Прагматизм сиёсати

10:11 24 Июнь 2025 Сиёсат
225 0

Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар негизида қуруқ сўз ва ваъдалар эмас, балки муайян ишлар, тадбирлар мужассам

Бундан бир неча ўн йил аввал минбардан туриб сўз айтиш узоқ давом этган машаққатли меҳнат, чуқур билим ва масъулият туфайли эришилган юксак мавқе ҳисобланарди. Ўша даврларда жамият номидан гапириш учун инсон муайян ҳаётий ва раҳбарлик йўлини босиб ўтган, халқ ичида обрў-эътибор қозонган бўлиши керак эди. Шу боис маърузалар ва чиқишларда қуруқ сафсатага йўл қўйилмасди.

Бир лаҳзада эфирга чиқиш ҳаммага ҳам насиб этмасди, сўзнинг юки оғир эди. Бу эса жамият билан мулоқот ҳамда сиёсий маданиятнинг етуклигидан далолат эди.

Бугун ҳамма нарса ўзгарди. Бир лаҳзадаёқ ўз фикрини билдириш даври келиб ОАВ, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда ҳар ким хаёлига келган гапни айта бошлади. Аммо айтган сўзлари учун жавоб бериш масъулияти-чи? Ҳаммаям бунга қодир эмас. Медиамакон турли ваъдалар, шиорлар ва баёнотлар билан тўлиб-тошди. Уларнинг ортида эса натижа ёки стратегик режа доим ҳам мавжуд эмас. Шунақа ҳолатгаям гувоҳ бўлмоқдамизки, ҳатто халқаро кун тартибига тегишли энг муҳим мавзулар шахсий “пиар”га, дастакка айланиб қоляпти.

Хўш, ана шундай шароитда Ўзбекистонда нималар юз бермоқда? Журналистика соҳасида кўп йиллар меҳнат қилган инсон сифатида дадил айта оламанки, бизнинг юртимизда аҳвол бошқача.

Президент Шавкат Мирзиёев прагматик сиёсат олиб бормоқда, унинг асосида эса — баландпарвоз сўзлар эмас, балки аниқ режа, муайян иш ва фикр мужассам. Бу ислоҳотлар ортиқча мақтовларсиз, балки сезиларли ютуқлар билан амалга оширилаётганидан далолат.

«Марказдаги давлат» масъулияти

Ўзбекистонда кечаётган кенг кўламли иқтисодий трансформация жараёни сезиларли натижа кўрсатмоқда. Мамлакатимизда барқарор ўсиш кузатиляпти, бунда эса чуқур ўйланган қарорлар ҳамда ижтимоий йўналтирилган сиёсат давом эттирилмоқда. Кейинги саккиз йилда Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти икки баравар ошди. 2030 йилга бориб, кўрсаткични 200 миллиард долларга етказишдек улкан, аммо реал мақсад белгилаб олинган.

Инвестициявий муҳит ҳам аниқ рақамларда намоён бўлмоқда. Биргина 2024 йилда мамлакатимиз иқтисодиётига киритилган сармоялар 35 миллиард долларга, экспорт эса — 27 миллиард долларга етди. Бунда ўсиш тасодифий эмас, балки тизимли: яъни Ўзбекистон кейинги беш йилда Иқтисодий эркинлик индексида 48 поғонага кўтарилган бўлса, Ҳарвард иқтисодий мураккаблик индексида 28 поғонага юқорилади. “S&P” халқаро агентлиги мамлакатимизнинг суверен рейтингини кўтариб, башоратни “барқарор”дан “ижобий”га ўзгартирди.

Бундай иқтисодий кўрсаткичлар ортида бутун мамлакат миқёсида амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар натижаси турибди. Шу билан бир қаторда, аҳолининг фаровонлиги ортиб, ҳаёт сифати яхшиланяпти. Ижтимоий йўналтирилган ташаббуслар рўёбга чиқарилмоқда, давлатнинг инфратузилма асослари мустаҳкамланаётир. Транспорт инфратузилмасини модернизациялашга алоҳида эътибор берилмоқда, чунки у халқаро иқтисодиётга интеграциялашиб, алоқаларни кенгайтиришнинг энг муҳим таркибий қисмидир.

Натижада Ўзбекистон давлати халқаро қизиқиш кучайиб бораётган объектга айланмоқда. Бу қизиқиш ҳисоботлар ва рейтингларда ҳам, ҳар кунги янгиликларда ҳам намоён бўлмоқда. Яъни мамлакатимиз ҳақида интернетдаги сўровлар, БАА, Сингапур, АҚШ, Австралия ва бошқа давлатлардаги фойдаланувчиларнинг юртимизга саёҳат қилиш бўйича қидирувлари, айниқса, йирик медиа-майдончалардан тушаётган саволлар шундан далолат бериб турибди.

Американинг нуфузли нашри — “The Diplomat” ҳинд профессори Шанти Мариент ДʼСоузанинг мақоласини эълон қилди. Унда Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсатдаги роли марказий, деб эътироф этилган. Профессор таъкидлаганидек, дунёда беқарорлик ортиб бораётган шароитда айнан Ўзбекистон мамлакатлар ва минтақалар манфаатини бирлаштириш бўйича стратегик жиҳатдан синалган моделни, шунингдек, транспорт йўлакларини таклиф этмоқда.

— Ўзбекистон “марказдаги давлат” сифатида Марказий ва Жанубий Осиё, шунингдек, Евроосиё минтақалари ўртасида боғловчи кўприк бўлиб қолди, — деб ёзади у.

Бу эътироф адолатли ва ўринли. Зотан, халқаро экспертлар фикрича, айнан Президент Шавкат Мирзиёев минтақалараро боғлиқликни чуқурлаштиришга қаратилган курснинг ташаббускори ва юритувчиси бўлди. Бунда мамлакатнинг ташқи сиёсатини яратувчанлик ва ҳамкорлик воситасига айлантирди.

Харитага қарайдиган бўлсак, шу нарса аён бўлади: айнан Ўзбекистон — Марказий Осиёнинг жуғрофий, сиёсий ва демографик ядроси. Кейинги саккиз йилда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бу мамлакат масъулиятли ролни ўз бўйнига олди. Бу роль эса бутун минтақа учун бирлаштирувчи омил бўлишдир.

Сирасини айтганда, бу — ўзбек дипломатиясининг муҳим ғалабаларидан бири бўлиб, унда “кам гапириб, кўпроқ иш қилиш керак”, деган тамойил рўёбга чиқарилади. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида муаммолар сақланиб турган ҳамда келишмовчиликлар муқаррар бўлган даврда Президент Шавкат Мирзиёев минтақавий интеграцияга бошқача тус берди.

Бир-биридан узоқлашиш сиёсатидан воз кечиб, раҳбаримиз яхши қўшничилик учун қўл чўзди: чегара муаммолари ҳал этилди, ўзаро мулоқот йўлга қўйилди, минтақа халқаро ҳамжамият учун ҳам очилди. Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликнинг янги моделини таклиф этди. Бу модель рақобат ва “етакчилик” учун “пойга”дан воз кечиб, ишонч ва бирдамликка асосланишдан иборат эди.

Шундай қилиб, “дўстлик дипломатияси” юзага келди. Бугун унга қўшнилар ҳам амал қилмоқда. Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари форматида ўзбек томонининг салмоқли ҳиссаси бор. Шу асосда дунёнинг етакчи давлатлари ҳам ўзларининг муқобил форматларини фаол равишда илгари сура бошлади, масалан — “беш плюс”: АҚШ, Россия, ЕИ ва Европа давлатлари, Хитой ҳамда бошқалар.

Бундай эътибор шуни тасдиқлайдики, Ўзбекистон кузатувчилик ролидан энди минтақавий яқинлашувнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Ва бу янги роль, яъни минтақа юрагидаги барқарорлик, ҳамкорлик ва умумий келажак учун масъулият туфайли Ўзбекистон эътирофга лойиқ. 3 миллион квадрат километрдан ҳам катта майдонда расмий Тошкент шаънига, нафақат ўзи учун, балки қўшнилар учун ҳам ташаббус кўрсатаётган пойтахт шаънига беқиёс ҳурмат кўрсатилмоқда.

Қўшнилар ҳам, узоқ хорижий давлатлар ҳам аллақачон тушуниб етишдики, янги Ўзбекистоннинг сиёсати агрессив эмас. Бу сиёсат устунликка интилиш сиёсати ҳам эмас. У прагматизм сиёсати бўлиб мукаммал, мувозанатли ва тизимли ёндашувдир. Унинг асосида: “Аввал иш бўлсин, сўзлар кейин ўзи келади”, деган тамойил ётади. Муҳими, бу сиёсат ҳақида энди нафақат Тошкентда, балки Нью-Деҳли, Пекин, Вашингтон, Москва ва Брюсселда гапирилмоқда.

Асосий бойлик — очиқлик

Биз фақат бешта мамлакатнинг пойтахтини санаб чиқдик, холос. Лекин июнь ойида Ўзбекистонга бўлган чинакам ишончни Ер шарининг ярми — деярли юзта давлат тан олди. Айнан шунча давлат вакиллари тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашди. Улар ишончни фақат сўзда ифода этиш билан чекланмади. Балки амалда, яъни мамлакатимизга сармоя киритиш, биз билан ҳамкорлик қилиб, биздаги ислоҳотларга хайрихоҳ бўлиш истагини билдирди.

Ўзбекистон пойтахтида муваффақиятли ўтказилган инвестиция форуми ана шундай ҳамкорликнинг кўлами кенглигини кўрсатди. Унга келган минг-лаб қатнашчилар орасида давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, вазирлар, энг йирик халқаро молия ташкилотлари ҳамда корпорацияларнинг бошлиқлари бор эди. Ўзбекистонга нисбатан бундай катта қизиқиш, албатта, ишончсиз бўлмайди. Ишонч эса — натижасиз қолмайди. Ўзбекистон Президентининг сермазмун, пухта ўйланган ва стратегик жиҳатдан асосланган нутқида нафақат мамлакат ривожининг параметрлари белгилаб берилди. Балки унда давлат раҳбари геосиёсий жараёнларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, беқарор ҳамда захиралар тақчиллиги шароитида сармоядорлар қандай йўл тутиши кераклиги бўйича аниқ таклифларни билдириб, очиқ халқаро мулоқотга тайёр бўлишга даъват этиш орқали Ўзбекистонни глобал контекстга киритди.

Жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати пасайиб бораётган, келишмовчиликлар кучайган ва глобал инвестициявий шароит ёмонлашган бир шароитда Ўзбекистон ноёб ва қимматли захирани таклиф қилмоқдаки, у ҳам бўлса — барқарорлик, тараққиёт, башорат қилиш имконияти. Айнан ана шу захира мамлакатимизни капитал ва технологиялар учун, хавфсиз, тинч муҳитда ривожланишни истайдиган одамлар учун жозибадор қилмоқда.

Биз трансформация жараёнлари қанчалик муваффақият билан давом этаётганини охиригача англай олмаяпмиз. Бир неча йил аввал Ўзбекистон халқаро инвестициялар харитасида зўрға кўринадиган чекка давлат сифатида тасаввур қилинар эди. Бугун вазият тубдан ўзгарди. Масалан, 1 июнь ҳолатига Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги 16 405 та корхона рўйхатдан ўтган. Бу эса бир йил аввалги рақамга нисбатан 14,3 фоизга кўп. 2024 йил якуни билан мамлакатимиз тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими бўйича 2,8 миллиард доллар кўрсаткич билан етакчи ўринни эгаллади. Бунда биз ҳудудимизни кенгайтирганимиз ҳам йўқ, янги конларни очганимиз ҳам йўқ. Бунда мамлакатнинг ўзи ўзгарди. Унинг янгича моделига эса Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилиб, амалда рўёбга чиқарилаётган очиқлик сабабчи бўлди.

Тарихга назар ташласак, очиқлик иқтисодий юксалишнинг шарти сифатида нақадар муҳим экани аён бўлади. Хитой ўтган асрнинг 70-йиллари охири — 80-йиллари бошида “катта сакраш” ва “маданий инқилоб”нинг оғриқли оқибатларини бошдан кечирди. Дэн Сяопин натижага эришиш мақсадида турғунликдан воз кечиб, ислоҳотлар йўлига ўтишни таклиф этди. Унинг машҳур ибораси: “Мушукнинг ранги қора бўладими, оқми — муҳим эмас, асосийси — у сичқон ушласин”. Бу ибора прагматизмнинг рамзига айланди ва Хитой қисқа муддат ичида шиддат билан ривожлана бошлади.

Бундай тажриба бизга ҳам таниш. Президент Шавкат Мирзиёев давлат томонидан ҳаддан ташқари назорат ўрнатилган тизимдек меросга дуч келар экан, либераллаштириш йўлига ўтди: валюта бозори очиқ бўлди, солиқ юки пасайтирилди, хусусийлаштириш жараёни жадаллаштирилди. Бунда ислоҳотлар босқичма-босқич, пухта ўйланган ва миллий шароитларга мослаштирилган ҳолда олиб борилди.

Ўзбекистон ўз эшикларини жаҳонга очди: виза тартиби соддалаштирилди, халқаро бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратилди, сайёҳлик соҳаси рағбатлантирилди, қонунлар модернизация қилинди, сармоядорларни ҳимоя қилиш кучайтирилди. Лекин муҳими, бу жараёнда стратегик аҳамиятга эга сектор устидан назорат сақлаб қолинди, иқтисодий сиёсатнинг барқарорлиги ва суверенлиги таъминланди.

Ўзбекистон Президенти шундай тамойилдан келиб чиқадики, инвестиция — бу фақат пул эмас, у — билим, технология, янги ваколат ва ҳуқуқлар. Хорижий маблағлар ёрдамида глобал ишлаб чиқариш занжирларига интеграциялашиш, инсон капиталини ривожлантириш, мамлакатлар ўртасида ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш учун йўл очилади. Ўз навбатида, улар янги Ўзбекистон сиёсатининг асосий мақсадларига — инсоннинг осойишталиги ва фаровонлигига эришишга, унинг салоҳияти рўёбга чиқишига ёрдам беради.

Шундай қилиб, Тошкентдаги анжуман нафақат Ўзбекистоннинг жозибадорлигини намоён қилди, балки янги халқаро ташаббуслар учун платформа ҳам бўлди. Президент “Янги Ўзбекистон — инвестициялар учун катта имкониятлар мамлакати” деган тамойилни тақдим этди, шунингдек, Марказий Осиёда “Инвестиция ва савдо учун яхлит ҳудуд концепцияси”ни илгари суришни таклиф қилди.

Айтиб ўтилган режалар нафақат иқтисодий, балки сиёсий мазмунга эга, чунки улар минтақанинг янги архитектураси учун пойдевор қўяди. Бунда Ўзбекистоннинг Евроосиё маконида барқарор ривожланиш марказини шакллантириш жараёнига тўлиқ киргани намойиш этилди. Дунё бу чақириқни эшитди ва қўллаб-қувватлади.

— Ўзбекистон иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш йўли билан минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда ҳал қилувчи ролни ўйнамоқда, бу эса мамлакатни барқарор ўсишда жуда зарур бўлган трансчегаравий лойиҳалар учун янада жозибадор қилмоқда, — деди Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо.

— Мен сиёсатчиларнинг чиқишларини бутун ҳаётим давомида тинглаганман ва уларнинг барчасига ҳам ишониш мумкин эмаслигини биламан. Лекин сизларнинг сиёсатчиларингиз айни пайтда тўғри фикрларни билдирмоқда. Ва менга маълумки, тўғри қадамлар қўймоқда. Ўзбекистон — бой тарихга эга мамлакат. Агар ҳозиргидай курс сақланиб қолса, муваффақиятлар албатта такрорланади. Бунинг учун сизларда ҳамма керакли нарса — меҳнаткаш одамлар, стратегик жиҳатдан муҳим бўлган жуғрофий жойлашув, табиий ресурслар мавжуд, — деди халқаро инвестор, “Beeland Interests, Inc.” компанияси раиси Жим Рожерс.

Тошкент форумининг қатнашчилари бир фикрда якдил: Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ортиб бормоқда. Улар ўз башоратларини молиявий жиҳатдан ҳам тасдиқлашди, яъни ўзбек томони билан 30 миллиард доллардан ортиқ қийматга баҳоланган битимлар имзоланди. Бу рақам ортида муҳим бир хулоса бор — аниқ қарорлар ва маблағда ифодаланган ишончнинг тасдиғи шундан далолат берадики, Ўзбекистон Президенти олиб бораётган прагматик сиёсат нафақат ўз вақтида юритилмоқда, балки ҳозирги, кўплаб мамлакатлар “турбулент” ҳолатга тушиб қолган бир шароитда стратегик жиҳатдан жудаям тўғри бўлмоқда.

Вазмин ёндашув таъсири

Халқаро сиёсат ва глобал тенденциялар ҳақида сўз кетса, биз кўпинча муҳим бир ҳақиқатни кўздан қочирамиз: мамлакатнинг барқарор ўсиши ички янгиланишларсиз мумкин бўлмайди, бунда янгиланиш нафақат иқтисодий кўрсаткичларда ёки дипломатик ташаббусларда ифодаланади — балки ҳақиқий ўсиш комплекс тарзда ривожланишда намоён бўлади.

Янги Ўзбекистон бугун кўпчиликнинг нигоҳида. Мамлакатимиз ҳақида кўп ёзишмоқда ва бу ерга тез-тез ташриф буюришяпти. Келувчилар эса сиёсат, иқтисодиёт, халқаро муносабатларда юз бераётган ўзгаришларга гувоҳ бўлишни истайди. Лекин амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатга чинакам ишончи нафақат музокараларда, балки бошқа — илмий ва гуманитар соҳаларда ҳам шаклланади. Давлат тараққиётининг даражаси креатив индустриядан тортиб, спортгача бўлган “юмшоқ” йўналишларда ўзини қандай намоён этаётганида ҳам кўринади. Ўзбекистон бунда ҳам ўз қиёфасини баралла кўрсатди.

Яқинда футбол майдонида рўй берган катта воқеа кучли ҳаяжонга сабаб, халқаро ОАВдаги муҳокамага мавзу бўлди, асосийси, мамлакатимиз ичкарисида улкан фахр-ифтихор уйғотди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор саралаш ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Айнан Ўзбекистон футболчилари Марказий Осиёдан биринчи бўлиб ва ягона жамоа сифатида мундиалда ўйнайдиган бўлди.

Миллионлаб ишқибозлар учун ушбу дақиқалар узоқ кутилганди. Илгари ўнйилликлар давомида Ўзбекистон саралаш турнирларида кўп марта қатнашган, аммо ҳар сафар нимадир етишмасди.

Ғалабалар тасодифий бўлмайди. Уларга мустаҳкам замин тайёрланиши керак. Ва бу замин, пойдевор бир-икки йилгина аввал қўйилган эмас: футбол соҳаси босқичма-босқич, давлат кўмаги билан ва узоқ муддатли режалаштириш орқали ривожланиб борди. Президентимизнинг футбол инфратузилмаси, академияни қўллаб-қувватлаш, ёш истеъдодлар учун шароит яратиш бўйича қабул қилган қарорлари ўзининг ҳал этувчи ролини кўрсатди.

Хусусан, 2024 йилда мамлакатимиз спорт хроникаси ёрқин сарлавҳалар билан тўлиб борди. Аввалига, 23 ёшгача бўлган терма жамоамиз тарихда илк бор Олимпия ўйинларида қатнашди. Жорий йил баҳорида 17 ёшгача бўлган футболчиларимиз Осиё кубогини қўлга киритиб, жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Мана, энди эса — миллий терма жамоамизнинг улкан ютуғи аввалги муваффақиятларнинг мантиқий давоми бўлди.

Ўзбек спортчиларининг муваффақияти ҳақида бутун жаҳонда гапира бошлашди. Табриклар фақат расмий шахслар ва спорт таҳлилчиларидан эмас, балки халқаро футбол функционерларидан ҳам келди. Жумладан, Футбол ассоциациялари халқаро федерацияси (ФИФА) раҳбари Жанни Инфантино Президент Шавкат Мирзиёев номига мактуб йўллади. Унда айтилишича, Ўзбекистон ўз тарихида илк бор ФИФА жаҳон чемпионатига чиқиб, Осиёда биринчи бўлиб “ЖЧ — 2026” йўлланмасини қўлга киритган терма жамоалардан бирига айланди.

— Бундай ажойиб ютуқ ушбу муваффақиятга алоқадор бўлган барчанинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ва қатъий иродаси туфайли амалга ошди, — дея таъкидлади у.

“The Times of Central Asia” нашри эса: “34 ёшли мамлакат биринчи марта жаҳон чемпионатининг финалига чиқди ва бу ғалаба сари йўл осон бўлмади”, деб ёзди. Ўша мақолада Ўзбекистон Президентининг табригидан қуйидаги иқтибос ҳам келтирилди: “Миллий спортимиз солномасига олтин ҳарфлар билан битиладиган бундай ёрқин натижа юртимиздаги миллионлаб футбол мухлислари, бутун халқимизнинг неча йиллик орзуси эди”.

— Биринчи марта жаҳон футбол аренасига чиққан Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида бўлиб турибди ва бу жамоанинг ўйинини кузатиш жуда қизиқ, — деб эътироф этди Германия спорт шарҳловчилари.

Мамлакатимизнинг футбол майдонидаги ютуғи умумий манзаранинг ёрқин бир қисми бўлди. Чунки спорт худди давлат бошқаруви ва халқаро муносабатлар сингари, стратегик тафаккур, чидамлилик ва бир неча йил олдиндан фикрлаш қобилиятини талаб қилади. Футболдаги ғалаба тасодиф эмас, балки жамият ҳаётининг ҳар қайси соҳаси каби муҳим бўлган оқилона сиёсатнинг натижасидир.

Қайсики мамлакат дунё саҳнида муваффақиятга эришар экан, демак, ўша ерда истеъдод, меҳнат ва ғалабага интилиш қўллаб-қувватланади, барча соҳанинг ривожланиши учун қулай шароитлар яратилган. Ва танланган тараққиёт йўли — тўғри, оқилона ва узоқ муддатли.

Бугунги кунда сайёрамиз қарама-қаршиликлар гирдобида мувозанатга эришишга ҳаракат қилаётган экан, Ўзбекистон ана шундай оқилона йўлни танлади. Бу вазмин ёндашув ва прагматизм йўлидир. Негаки, дунёда ҳамма баланд овозда гапиришга интилар экан, бундай шароитда аста-секин, аммо ишонч билан ҳаракат қила оладиганлар ютади. Ўзбекистонда тинчлик ҳукмрон, бу ерда етакчининг сўзлари аниқ хатти-ҳаракатлар билан қувватланади. Айнан шу — бугун дунё очиқ тан олаётган, минтақамизда тинчлик-тотувликнинг барқарорлигига, мамлакатимизда тараққиёт ва фаровонликка хизмат қилаётган прагматизм сиёсатидир.

Асрий орзулари ушалиб элнинг,

Ўзлигин қаддини кўтарди бардам.

Манзили порлоқдир бу янги йўлнинг,

Шижоат, шашти зўр, одимлар шахдам.

Диллар ҳам шодликдан тўлар экан-ку,

Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!

Бу дамлар ўзидан бўлмади пайдо,

Армонлар бирма-бир ечмоқда тугун.

Қадри ҳам юксалиб кундан-кун ҳатто,

Бунёдкор элимиз шод, омон бу кун.

Боболар, момолар билар экан-ку,

Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!

Тенгларнинг ичида тенгдир жон Ватан,

Илм-фан бобида ҳеч кимдан каммас.

Келажак умиди фарзандлар экан,

Унинг машъаласи ҳеч қачон сўнмас.

Бахт кулиб, бошини силар экан-ку,

Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!

Юртбошим меҳри бу, эътибори бу,

Ҳар қалбда уйғотган ғайрат, шижоат.

Ватанга муҳаббат абадий туйғу,

Олдинга интилмоқ чоғидир фақат!

Орзулар вақт келиб гуллар экан-ку,

Нурафшон кунлар ҳам келар экан-ку!

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?