Президент фармони қабул қилинди: ҚҚС ва фойда солиғи ставкалари ошириладими?

14:53 30 Декабрь 2024 Ҳужжатлар
882 0

Ўзбекистонда тадбиркорлар учун қулай шароит яратишга қаратилган янги Президент фармони қабул қилинди. Фармон тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлашга қаратилган бўлиб, унга кўра, 2028 йил 1 январгача қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва фойда солиғи ставкалари оширилмайди. Ушбу қарор тадбиркорлик субъектларига барқарор молиявий режалаштириш имконини беради.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик саноатида фаолият юритувчи тадбиркорлар учун алоҳида солиқ енгилликлари белгиланди. Ушбу йўналишларда ишлаётган тадбиркорлик субъектларига фойда солиғи ва ходимлари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди. Бу енгилликдан фойдаланиш учун тадбиркорлар учта асосий шартни бажариши лозим: ходимларнинг камида 15 фоизи ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилалардан бўлиши, ходимларга иш ҳақи энг кам миқдорнинг икки бараваридан кам бўлмаслиги ва тушумнинг камида 90 фоизи тикув-трикотаж, пойабзал ёки чарм-атторлик маҳсулотларидан иборат бўлиши керак.

Шунингдек, фармон фармацевтика маҳсулотлари савдоси ва тиббий хизматлар кўрсатадиган юридик шахслар учун янги тартибни жорий қилди. 2025 йил 1 апрелдан бошлаб, даромадидан қатъи назар, бу йўналишларда фаолият олиб бораётган юридик шахслар ҚҚС тўловчилари сифатида эътироф этилади. Ушбу ўзгариш фармацевтика ва тиббиёт соҳаларидаги молиявий шаффофликни оширишга хизмат қилади.

Мазкур фармон тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик саноатлари каби секторларни қўллаб-қувватлашга ва тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар яратишга қаратилган. Бу эса нафақат тадбиркорлар, балки иқтисодиётнинг умумий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Шу тариқа, енгил саноат ва фармацевтика соҳаларининг ўсиши учун янада қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер