Ўзбекистон Суперлигасидаги энг қиммат футболчи ким?

Фото: Chempionat.asia
Ўзбекистон Суперлигасида тўп сураётган футболчиларнинг трансфер қийматлари янгиланди. «Трансфермаркт» порталининг сўнгги баҳолашига кўра, бир қатор футболчиларнинг нархи сезиларли даражада ошган, айримлариники эса кескин пасайган. Жумладан, тажрибали ҳужумчи Игор Сергеевнинг трансфер нархи 200 минг еврога кўтарилиб, 1 миллион еврога етди. У «Пахтакор»га қайтгач, 12 ўйинда 10 гол ва 2 ассистга муаллифлик қилиб, юқори савиядаги формасини исботлади.
Ҳозирда Ўзбекистон чемпионатидаги энг қиммат футболчилар — «Насаф» вакиллари дарвозабон Абдувоҳид Неъматов ва ярим ҳимоячи Акмал Мозговой ҳисобланади. Уларнинг трансфер қиймати 1,5 миллион еврога тенг. Улардан кейинги ўринда Шерзод Насруллаев, Одил Ҳамробеков ва Люпчо Дориев каби футболчилар турибди. Уларнинг қиймати 1,2 миллион евро деб белгиланган.
Суперлигадаги энг қиммат футболчилар рўйхатининг қолган қисмида Хуршид Ғиёсов ва Игор Сергеев (1 миллион евро), Жамшид Искандаров (900 минг евро), Иброҳимҳалил Йўлдошев ва Ойбек Бозоров (800 минг евро) жой олган. Бу футболчилар чемпионатнинг юқори баҳоланган ўйинчиларига айланишган.
Трансфер нархи энг кўп ошган футболчи — «Навбаҳор» ҳимоячиси Гилерме Гедеш бўлди. Бразилиялик футболчининг трансфер қиймати бир йўла 400 минг еврога кўтарилди. У жорий йил бошида Бразилия чемпионатининг 4-дивизионидан «Навбаҳор» сафига қўшилган эди ва ўзини тезда кўрсатишга улгурган.
Нархи ошган футболчилар орасида яна олти нафар футболчи ҳам бор. Улар: Акмал Мозговой, Игор Сергеев, Русланбек Жиянов, Аббос Ғуломов, Шоҳмалик Комилов ва Ҳусайн Норчаев. Уларнинг ҳар бири қийматини 200 минг еврога оширишга муваффақ бўлди.
Бундан ташқари, Алишер Одилов, Нодирбек Абдураззоқов ва Муҳаммадали Ўринбоев ҳам ўз қийматини 150 минг еврога ошириб, Суперлига доирасида энг яхши ўнталикка киришга яқинлашди. Бу футболчиларнинг ўйиндаги ўсиши трансфер бозорида ҳам акс этди.
Нархи ошган ўнталикдан ташқари, айрим футболчиларнинг қиймати пасайгани ҳам қайд этилди. Айниқса, «Пахтакор» ва «Сўғдиёна» футболчиларида жиддий пасайишлар кузатилди. Масалан, «Сўғдиёна» ҳимоячиси Исломжон Қобиловнинг қиймати 200 минг еврога тушиб, 600 минг еврога етди.
«Пахтакор» футболчиларидан Фламарион ва Жонатаннинг қиймати 200 минг еврога камайиб, мос равишда 400 ва 300 минг еврога баҳоланди. Достонбек Ҳамдамов ва Диёр Ҳолматов эса 150 минг еврога пасайди. Уларнинг қиймати ҳозирда 600 минг евро атрофида бўлиб турибди.
Шунингдек, Абдурауф Бўриев, Муҳаммадқодир Ҳамралиев, Браян Риаскос, Улуғбек Ҳошимов ва Отабек Жўрақўзиев каби футболчилар қийматида ҳам 100 минг еврогача пасайиш кузатилди. Владимир Ёвович («Нефтчи»)нинг қиймати эса 150 минг еврога тушиб, 600 минг еврога етди.
Якуний маълумотга кўра, ҳозирда энг қиммат ўзбекистонлик футболчи бу — «Манчестер Сити» клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов бўлиб, унинг трансфер қиймати 35 миллион еврога баҳоланган. У Европадаги ўйинлари орқали ўзининг юқори салоҳиятини намоён этмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг