Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маданий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда - Фоторепортаж

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»
Бугун «Россия маданият кунлари» доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг Маданият бўйича қуйи комиссиясининг бешинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Россия Федерацияси маданият вазири Ольга Любимова иштирок этди. Томонлар маданият соҳасидаги ҳамкорлик ҳолати ва унинг истиқболлари юзасидан фикр алмашиб, ўзаро ишонч, бағрикенглик ва манфаатли шериклик руҳида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.
Мажлисда саҳна санъати, театр, кино, музей иши, моддий ва номоддий маданий мерос йўналишларидаги ҳамкорлик алоҳида эътироф этилди. Хусусан, томонлар саҳна санъати бўйича ҳамкорликни кучайтириш, маданият кунларини мунтазам ўтказиш, янги форматлар ишлаб чиқиш ва ижтимоий аҳамиятни ошириш зарурлигини таъкидлади.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик масалаларида томонлар ижодий таълимни ривожлантириш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш, федерал бюджет ҳисобидан Россияда таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратди. Шу билан бирга, икки давлат таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, маҳорат дарслари, семинар ва маърузаларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Кинематография бўйича ҳамкорликда, томонлар ҳар йили Кино кунлари алмашинуви, филмлар намойиши, киноижодкорларнинг фестивал ва танловларда иштироки, шунингдек, қўшма филмлар ишлаб чиқиш, киносаноат мутахассислари ўртасида бевосита алоқалар ўрнатиш, халқаро тажрибани ўрганиш каби йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.
Мажлисдан сўнг Россия Федерацияси халқ артисти Сергей Жилиннинг фонограф-симфо-жаз оркестри, шунингдек, таниқли рус эстрадаси вакиллари — хизмат кўрсатган артист Пелагея, «Овоз» лойиҳаси ғолиблари Сергей Волчков ва Александра Воробёва, халқаро «Вокал» танлови олтин медал соҳиби Онопченко ҳамда Татаристон Республикасининг хизмат кўрсатган артисти Элмира Калимуллиналар ижросида концерт дастурлари намойиш этилди.
Тадбирнинг якуний қисми 30 майда Самарқанддаги «Боқий шаҳар» сайёҳлик мажмуасида ўтказиладиган ёпилиш маросими билан ниҳоясига етади. Мазкур учрашув икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.
Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг