҳам керак.

Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон дипломатияси ана шундай янги шароитларни ҳисобга олади. У тобора кўпроқ ютуқлар ва мақтов қоғозларни тўплашга эмас, сармоянинг сифати, ундан кутилаётган натижага қаратилади. Биринчи навбатда, ташқи сиёсат ютуқлари тўғридан-тўғри фуқаролар ҳаётини яхшилаш имконини бериши лозим. Айнан шунинг учун ҳам Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатга тегишли ташаббус ва саъй-ҳаракатларига нисбатан кўп ҳолларда “проактив” деган тушунча қўлланилмоқда. Проактив ёндашув муаммо ва имкониятларни олдиндан кўра билишдир, у — воқеа-ҳодисаларни кутиб ўтириш ёки юзага келиб бўлган хавфларга муносабат билдиришдан фарқли ўлароқ мақсадга эришиш учун мустақил равишда ҳаракат қилиш, дегани. Замонавий дунёда айнан шу йўл билан тараққиёт учун жуда зарур бўлган сармояларни, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга керак бўладиган янги экспорт бозорларини топиш мумкин. Шунингдек, бусиз транспорт йўлакларига чиқиш ҳам қийин. Сармоялар бўлмаса, мамлакат, албатта, савдодан узилиб қолади. Четда, изоляцияда қолиш эса халқаро сиёсатда жуда қимматга тушади.

Очиқлик сиёсатини, прагматик дипломатияни давом эттириш ҳақидаги тезис Президентимиз раислигида яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида аниқ-равшан белгилаб берилди. Бу йиғилиш Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналаримизнинг фаолиятига тегишли масалаларга бағишланди. Давлатимиз раҳбари мазкур учрашув жаҳонда кескин геосиёсий ўзгаришлар бўлаётган, давлатлар суверенитетига хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган мураккаб бир пайтда ўтаётганини қайд этди. Шу муносабат билан бундай шароитда ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятни танқидий муҳокама қилиб, Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар ишини янгича ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари қайд қилганидек, ташқи сиёсат борасида 2025 йил кўп жиҳатдан натижадор бўлди. Йил давомида 26 та хорижий давлатга олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди, янги тарихимизда илк бор қатор давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифлари уюштирилди. “Марказий Осиё плюс” форматидаги кўп томонлама мулоқотлар сермаҳсул бўлди. Сўнгги йилларда 11 та давлат билан стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 19 тага етди, Қозоғистон, Озарбайжон ва Тожикистон билан иттифоқчилик муносабатлари йўлга қўйилди.

— Очиқ, прагматик, пухта ўйланган ва ташаббускор ташқи сиёсатимиз натижасида Ўзбекистон глобал тинчлик ва дипломатия марказларидан бирига айланиб бормоқда, — деди Президентимиз.

2017 йилдан буён хорижий давлатларда 16 та янги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари очилиб, уларнинг сони 60 тага, дипломатик алоқа ўрнатилган давлатлар сони эса 165 тага етди. Элчихоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналар штатлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг иш ҳақи оширилгани қайд этилди. Ушбу тадбирлар ташқи сиёсий инфратузилмани тизимли қайта қуриш элементлари бўлди.

— Шавкат Мирзиёев сиёсати янги имкониятларни очувчи аниқ йўналишларга асосан қурилмоқда: халқаро алоқалар географияси муттасил ўсиб бормоқда, уларнинг мазмуни эса чуқур ва амалий тус олмоқда. Шу фонда Марказий Осиё аста-секин “чекка ҳудуд” бўлишдан тўхтаб, транспорт, энергетика ва инвестициялар соҳасида нуфузи ортиб бораётган Евроосиёнинг мустақил бўлагига айланиб бормоқда. Айнан Ўзбекистон бугунги кунда минтақани янги энергия ва маъно билан тўлдирган ҳолда ушбу жараёнга жадал суръат бермоқда, — деб ҳисоблайди Анқара инқирозлар ва сиёсат тадқиқотлари маркази раҳбари, профессор Меҳмет Сейфеттин Эрол.

Замонавий дунёда дипломатия бизнесга йўл очади. У эса кейинчалик маблағни иқтисодиётга йўналтиради, иш ўринлари яратади, солиқ тўлайди ва технологиялар келтиради. Давлатимиз раҳбари хорижий сафарлари давомида бизнес-форумларда иштирок этишга, шунингдек, ишбилармон доиралар, молиявий муассасалар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказишга алоҳида эътибор бериши бежиз эмас. Ташқи сиёсатнинг иқтисодиётга тегишли қисми энди иккинчи даражали эмас. У ташқи сиёсатнинг ядросига айланди.

Видеоселектор йиғилишида айтилганидек, элчилар учун улар фаолият юритаётган давлатлардан экспорт тушумлари, туристлар оқими ҳамда ушбу мамлакатларга қонуний меҳнат миграцияси самарадорлик мезони бўлиши лозим. Иқтисодий дипломатияни кучайтириш орқали экспорт ва инвестиция ҳажмини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Ҳеч шубҳа йўқки, Ўзбекистон етакчиси — бу ишни қандай йўлга қўйишда ўрнак кўрсатадиган инсон. Кейинги пайтларда давлатимиз раҳбарининг тажрибасини бошқа мамлакатларга ёйиш ҳақидаги чақириқлар бўлмоқда.

— Айтмоқчиманки, бутун дунё Президент Шавкат Мирзиёевдан сармояларни қандай жалб қилиш ва инвесторлар билан ишлашни ўрганиши керак. Бу нафақат энергетикага, балки мамлакат иқтисодиётининг барча соҳаларига тегишли, — деган эди “AKWA Power” компанияси бошқаруви ҳамраиси, Ўзбекистонда энергетика лойиҳаларини амалга оширувчи Саудия арабистонилик инвестор ва тадбиркор Муҳаммад Абунайян.

Унинг фикрича, инвесторлар Ўзбекистон раҳбарига муваффақиятли фаолият юритишга шароит яратиб бергани ҳамда ишчанлик муҳити учун миннатдорлик билдириши керак. Яна у ўзбекистонликларни ислоҳотлар ва кенг кўламли янгиланиш учун фахрланишга даъват этди. Негаки, ҳар қайси мамлакат ва унинг етакчиси ҳам бундай кенг кўламли янгиланишни таъминлашга қодир эмас.

— Мен тез-тез хорижда бўламан ва доим Ўзбекистонни мисол қилиб келтираман. Албатта, бу мамлакатга боришга, у ерда яратилган инвестицион муҳит билан танишишга чақираман, — деди у.

Ташқи сиёсат соҳасидаги фаоллик сезиларли натижалар берди. 2025 йилда икки томонлама ва кўп томонлама тадбирлар доирасида Ўзбекистон билан умумий суммаси 160 миллиард долларга тенг бўлган инвестициявий лойиҳалар ва савдо шартномалари бўйича келишувлар имзоланди. Тарихда илк бор ташқи савдо айланмаси 80 млрд. доллардан ошди, экспорт 33,5 млрд. долларга етди, хорижий инвестициялар ҳажми 43 млрд. доллардан зиёд бўлди. 75 та давлатга қилинган экспорт деярли 4,5 млрд. долларга кўпайди. Бу кўрсаткичлар ташқи сиёсат қандай қилиб иқтисодий тараққиёт билан тўғридан-тўғри боғлиқ ҳолда ишлашини намоён этиб турибди.

Ишонч ва ҳурматга асосланган мулоқот

Албатта, ҳали қилинадиган ишлар кам эмас. Шу нуқтаи назардан, элчиларга Яқин Шарқ, Европа, Осиё ва Африка давлатлари йўналишларида экспортни кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, кимё, тўқимачилик, иссиқхона ва хизматлар соҳаларида аниқ лойиҳалар билан ишлаш вазифалари қўйилди. Янги истиқболли экспорт йўналиши сифатида Африка қитъаси билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш зарур.

— Ҳозирги шароитда элчи дегани фақат сиёсий мулоқот юритувчи шахс эмас. Элчи — инвестиция ва технология олиб келадиган, янги экспорт бозорларини очадиган, транспорт-логистика йўлакларини ишга соладиган, туристлар оқимини кўпайтириб, қонуний меҳнат миграцияси учун шароит яратадиган, энг асосийси, фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган давлат вакилидир, — деди Президентимиз.

Элчихоналар ва консулликлар фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда фаол бўлиши, ҳар бир ҳолат бўйича малакали юридик ёрдам кўрсатиши шартлиги таъкидланди. “Кабинет дипломатияси”дан воз кечиб, жойларда ишлаш, ватандошлар билан бевосита мулоқотга киришиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Швейцария, Хитой, Япония ва Сингапурдаги элчилар билан биргаликда дунёдаги “TOП — 100”таликка кирувчи етакчи хорижий олий таълим муассасаларини Ўзбекистон олийгоҳларига ҳамкор сифатида жалб этиш бўйича аниқ чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.

Шу туфайли ташқи сиёсат янада аниқроқ гуманитар ва таълимий кўринишга эга бўлади, бусиз эса узоқ муддатли ривожланиш ҳақида гапиришнинг имкони йўқ.

Президентимиз аниқ йўналишлар ҳақида сўзлар экан:

— Энди янгича руҳда ишлайдиган, аниқ натижаларга эришаётган, Ўзбекистон манфаатларини халқаро миқёсда қатъий ҳимоя қиладиган дипломатлар даври келди, — деб айтди.

Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги саъй-ҳаракатлари ва ютуқлари хориждаги таҳлилий чиқишларда ҳам эътироф этилмоқда.

— Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда 2016 йилдан буён олиб борилаётган трансформация жараёни кўп томонлама хусусияти, фаоллиги, тинчликсеварлиги, ўзаро манфаатли ҳамкорликка асослангани ва очиқлиги билан ажралиб туради. Кўп векторли дипломатия ва иқтисодий дипломатия Ўзбекистонни халқаро майдонда намунали давлатга айлантирди. Сайёҳлик ва маданият туфайли Ўзбекистон тамаддунлараро мулоқотга фаол хизмат қилади, шунингдек, ўзининг позициясини глобал ҳамкорлик ва тинчлик йўлида платформа сифатида мустаҳкамлайди, — деб ёзилди Покистондаги “The Gulf Observer и The Europe Today” нашрининг “Ўзбекистондаги трансформацияларнинг ўн йиллиги” сарлавҳали мақоласида.

Экспертлар фикрича, ўтган йил Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий позициясини мустаҳкамлаш йили бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида бу давлат очиқ, прагматик, фаол ва ташаббускорона ташқи сиёсат олиб борди. Ҳамма Марказий Осиёдаги муҳим ўзгаришларнинг гувоҳи бўлди. Хусусан, бу — Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида тинчлик шартномасининг имзоланиши бўлиб, унда Ўзбекистон асосий воситачи сифатида катта роль ўйнади.

Покистон ОАВда қайд этилганидек, мамлакатимиз бутун дунё бўйлаб шериклик алоқаларини шакллантирган ҳолда юқори даражада самарали ташқи сиёсатни ривожлантира бошлади. Бугун Ўзбекистон АҚШ, Хитой, Европа Иттифоқи, Туркия, Яқин Шарқ ва дунёнинг кўплаб давлатлари диққат марказида. Ушбу барча акторлар Ўзбекистон билан ҳамкорликни кучайтиришга интиляпти, чунки мамлакат глобал инқирозлар авж олаётган замонда ишончли шерик сифатида намоён бўлмоқда.

Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар, айниқса, ҳозирги глобал хавотир ва турбулентлик шароитида ҳам ажралиб турибди. Дунё куч ишлатиш, ультиматум ва санкциялар қўйиш каби воқеликлар билан тўлиб-тошган бир пайтда бизнинг давлатимиз мулоқот, ишонч ва прагматизмга асосланмоқда. Баъзи давлатларда халқаро ҳамкорлик эскирган усул, деб эълон қилинаётган бир пайтда Ўзбекистон ўзининг мустақилликни ҳурмат қилиш, ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш ва барқарор тараққиётга эришиш каби танловларга асосланган ҳолда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

Балки шаклланиб бораётган ўзбек дипломатиясининг энг асосий қадрияти ҳам шундадир. Бу дипломатия шуни намоён этмоқдаки, ҳатто глобал тебранишлар, технологик сакрашлар ва геосиёсий парчаланишлар даврида ҳам бир тамойил ҳамиша талабгир ва самарали бўлиб қолади — у ҳам бўлса, ўз давлатинг манфаатлари йўлида мулоқотни йўлга қўйиш маҳоратидир.

Дунё бугун жуда мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. У тобора муросасиз ва хавфли бўлиб бормоқда. Халқаро ҳамкорлик чуқур таназзулга юз тутган. Ўзбекистон эса, аксинча, унга ўз минтақасида ҳаётбахшликни қайтармоқда. Шу маънода, Ўзбекистон ва давлатимиз етакчисининг дипломатияни вайронкорлик эмас, балки яратувчанлик воситасига айлантириш тажрибаси дунё мамлакатлари ва тарих учун ибрат мактабига айланмоқда.

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?