Пахтаободда қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди

11:06 13 Октябр 2025 Жамият
152 0

Мамлакатимизда қуёш фотоэлектр станцияларини барпо этиш йўли билан энергия тизимини модернизация қилиш, анъанавий усулда электр ишлаб чиқаришга бўлган харажатларни кескин қисқартириш ишлари изчил давом этмоқда.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, бундай станциялар орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш харажатлари камида 25–30 фоизга тежалади. Ана шундай экологик тоза ва иқтисодий жиҳатдан самарали иншоотлардан бири Пахтаобод туманида ишга туширилди.

— Нодирабегим номидаги маҳалла ҳудудида барпо этилган фотоэлектр станцияси 40 сотих ер майдонида жойлашган бўлиб, унинг умумий қуввати 220 киловаттни ташкил этади, — дейди Андижон вилояти ҳокимлиги масъул ходими Рустамжон Эшонов. — Бу қувват ёрдамида йилига 330 минг киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Демак, станция орқали камида 120 та хонадонни узлуксиз ва барқарор электр таъминоти билан таъминлаш имконияти яратилади.

Мутахассисларнинг фикрича, бундай қуёш фотоэлектр станциялари нафақат аҳоли эҳтиёжини қондириш, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки улар фаолияти натижасида йил давомида атмосферага ўртача 250 тонна углерод гази чиқишининг олди олинади. Бу эса “Яшил энергия” концепциясини амалга ошириш ва барқарор ривожланиш мақсадларига хизмат қилувчи яна бир қадамдир.

Саминжон ҲУСАНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?