Ўзбекистон Россия туризм форумида ҳамкор давлат сифатида иштирок этади

Ўзбекистон 4–7 август кунлари Москвада «ВДНХ» (Выставка достижений народного хозяйства — халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси) саноат майдонида бўлиб ўтадиган «Путешествуй!» («Саёҳат қил!») туризм форумида ҳамкор давлат сифатида иштирок этади.
Мазкур тадбир Росконгресс жамғармаси томонидан Туризм федерал агентлиги (Ростуризм) ва ВДНХ ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Форум Рус География Жамияти ва Россия Туроператорлари Ассоциацияси (АТОР) кўмагида бўлиб ўтади.
Маълумот учун, 2022 йилнинг март ойида туристлар оқимини биргаликда ошириш бўйича ҳаракат режаси имзоланганди. Хусусан, Россия ва Ўзбекистонда Туризм йилини ўтказиш, «Буюк ипак йўли» туризм йўналишини ривожлантириш ва ҳоказолар режалаштирилган.
«Биз форум ташкилотчилари сифатида бу йил Ўзбекистон ҳамкор давлат эканидан фахрланамиз. Бу бой тарихга ва қадимий меъморий обидаларга эга мамлакат. Сўнгги йилларда кўплаб россияликлар Ўзбекистонни алоҳида эътироф этишмоқда. Форум меҳмонлари Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари, йўналишлари ва инфратузилмаси билан яқиндан танишадилар. Бундан ташқари, улар Тошкентнинг энг яхши ошпазлари томонидан тайёрланган паловни татиб кўриш имкониятига эга бўладилар», — деди Росконгресс жамғармаси директори ўринбосари Владимир Затинайко.
Форумда Туризм ва маданий мерос вазирлиги, «Миллий ПР-маркази» ДУК, «Узбекистан Аирwайс» Миллий авиакомпанияси, «ЎЗШАРОБСАНОАТ» АЖ вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари ва ҳунармандлар билан биргаликда бир вақтнинг ўзида иккита стендни тақдим этади: бизнес-стенд ҳамда мамлакатимизнинг туризм салоҳияти ва маданиятига бағишланган стенд.
Бизнес-стенд 55-павильонда жойлаштирилиб, унда мамлакатимизнинг янги манзиллари ва сайёҳлик йўналишлари намойиш этилади. Шунингдек, «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети вакиллари туризм соҳасида таълим олиш имкониятлари ҳақида сўз юритадилар. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва маданиятига бағишланган стенд 55-павильонга туташ ҳудудда жойлаштирилади.
Бу ерда Ўзбекистон делегацияси томонидан ҳунармандларнинг ишлари, ўзбек миллий таомлари, сайёҳликнинг турли кўринишлари ҳақида маълумотлар тақдим этилади, шу билан бирга, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган шароблар дегустацияси (татиб кўриш маросими) ва ҳунармандчилик буюмларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ташкил этилади.
Шунингдек, форум доирасида Россия Федерацияси давлат ташкилотлари вакиллари билан музокаралар ўтказиш, Россия туризм саноати субъектлари билан Б2Б форматида учрашувлар ташкил этиш ҳамда ялпи муҳокама ва конференцияларда иштирок этиш режалаштирилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг