Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳаво қатновлари ҳафтасига 100 тага етказилиши мумкин

16:22 31 Май 2024 Жамият
690 0

Хитой фуқаро авиацияси маъмуриятида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида авиақатновлар сонини кўпайтириш ҳамда парвозлар географиясини кенгайтиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Хитой фуқаро авиацияси маъмурияти Халқаро ҳамкорлик департаменти директори ўринбосари Мяо Син ва элчихона вакиллари иштирок этди.

Хитой томони сўнги йилларда Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шароитлар ҳамда мамлакатимизнинг туризм имкониятлари билан атрофлича таништирилди.

Шунингдек, хориж томони фуқароларнинг маданий алмашинуви ва ўзаро саёҳатларини фаоллаштириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган ижобий натижалар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Мяо Син Хитой ва Ўзбекистон муносабатларининг фаол динамикасини олқишлагани ҳолда, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик келгусида ҳам барча соҳаларида жадал ривожланишда давом этишини мамнуният билан қайд этди.

Ўз навбатида, суҳбатдош сўнги йилларда томонлар ўртасида бўлиб ўтган олий ва юқори даражалардаги мулоқотлар чоғида эришилган келишувлар ижроси доирасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида айни вақтда икки мамлакат ўртасидаги парвозлар сонини 18 тага етказилганини маълум қилди.

Ушбу парвозлар «Uzbekistan Airways«, «China Southern Airlines» ва «Loong Air» авиакомпаниялари томонидан амалга оширилмоқда. Ҳаво қатновлари Пекин ва Тошкент ўртасида 7 та, Урумчи ва Тошкент ўртасида 5 та, Циан ва Тошкент ўртасида 3 та ва Ченду ва Тошкент ўртасида 3 тани ташкил қилмоқда.

Суҳбат чоғида, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақаси маркази сифатидаги ўрни ва қўшни мамлакатлар фуқароларининг юртимиз орқали хорижга учишдаги имкониятларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Учрашув якунида, томонлар мазкур йўналишдаги тизимли ишларни изчил давом эттиришга, хусусан соҳага оид шартномавий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, яқин келажакда икки мамлакат ўртасидаги парвозлар сонини ҳафтасига 100 тага етказиш тўғрисида келишиб олдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер