Президентимиз эътиборидан беҳад руҳландик

12:29 20 Февраль 2025 Жамият
193 0

Биз ривожланишнинг шундай босқичига қадам қўйдикки, эндиликда ҳар бир давлатнинг мавқейи табиий бойлик билан эмас, балки интеллектуал салоҳиятга боғлиқ бўлиб қолди. Юртбошимиз «Иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш учун бизга юқори малакали муҳандис-технологлар сув билан ҳаводек зарур», деган сўзларида айни ҳикмат мужассам. Intelлектуал салоҳият бугуннинг муаммосини ечиб, эртани кўрувчи мутахассис демакдир.

Шу мақсадда мен таҳсил олаётган Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети негизида «Маҳаллийлаштириш ва инновацион ривожлантириш маркази» фаолияти йўлга қўйилган. У «НКМК» АЖ тасарруфидаги Навоий машинасозлик заводи ҳудудида ташкил этилган бўлиб, маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалиётга татбиқ этади. Яъни, битирув малакавий иш мавзуларимиз ушбу лойиҳалар асосида амалга оширилиб, битирув малакавий иш ҳимояси ҳам ишлаб чиқариш корхонасининг етук мутахассислари иштирокида ўтказилади.

Бу жараёнлар ихтирочилик фаолиятимизни қўллаб-қувватлаш, стартап ғоялар устида ишлашимизга кенг имконият яратмоқда. Хусусан, ишлаб чиқариш корхонасида ташкил этилган ёш ихтирочилар клубида тенгдошларим билан «3-D» принтерлар, дрон технологиялари ва бошқа наноқурилмалар ҳамда дастурлар ёрдамида саноат соҳасидаги турли долзарб масалаларнинг инновацион ечимлари устида ишлаяпмиз.

Маълумки, «3-D» принтерларни қўллаш соҳаси ҳамда кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Айни пайтда университетнинг ўзида аҳоли ва тадбиркорларга «3-D» принтер, «3-D» сканерлаш хизматлари кўрсатиш имкониятлари мавжуд. Шу билан бирга таълим муассасалари учун маҳаллий хом ашёдан импорт ўрнини босувчи арзон ўқув қуроллари тайёрлаш, машинасозлик дастгоҳлари ва улкан кон машиналарини («БелАЗ») масофадан бошқариш имкониятларини яратиш масалалари устида ишламоқдамиз.

Яқинда Давлатимиз раҳбари фаол ёшлар билан ўтказган мулоқотида «Бугунги кунда биз мард ва матонатли халқимизга, серғайрат ёшларимизга ишонганимиз учун ўз олдимизга катта-катта мақсадлар қўймоқдамиз, маррани баланд олмоқдамиз», дея ҳар бир инсон ўз иқтидори орқали халқимиз фаровонлиги, тараққиётимиз барқарорлигини таъминлаши йўлида бир қатор вазифаларни белгилаб берди. Ушбу эзгу ғоялар биз ёшларни руҳлантириб, янги-янги марралар сари қанот бўлади.

Аслбек РАВШАНОВ,

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети

Энерго-механика факультети 3-курс талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?