Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолади

11:16 08 Ноябрь 2025 Жамият
677 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024-2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегиянингустувор мақсадларига эришиш, гиёҳвандлик ва уюшган наркожиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш орқали аҳолини, биринчи навбатда, ёшлар саломатлигини ҳамда миллат генофондини самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни белгилаш мақсадида қарор қиламан:

I. Мақсадлар ва устувор вазифалар

  1. Қуйидагилар ушбу Фармоннинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:

а) Ўзбекистон аҳолисининг саломатлиги ва миллат генофондига жиддий таҳдид солаётган гиёҳвандлик иллатига қарши курашиш ҳамда бунга сабаб бўлаётган уюшган наркожиноятчиликка чек қўйишга қаратилган норматив-ҳуқуқий, тезкор-профилактик ва ташкилий-тарбиявий чоралар комплексини белгилаш;

б) вояга етмаганлар ва ёшларимиз келажагини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалардан ҳар томонлама асраш – барча даражадаги давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларининг долзарб вазифаси эканини алоҳида қайд этиш ҳамда уларнинг

бу борадаги масъулиятини тубдан ошириш.

2. Қуйидагилар гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши кескин курашиш фаолиятини амалга оширишга масъул давлат органлари ва ташкилотларининг устувор вазифалари этиб белгилансин:

а) таълим муассасаларида, ўқувчи ва талабалар орасида психофаол моддаларнинг тарқалишига батамом чек қўйиш, ёшларда гиёҳвандлик иллатига муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни комплекс равишда амалга ошириш;

б) гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар (кейинги ўринларда – гиёҳвандлик воситалари) ноқонуний айланмасига қатъий жиноий-ҳуқуқий механизмлар орқали барҳам бериш, бу борадаги жазо чораларини кескин кучайтириш ҳамда ёшларга нисбатан содир этиладиган наркожиноятлар учун жавобгарликни оғирлаштириш;

в) гиёҳвандлик воситаларини республика чегарасидан олиб кириш йўналишларини, интернет тармоқлари орқали тарқатиш ҳаракатларини, ноқонуний нарколабораторияларни ва наркожиноий уюшмаларни, шу жумладан, уларга ҳомийлик (раҳнамолик) қилаётган мансабдор шахсларни аниқлаш, улар фаолиятига чек қўйиш ҳамда жазо муқаррарлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли тезкор-қидирув ва тергов фаолиятини йўлга қўйиш;

г) гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш учун фойдаланиш мумкин бўлган кимёвий моддалар (прекурсорлар) айланмаси устидан қатъий давлат назоратини ўрнатиш, гиёҳвандлик воситаларидан тиббиётда фойдаланувчи тиббиёт муассасалари, фармацевтика корхоналари ва дорихоналарнинг фаолиятини назорат қилиш амалиётига рақамли ечимларни жорий этиш;

д) аҳоли, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар орасида гиёҳвандлик ҳамда заҳарвандликни ташхислаш, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган манзилли чора-тадбирларни белгилаш.

II. Норматив-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш

3. Ички ишлар вазирлиги (А.Ташпулатов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2025 йил якунига қадар бугунги кундаги амалиёт, замон талаблари ва илғор хорижий тажрибаларни комплекс ўрганган ҳолда гиёҳвандлик воситалари айланмасини тартибга солиш механизмлари ҳамда наркожиноятларнинг олдини олиш ва фош этишда давлат органлари ва ташкилотларининг аниқ масъулиятини белгилайдиган “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин.

4. Бош прокуратура, Олий суд, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Божхона қўмитасининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

а) уюшган наркожиноятчиликка жиноий-ҳуқуқий механизмлар орқали қарши курашиш фаолиятини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Жиноят кодексига “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондига қарши жиноятларномли алоҳида янги бўлим киритиш;

б) наркожиноятларнинг янги шакллари, усуллари ва уюшганлик даражасидан келиб чиқиб, қуйидаги қилмишлар учун йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилашни назарда тутувчи жиноий жавобгарликни киритиш:

i) наркожиноий уюшма ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини уюшган гуруҳ томонидан трансчегаравий усулларда ёки интернет тармоғидан фойдаланиб ўтказиш;

ii) гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний муомалага киритишга ҳокимият (мансаб) ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик (раҳнамолик) қилиш ёки бундай жиноятлар фош бўлишининг олдини олиш мақсадида хабар бериш;

iii) ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш;

в) гиёҳвандлик воситаларини жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун ўн беш суткагача маъмурий қамоқ жазосини қўллашни назарда тутувчи маъмурий жавобгарликни киритиш;

г) наркожиноятлар содир этилиши ва қайта содир этилишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги қилмишлар учун жиноий жавобгарлик чораларини икки бараваргача оғирлаштириш:

i) гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб кўп миқдорда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек, уларни ноқонуний равишда кўп миқдорда ҳар қандай усулда ўтказиш;

ii) кучли таъсир қилувчи моддаларни таълим ташкилотларида, озодликдан маҳрум қилиш жойларида, интернет тармоғидан фойдаланиб, хавфли ёки ўта хавфли рецидивист томонидан муомалага киритиш, шунингдек, уларни кўп миқдорда контрабанда қилиш;

iii) алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласини (ўтказиш мақсадисиз) кўп миқдорда ва такроран содир этиш;

iv) гиёҳвандлик воситаларини ҳар қандай шаклда истеъмол қилишга жалб этиш одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлганда;

д) вояга етмаганларни ва ёшларни наркожиноятлардан ҳимоя қилиш мақсадида:

i) ҳар қандай наркожиноятни вояга етмаган шахсларга нисбатан ёки уларни жалб қилган ҳолда содир этишни жиноий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолати сифатида қайд этиш;

ii) вояга етмаган шахсни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб қилганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгилаш;

iii) таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида ёки таълим ташкилотларига туташ ҳудудларда кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик чораларини икки бараваргача оғирлаштириш;

iv) вояга етмаган шахсларни кучли таъсир қилувчи моддаларни айнан таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида ёки уларга туташ ҳудудларда истеъмол қилишга жалб қилганлик учун ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутувчи жиноий жавобгарликни киритиш;

ж) айрим наркожиноятларни содир этган шахсларни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилмаслик тартибини жорий этиш.

5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича комиссия маҳкумларнинг афв этишга оид мурожаатларини ўрганишда аҳоли генофондига қарши содир этилган ҳар қандай жиноят давлат, жамият ва шахс учун жиддий хавф эканига ҳамда ўта оғир оқибатларга олиб келишига алоҳида эътибор қаратсин.

III. Комплекс чора-тадбирларни белгилаш ва уларнинг ижросини таъминлаш

6. Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури (кейинги ўринларда – Миллий дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Масъул вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ўз соҳавий йўналиши ва ҳудуди кесимида Миллий дастур ижросини манзилли ташкил этиш бўйича ҳар чораклик “йўл хариталари”ни ишлаб чиқишни таъминласин.

8. Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши кескин курашиш борасидаги ишларни комплекс ташкил этиш ҳамда Миллий дастур ижросини тизимли равишда назорат қилиб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида фаолият кўрсатувчи Республика идоралараро мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда – Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ) 2-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

9. Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ (С.Гордеев, Б.Ташматов):

а) Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) қошида масъул вазирлик ва идоралар мутахассисларидан иборат Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ штаби таркибини шакллантирсин ҳамда 2025-2026 йилларда мазкур Фармон билан белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш борасидаги ишларнинг натижадорлигини, шу жумладан, жойларга чиққан ҳолда тизимли ўрганиш ва мониторинг қилиб боришни ташкил қилсин;

б) Миллий дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг изчил, сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини доимий равишда ва қатъий назорат қилиб борсин.

10. Миллий дастур, соҳавий ва ҳудудий “йўл хариталари”да белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда аниқ натижаларга эришиш юзасидан масъулият давлат органлари, идоралари ва маҳаллий ҳокимликларнинг шахсан биринчи раҳбарлари зиммасига юклатилсин ва мазкур йўналишдаги фаолият самарадорлиги таъминланмаган тақдирда, уларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилсин.

11. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) масъул давлат органлари, идоралари ва маҳаллий ҳокимликлар ҳар ой якунида мазкур Фармонда белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш борасида қилинган аниқ ишлар ҳамда Миллий дастурнинг ижроси юзасидан ҳисоботларни Агентликка киритиб боради;

б) Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ:

i) ҳар ойда масъул давлат органлари, идоралари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг мазкур Фармонда белгиланган устувор вазифаларнинг соҳалар ва ҳудудларкесимида ижроси юзасидан ҳисоботларини эшитади, натижадорлиги бўйича танқидий муҳокамалар ўтказади ҳамда ушбу масалага масъулиятсизлик билан ёндашган раҳбарларга нисбатан лавозимидан озод этишгача бўлган таъсир чораларини кўриб боради;

ii) ҳар чоракда республикада гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши кескин курашиш борасида мазкур Фармонга асосан кўрилган манзилли чоралар ва эришилган аниқ натижалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб боради.

IV. Наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ва аниқлаш механизмлари

12. Саноат ва тиббиётда фойдаланиладиган кимёвий моддаларнинг синтетик наркотиклар, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларни ноқонуний тайёрлаш жараёнига кириб боришининг олдини олиш мақсадида:

а) Ўзбекистонда муомаласи чекланган прекурсорлар рўйхатини халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда кенгайтириш чоралари кўрилсин ҳамда уни соддалаштирилган тартибда тезкорлик билан янгилаб бориш (тўлдириш) механизмлари жорий этилсин;

б) прекурсорларнинг қонуний муомаласини тартибга солиш ҳамда улар ишлаб чиқарилишидан (хориждан келтирилишидан) бошлаб реализация қилинишигача (транзит ўтиши, маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиш, сотиш, сақлаш, бериш ва бошқа) бўлган барча жараёнларни электрон назорат қилиш тизимини йўлга қўйишни назарда тутувчи қатъий давлат назорати ўрнатилсин;

в) Агентликка Ўзбекистонда прекурсорлар муомаласи устидан тизимли назоратни амалга ошириш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмаси юзасидан ваколатли ҳуқуқ-тартибот органларига терговга қадар текширувни ўтказиш юзасидан тақдимнома киритиш ҳуқуқи берилсин;

г) Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ва Божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш бошқармаси тузилмаларида, мавжуд штатлар доирасида, прекурсорларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўлимлари фаолияти йўлга қўйилсин.

13. Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

а) прекурсорларнинг қонуний муомаласини тартибга солишга ва бу борада унинг барча босқичларида қатъий давлат назорати механизмларини белгилашга, шунингдек, прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи ҳамда улардан фойдаланиш тартибини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни киритишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда киритсин;

б) гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар ҳақида хабар берган ёки аниқлашга кўмаклашган фуқароларни муносиб рағбатлантириш тартибини жорий этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

14. Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш.Шерматов), Ички ишлар вазирлиги (А.Ташпулатов) бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 июлга қадар Интернет тармоғидагинаркодўконларни ҳамда гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш ҳолатларини сунъий интеллект технологиялари ёрдамида аниқлаш ва блоклашга мўлжалланган дастурларни ишлаб чиқиш бўйича ёшлар ўртасида хакатон ўтказсин ҳамда энг мақбул таклифларни танлаб олиб, амалиётга жорий қилиш чораларини кўрсин.

15. Ички ишлар вазирлиги (А.Ташпулатов):

а) 2025 йил якунига қадар ички ишлар органларининг барча профилактика инспекторларини хизмат олиб бораётган маҳаллалар ҳудудида ғайриқонуний нарколабораториялар ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қўлбола усулда қадоқловчи цехларни аниқлаш бўйича ўқитишни ташкил қилсин ҳамда уларнинг бу борадаги самарали фаолиятини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан муносиб рағбатлантириш ёки бошқа идоралар (соҳавий бўлинмалар) томонидан маҳаллада аниқланган тақдирда интизомий жазо чораларини қўллаш амалиётини йўлга қўйсин;

б) Мудофаа саноати агентлиги билан биргаликда 2026 йил 1 мартга қадар ички ишлар органлари учун тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда гиёҳвандлик воситалари намуналарини экспресс текшириш бўйича энг замонавий техник воситаларни харид қилиш ва амалиётга жорий этиш бўйича барча зарур чораларни кўрсин.

V. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

17. Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.Ш.Мирзиёева зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2025 йил 3 ноябрь

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер