Ўзбекистонлик 11 нафар ҳунарманд илк бор дунёга машҳур “Homo Faber” лойиҳаси рўйхатига киритилди

21:33 31 Май 2023 Маданият
1068 0

Фото: «Халқ сўзи»

Кўҳна Бухорода халқаро Микенланжело жамғармаси Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда биринчи марта халқ амалий санъати усталари учун семинар ва маҳорат сабоқлари ташкил этди. Тадбирнинг “Кўкалдош” мадрасасида бўлиб ўтган маросимида ўзбекистонлик 11 нафар ҳунарманд Марказий Осиёда илк бор дунёга машҳур “Homo Faber” лойиҳаси рўйхатига киритилгани алоҳида таъкидланди. Бу ерда ушбу лойиҳанинг юртимизга оид боби тақдимоти ўтказилди.

- Ўзбекистон, жумладан Бухоро азал – азалдан ҳунарманд усталар юрти бўлиб келган, - дейди Микеланжело жамғармасининг ижрочи директори Альберто Кавалли. - Кўҳна Бухоронинг қай бир гўшасига борманг, ўтмиш нафасини ҳис этасиз. Бу ерда устазодалар ота – боболаридан мерос ҳунарларни асраб – авайлаб келишаётганини, шогирдлар тайёрлашаётганини кўриш ёқимли. Биз ҳунармандчилик ҳаётни ўзгартириши мумкин, деган тамойил асосида ишлаб, ўзбек халқ амалий санъати усталарини ҳамкор ташкилотлар билан ҳар томонлама қўллаб – қувватлаш, рағбатлантириш, уларнинг қўл меҳнати маҳсули бўлган асарларини дунёга танитиш, тадқиқот ишларини олиб бориш ниятидамиз. “Homo Faber Guide” сайти орқали миллий ҳунармандчилик анъаналарининг виртуал макондаги намойиши ҳам дунё аҳлини бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.

Маросимда сўз олганлар ўзбек халқ амалий санъати бой маданий меросимизнинг ажралмас бир қисми сифатида эътироф топаётганини таъкидладилар. Иккала жамғарма ўртасидаги ҳамкорлик қўл меҳнатига асосланган ҳунарларни асраб – авайлаш, уларни келгуси авлодларга етказишда қўл келишига ишонч билдирдилар. 

Айтиш жоизки, Микеланжело ижодкорлик ва ҳунармандчиликни қўллаб – қувватлаш жамғармаси қароргоҳи Женевада жойлашган. У нотижорат ташкилот саналади. Жамғарма бутун дунё бўйлаб ҳунармандларни бағрикенг ва барқарор келажак учун қўллаб – қувватлайди. Ҳунармандчилик, санъат ва дизайннинг ҳар хил турларини кўз илғамас ришталар билан боғлиқ жиҳатларига эътибор қаратади. Услублар хилма – хиллигини сақлаб қолишга интилади. Махсус халқаро таълим дастурига эга. У халқаро кўргазмалар ташкилотчиси сифатида ҳам танилган. 

Айтмоқчи, лойиҳа доирасида бугун ҳунармандлар учун маҳорат сабоқлари, маданий тадбирлар ташкил этилди. 
Микеланжело жамғармаси масъуллари Самарқандда ҳам худди шундай учрашув ва мулоқотлар ўтказишни режалаштиришган. 

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?