Ўзбекистон талабаси xалқаро нотиқлик танловида ғолиб бўлди

Япониянинг Токио шаҳрида 22-маротаба чет элликлар ўртасида Халқаро япон тили нотиқлик санъати танлови бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли тадбирда дунёнинг турли давлатларидан, жумладан, Канада, Ветнам, Россия, Корея, Хитой, Непал, Тайван ва Ўзбекистондан келган 10 нафар иштирокчи қатнашди.
Ўзбекистон учун қувонарли янгилик шундаки, ушбу танловда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Шарқ филологияси факультети Япон филологияси йўналиши 2-босқич талабаси Ҳасан Мамуржонов фахрли 1-ўринни эгаллаб, ғолиб бўлди.
Ҳозирда у кредит мобиллик дастури доирасида Япониянинг Тоё университетида таҳсил олмоқда.
Ҳасан Мамуржонов “Япон тилини ўрганиш саргузашти” мавзусидаги нутқи билан ҳакамлар эътиборини қозонди. Ёш бўлишига қарамай, унинг тиришқоқлиги, илмга чанқоқлиги ва меҳнати эвазига эришган ушбу ютуғи ЎзДЖТУ жамоаси учун катта фахрдир. Ҳасан JLPT N1 даражасига эга бўлиб, факультетнинг энг фаол талабаларидан бири ҳисобланади.
Ҳозирда Ҳасан Мамуржонов Япониянинг етакчи олийгоҳларидан бири – Тоё университетида ўқишни давом эттирмоқда.
Маълумот учун: Тоё университети Япониянинг энг яхши олийгоҳларидан бири сифатида тан олинган ва талабалар учун юқори сифатли таълим ва тадқиқот имкониятларини таклиф этади. Айни дамда таълим масканида 30 000 дан ортиқ талаба Гуманитар фанлар, иқтисодиёт, ҳуқуқ, халқаро муносабатлар, фан ва технология, бизнес ва менежмент, муҳандислик, тиббиёт ва бошқа факультетларида таҳсил олади.
Тоё университети дунёнинг кўплаб мамлакатлари қаторида Ўзбекистон билан ҳам академик алоқаларни йўлга қўйган.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Тоё университети ўртасида тузилган шартнома доирасида ҳар йили 3 нафар ЎзДЖТУ талабаси кредит мобиллик дастури асосида Японияга ўқишга юборилади. Шунингдек, ҳар йили Тоё университетидан бир нафар талаба ЎзДЖТУда таҳсил олади. Бу икки университет ўртасидаги академик алоқалар ва маданий алмашинувнинг ёрқин намунаси ҳисобланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг