Путин Истанбулга келмайди. Музокаралар ҳақида нима маълум?

17:31 15 Май 2025 Дунё
384 0

Иллюстратив фото

Бугун, 15 май куни Истанбулда Россия ва Украина делегациялари ўртасида 2022 йилдан буён илк марта тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.

Кремль Россия президенти Владимир Путиннинг Истанбулдаги музокараларда иштирок этишини рад этди. Россия президенти томонидан тасдиқланган делегацияга унинг ёрдамчиси Владимир Мединский бошчилик қилади.

Музокаралар Туркия илтимосига кўра куннинг иккинчи ярмига қолдирилган. Аввалига Владимир Зеленский Анқарада Режеп Таййип Эрдоған билан учрашади. «Sky News» хабарига кўра, шундан кейингина у музокаралар бўйича якуний қарорни қабул қилади.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путиннинг Туркиядаги музокараларда иштирок этишини рад этди. «Йўқ», деб жавоб берди у «Путин музокаралар учун Истанбулга келадими ёки йўқми?» деган саволга.

Шу билан бирга, «Sky News» телеканали Украина маъмуриятидаги манбаларига таяниб, Украина президенти Владимир Зеленский туркиялик ҳамкасби Режеп Таййип Эрдоған билан бугунги учрашувдан сўнг Россия билан музокаралар бўйича қарор қабул қилишини маълум қилди.

Дастлаб ТАСС агентлигининг манбаси учрашув Долмабахче саройида Москва вақти билан соат 10:00да бошланишини хабар қилди. Украина томони бу маълумотни рад этди, шундан сўнг «РИА Новости» ҳам манбага таяниб, Истанбулдаги музокаралар тахминан тушликдан кейин бошланишини маълум қилди.

Кеча кечқурун Кремль Россия делегацияси таркибини ошкор қилди. Путиннинг фармонига мувофиқ, унга президент ёрдамчиси Владимир Мединский раҳбарлик қилади. Мединскийдан ташқари асосий музокаралар гуруҳига Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош разведка бошқармаси бошлиғи Игор Костюков, ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин ва мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин киради. Улар Москва манфаатларини сиёсий ва ҳарбий даражада ҳимоя қилади. Экспертлар гуруҳига Бош штаб ахборот бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Александр Зорин, Россия ТИВ МДҲ давлатлари бўйича иккинчи департаменти директори Алексей Полишчук, президент маъмуриятининг давлат сиёсати бўлими бошлиғи ўринбосари Елена Подобревская ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Халқаро ҳарбий ҳамкорлик бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Виктор Шевов кирди.

Киевдан келган делегация таркибида президент девони раҳбари Андрей Ермак, ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха, мудофаа вазири Рустем Умеров ва президентнинг дипломатик маслаҳатчиси Игор Жовква бор. Манбанинг қўшимча қилишича, музокаралар формати ва уларнинг бўлиб ўтиши бўйича якуний қарор шахсан Истанбулда Владимир Зеленский томонидан қабул қилинади.

Украина раҳбарининг ўзи маълум қилишича, мамлакат делегацияси таркибида «юқори даражадаги» вакиллари бор.

Шу билан бирга, «The Guardian» газетаси Буюк Британия бош вазирининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жонатан Пауэлл Зеленскийга ёрдам бериш учун Истанбулга учиб кетганини хабар қилди. Газетанинг ёзишича, у Украина президентига Россия делегацияси билан музокаралар бўйича маслаҳат беради.

14 май куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио НАТО ташқи ишлар вазирларининг норасмий учрашуви учун Туркияга келди. АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Рубио билан Истанбулга ташриф буюришини айтди, бироқ музокараларнинг эртасига, 16 май куни. АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам Туркияга боришга тайёрлигини билдирди, лекин фақат Владимир Путин иштирок этган тақдирдагина.

АҚШ президенти Дональд Трамп россиялик ҳамкасби Владимир Путиннинг учрашувга бормаслиги ҳақида изоҳ бериши сиёсатшунос ва журналистларнинг реакция билдиришига сабаб бўлди. «Агар мен бормасам, нега у бориши керак?», — деган Трамп.

«Эхо Москва» радиоси бош муҳаррири Алексей Венедиктовнинг айтишича, 15 май кунги учрашув сиёсий ҳужжатларни тўғрилашдан иборат бўлади. Яъни, Истанбул музокараси бир неча кун давом этади ва жума куни АҚШдан ҳам юқори даражадаги сиёсатчилар ташриф буюриши кутилмоқда. Гап пайшанба кунги воқеаларга боғлиқ бўлади.

Сиёсатшунос Георгий Бовт ҳам музокараларнинг кейинги кунларида Москва ва Вашингтон кўп нарсани ҳал қилишга ишонади. Бу Вашингтон ва Киевнинг саҳна ортидаги келишувларига боғлиқ. Шундай қилиб, учрашув яхши давом этса, Трампнинг махсус вакили Уиткофф 16 май куни Истанбулга келиши мумкин.

Ўз навбатида, Владимир Зеленский Истанбулда Владимир Путиндан бошқа бирорта Россия вакили билан учрашмаслиги маълум қилинди. Унинг идораси маслаҳатчиси Михайло Подоляк сўзларига кўра, давлат раҳбари бошқа шахс ўртасидаги учрашув «тўғри формат эмас». Россия президенти ёрдамчиси ва Истанбулдаги биринчи музокараларда Москва делегацияси раҳбари Владимир Мединский эса фундаментал масалаларни муҳокама қилиш учун етарли ваколатга эга эмас.

Зеленский Туркияга етиб келганидан сўнг Путинга икки сўздан иборат мурожаат қилди. «Мен шу ердаман», деди у журналистларнинг Россия раҳбарига нима демоқчи эканлиги ҳақидаги саволларига жавоб берар экан.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?