Ўзбекистон олтин-валюта захиралари илк бор 60 млрд доллардан ошди

11:34 26 Декабрь 2025 Сиёсат
117 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари илк бор 60 миллиард доллардан ошди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида айтиб ўтди.

«Эътибор беринг, бундан тўққиз йил олдин иқтисодиётимиз ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш биз учун жуда катта марра бўлиб кўринарди.

Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди. Бундай юксак натижалар халқимизнинг, барчамизнинг қандай улкан ишларга қодир эканимизни яққол намоён этмоқда», деди давлатимиз раҳбари.

Глобал савдо тизимида «ўйин қоидалари» ўзгараётган бир пайтда жорий йил экспортимиз 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етказилиши таъкидланди. Энг муҳими, олтин-валюта захираларимиз илк бор 60 миллиард доллардан ошди.

Бу йил иқтисодиётимизга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди.

Жами инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса иқтисодиётимиз келгуси йилларда ҳам юқори суръатлар билан барқарор ўсиб бориши учун замин бўлади.

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузи, халқаро рейтинглардаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Хусусан, етакчи халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг суверен рейтингини «BB-»дан «BB» поғонасига кўтарди.

«Бу гаплар кўпчиликка оддий бир факт бўлиб туюлиши мумкин. Лекин иқтисодчилар, инвестор ва банкирлар гап нақадар катта натижалар ҳақида бораётганини жуда яхши тушуниб турибди.

Биргина ана шу ўзгариш туфайли четдан жалб қилинадиган ресурсларнинг фоиз ставкаси 1-1,5 пунктга пасайиб, ташқи қарз харажати йилига 250-300 миллион долларга камаяди», деди Президентимиз.

Шунингдек, Жаҳон банки эълон қилиб борадиган Давлатларнинг технологик етуклик индексида Ўзбекистон 71 поғона юқори кўтарилиб, дунёнинг ТОП-10 та мамлакати қаторидан жой олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер