Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 3,5 миллиард долларга ошди
Ўзбекистонга хориждан келган пул ўтказмалари ҳажми 2025 йилнинг 11 ойида 17,3 миллиард долларни ташкил қилди. Бу ҳақида Марказий банкнинг Ички валюта бозори шарҳида маълум қилинди.
Унда айтилишича, бу кўрсаткич ўтган йилнинг январь ноябрь ойларига нисбатан 25 фоизга ёки 3,5 миллиард долларга ошган.
Хорижий валютага бўлган талаб 53,7 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ортган. Шунингдек, таклиф ҳажми (Марказий банк операцияларини ҳисобга олмаган ҳолда) 45,6 млрд долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26 фоизга ўсган.

Юридик шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган талаб 2025 йилнинг 11 ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ўсган бўлса, улар томонидан валюта таклифи ҳажми 35 фоизга ошган.
Хўжалик юритувчи субъектларнинг экспорт тушумлари ҳисобига шаклланадиган валюта таклифи ушбу даврда 17 фоизга ошиб, 16,0 млрд долларни ташкил этган. Мазкур экспорт тушумларининг 8,9 млрд доллари ёки 55 фоизи ички валюта бозорида сотилди (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19 фоиз ёки 1,4 млрд долларга кўп). Шунингдек, ушбу даврда ички валюта бозорига 8,1 млрд долларлик валюта маблағлари банклар томонидан хорижий кредитлар ҳисобидан сотилган. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 63 фоиз ёки 3,5 млрд долларга кўпдир.
Январь ноябрь ойларида импортни молиялаштириш манбалари таркибида ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар (конвертация) улуши 64,7 фоизни (2024 йилда – 64,9 фоиз), хорижий валютадаги ўз маблағлари ҳисобига импортни молиялаштириш улуши 24,0 фоизни ташкил қилган.

Сотиб олинган хорижий валютанинг асосий қисми – 50 фоизи ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, товарлар ва хомашё импорти, 27 фоизи – хорижий валютадаги кредитларни сўндириш, 17 фоизи – халқ истеъмоли товарлари ва дори-дармон маҳсулотлари импорти, 2 фоизи – хорижий инвесторлар даромадларининг репатриацияси ва қолган 4 фоизи – бошқа мақсадлар учун харид қилинган.
Аҳоли томонидан тижорат банкларига 19,4 млрд доллар сотилиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробарга ошган. Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан 10,6 млрд доллар сотиб олиниб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга кўтарилган. Жисмоний шахслар томонидан хорижий валюта таклифи ҳажми унга бўлган талаб ҳажмидан 8,7 млрд долларга ортиқ бўлган.
2025 йил декабригача пул ўтказмалари миқдори қуйидагича кўриниш олган:
- январь — 1,06 млрд доллар;
- февраль — 1,07 млрд доллар;
- март — 1,21 млрд доллар;
- апрель — 1,43 млрд доллар;
- май — 1,64 млрд доллар;
- июнь — 1,78 млрд доллар;
- июль — 1,97 млрд доллар;
- август — 1,90 млрд доллар;
- сентябрь — 1,83 млрд доллар;
- октябрь — 1,86 млрд доллар;
- ноябрь — 1,48 млрд доллар.

Мазкур даврда аҳолининг банкларга валюта сотувининг асосий манбаи бўлган халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатимизга 17,3 млрд доллар миқдорида валюта маблағлари келиб тушган.
Шунингдек, халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатимиздан 2,4 млрд доллар миқдорида валюта маблағлари чиқиб кетган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 157 млн долларга камайган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг