Президент боғдорчилик хўжаликлари учун қатор янгиликларни эълон қилди
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёевнинг қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари билан бўлиб ўтаётган мулоқотида ишнинг кўзини биладиган деҳқонлар интенсив боғ яратиб, гектаридан 50 минг долларгача ҳосил олаётгани, бундай боғларни кескин кўпайтириш ва ерга муносабатни тубдан ўзгартириш муҳим экани таъкидланди.
Бугун республикада 90 минг гектар эскирган ва кам ҳосилли боғ-токзорлар бор. Эски боғлардан олинаётган ҳосил гектарига 10 тоннага ҳам етмайди. Шу боис, янги боғ ва токзорларни ташкил қилиш, эскиларини янгилаш бўйича уч йиллик дастур қабул қилинади.
Президентимиз боғдорчилик хўжаликлари учун қатор янгиликларни эълон қилди.
Эндиликда Агросаноатни ривожлантириш жамғармасидан интенсив боғ ташкил қилиш учун 7 йилга 3 йиллик имтиёзли давр билан 14 фоизли кредит берилади. Тадбиркорлик компанияси томонидан музлаткичли омбор учун кредит фоизининг асосий ставкадан ошган 8 фоизгача қисми қопланади. Савдони ривожлантириш компанияси сабзавот экспортчилари ва боғбонларга қадоқлаш харажатининг 50 фоизини компенсация қилади.
Бундан ташқари, сертификатланган кўчат сотиб олиш харажатининг 50 фоизи бюджетдан тўланади. Мева турига қараб шпалерлар учун фермерларга 20 минг сўмдан 70 минг сўмгача субсидия ажратилади.
Пахта ва ғаллада бўлгани каби мева-сабзавот йўналишидаги фермерлар учун ҳам арзонлашган нархда ўғит ва ёқилғи харид қилиш имконияти яратилади.
Мева-сабзавотни кўпайтириш учун яйлов, қир ва адирлардан самарали фойдаланиш жуда муҳимлиги таъкидланди. Шу мақсадда саноатлашган боғ, токзор ташкил қилиш, сабзавот, озуқа экини етиштириш учун адир ерлар қийматининг 1 фоизи миқдоридаги нарх билан аукционда сотилади.
Аукцион ғолиблари ерни бошқа одамга қайта ижарага бериши мумкин бўлади ва ижара ҳуқуқи бепул рўйхатдан ўтказилади. Бу имкониятлар ҳисобига ишбилармон фермерларимиз келгуси йил 100 минг гектар адир ерларни фойдаланишга киритишига ишонч билдирилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг