Ўзбекистон ва Венгрия парламентлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинди

21:22 03 Декабрь 2025 Сиёсат
77 0

Олий Мажлис делегациясининг Венгрияга ташрифи доирасида Ўзбекистон-Венгрия парламентлараро дўстлик гуруҳи ва парламент қўмиталари ўртасида учрашув ўтказилди.

Учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон парламент аъзолари Венгрия парламенти билан алоқаларни кенгайтиришга юқори даражадаги тайёргарлик ва қатъий хоҳишини билдирди. Венгрия Миллий Ассамблеясининг бой тажрибаси, шунингдек, ушбу мамлакатнинг Ўзбекистонга нисбатан муносабати самимийлиги ва дўстона позицияси алоҳида эътироф этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон икки мамлакат ўртасида имзоланган битимларни изчил таъминлаш, парламент дўстлик гуруҳлари фаолиятини жонлантириш, қонун ижодкорлиги, ҳудудий ривожланиш, ижтимоий ҳимоя, солиқ сиёсати ва рақамлаштириш соҳасида тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида амалий ҳамкорлик барча йўналишларда барқарор ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ҳукумат, вазирликлар, агентликлар ва ҳудудлар даражасида самарали мулоқот йўлга қўйилган бўлиб, икки давлат БМТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорликни давом эттирмоқда.

Мамлакатларнинг ўзаро савдо ҳажмининг ўсиши, қўшма корхоналар сони кўпайиши ва иқтисодиётнинг қатор соҳаларида кооперация кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Шу боисдан Ўзбекистон-Венгрия бизнес кенгашининг навбатдаги йиғилишини кенг доирадаги ишбилармонлар иштирокида ўтказиш таклифи билдирилди.

2024 йил октабр ойида Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Биринчи ҳудудлар форумининг натижалари юқори баҳоланди. Ҳудудлараро ҳамкорликни янада жадаллаштириш мақсадида 2026 йил бошида Будапешт шаҳрида Иккинчи форумни ўтказиш таклиф этилди ҳамда ҳудудлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. 2024 йил октябрда Лакителек шаҳрида буюк мутафаккир Алишер Навоий бюстининг очилиши, 2025 йил январда Будапештда Ўзбекистон кино кунларининг ўтказилиши икки мамлакат халқларини янада яқинлаштираётгани таъкидланди.

Ўзбекистон парламент аъзолари Венгриянинг «Stipendium Hungaricum» дастури доирасида ҳар йили 200 нафар талаба учун ажратилаётган грантларни юқори баҳолади ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Шу жумладан, 2026 йил март ойида III Ўзбекистон-Венгрия ректорлари форумини ўтказиш, қўшма икки дипломли дастурларни амалга ошириш бўйича ташаббуслар қўллаб-қувватланди.

Учрашувда бизнес, туризм ва маданий алмашинувларни рағбатлантириш мақсадида икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни кенгайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер