Ўзбекистон футзал терма жамоасидан иродали ғалаба
Кеча, 19 декабрь куни Бухоро вилоятида жойлашган «Универсал» спорт мажмуасида футзал бўйича халқаро ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон футзал терма жамоаси ва ФИФА рейтингида 7-ўринни эгаллаб турган Россия футзал терма жамоаси ўзаро рақобатлашди.
Спорт ишқибозлари катта қизиқиш билан кутган Ўзбекистон – Россия ўртасидаги баҳс «оқ бўрилар»нинг ажойиб камбеки ва иродали ғалабаси билан якунланди. Биринчи таймдан кейин 0:2 ҳисобида ортда қолаётган Нодир Элибоев шогирдлари иккинчи бўлимда характер намоён этиб, рақиб дарвозасига жавобсиз учта гол уришга муваффақ бўлишди.
Учрашув тенг курашлар остида бошланди. Дастлабки ўн дақиқа ичида Ўзбекистон терма жамоаси икки бор гол уриш имкониятини яратди, аммо вазиятлардан фойдалана олмади. Россия термасининг эса илк хавфли ҳужуми гол билан якунланди — Антон Соколов ҳисобни очди. Ушбу гол футболчиларимиз руҳиятига маълум даражада таъсир кўрсатди. 14-дақиқада эса жарима майдони ичида Григорий Валейев эътибордан четда қолди ва ҳисоб 0:2 кўринишига келди.
Иккинчи таймнинг илк сониялариданоқ танаффус пайтида мураббийлар штаби футболчилар билан тўғри ишлагани яққол сезилди. Ташаббусни тўлиқ қўлга олган Ўзбекистон терма жамоаси меҳмонларни ўз жарима майдонига қамаб қўйди. Узоқ вақт гол ура олмаслик футзалчиларимизнинг иштиёқини сўндирмади, аксинча, ғалабага бўлган интилишни янада кучайтирди.
33-дақиқада Музаффар Ахаджонов индивидуал маҳорат эвазига ҳисобни қисқартирди — 1:2. Орадан тўрт дақиқа ўтиб, Шаҳрам Фахриддинов қанотдан узатилган тўпни аниқ зарба билан дарвоза тўрига жойлади — 2:2. Учрашувнинг сўнгги сонияларида эса Акбар Усмонов Россия жамоасининг «сунъий кўпчилик билан ҳужумга ўтиш» тактикасини жазолаб, ғалаба голини киритди — 3:2!
Қайд этиш жоиз, бу Ўзбекистон футзал терма жамоасининг қисқа вақт ичида жаҳоннинг ТОП–10 талигидан жой олган иккинчи рақиб устидан қўлга киритган ғалабаси бўлди. Аввалроқ, Ислом бирдамлиги ўйинлари арафасида Тошкентда Қозоғистон терма жамоаси 2:1 ҳисобида мағлуб этилган эди. Энди эса Россия терма жамоаси Бухорода мағлубиятни тан олди.
Бош мураббий Нодир Элибоев ва унинг жамоаси Осиё кубоги–2026 мусобақасига тайёргарликни тўғри йўналишда олиб бораётганини яна бир бор исботлади. Аммо бу билан чекланиб қолмаслик зарур. Изланиш ва меҳнат изчил давом эттирилган тақдирдагина қитъа чемпионатида қўйилган мақсадларга эришиш мумкин бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Австралияда 16 ёшгача бўлган ўсмирларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланди
- Учинчи Ренессансга элтувчи маърифат кўприги: Ўзбекистон—Покистон ҳамкорлигининг янги босқичи
- Муҳаммад Салоҳ фаолиятини Саудияда давом эттириши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг