«Ўзга сайёралик»лар сигарет қолдиқларини тозалаш билан шуғулланади (+Видео)

15:38 25 Июль 2024 Дунё
845 0

Фото: NewAtlas

Генуядаги Италия технология институти тадқиқотчилари пляжлар ва боғларда сигарет қолдиқларини тозалашга ёрдам берадиган инновацион роботни ишлаб чиқди.

«VERO» деб номланган робот юриш пайтида сигарета қолдиқларини вакуумли оёқлари ёрдамида сўриб олади ва атроф-муҳит тозалигига ҳисса қўшади.

Қайд этилишича, «VERO» «Unitree» компаниясининг «AlienGo» платформаси асосида қурилган ва шу сабабли ҳам айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу роботларни «ўзга сайёралик» деб ҳам аташмоқда.

Уларнинг ишлаш принцип жуда оддий. Дастлаб, роботга ўрнатилган махсус сенсор сигарета қолдиқларини аниқлайди, сўнгра оёқларга бириктирган вакуумли шланглар чиқиндини сўриб олади. Улар сунъий идрок билан жиҳозланган бўлиб, мустақил қарор қабул қила олади.

Маълум қилинишича, робот чиқиндини аниқлаш ва уни йиғишнинг энг яхши усулини режалаштириш учун илғор технологиялардан, жумладан конволюцион нейрон тармоғидан фойдаланади. Визуал ёрдам кўрсатиш тизими, кўриш датчигининг фикр-мулоҳазасидан фойдаланган «ўзга сайёралик»нинг тозалаш усули анъанавий қўл меҳнатига нисбатан сезиларли даражада яхши эканлиги ҳам аниқланган.

«VERO» амалий синовларда ажойиб натижалар кўрсата олди. Робот турли муҳитларда сигарет қолдиқларининг қарийб 90 фоизини муваффақиятли йиғди. Бу самарадорлик инсон меҳнатидан қарийб 30 фоизга кўп деганидир.

«Робот чарчамайди ва бундай зерикарли ишда мутлақ сабр-тоқат билан узлуксиз ишлаши мумкин», дейди ихтирочилар.

Тадқиқотчилар ушбу «ўзга сайёралик»ни кўп қиррали роботга айлантириш устида иш олиб бормоқдалар. Олимлар келажакда бундай технологик ютуқларни қишлоқ хўжалигида бегона ўтларни тозалаш, савдо дўконларида муддати ўтган маҳсулотларни аниқлашда ҳам фойдаланишни режалаштирмоқда.

Аввалроқ, сунъий интеллект юзингизга қараб касалликларингизни айтиб бериши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?