“Ўзбекистон — 2030” стратегияси таълим тизимини ислоҳ қилишнинг муҳим кафолати

17:54 03 Февраль 2025 Жамият
711 0

Ўзбекистон Республикасида ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу жиҳатдан, янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш бугунги кун сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Бу борада “Ўзбекистон-2030” стратегияси асосий дастурий ҳужжат сифатида хизмат қилмоқда.

Мазкур стратегия ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, қонун устуворлиги ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган. Ушбу мақсадлар қаторида мамлакатни барқарор иқтисодий ўсишга эришган, даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар сафига қўшиш, таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимларини халқаро стандартларга мослаштириш каби йўналишлар алоҳида аҳамиятга эга.

Стратегия доирасида беш муҳим йўналиш белгилаб берилган бўлиб, улар орасида таълим тизимини ислоҳ қилиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий хизматларнинг сифати ва қамровини ошириш, камбағалликни камайтириш, ёшларга оид давлат сиёсатини кучайтириш ҳамда халқнинг маънавий қиёфасини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Сўнгги йилларда таълим соҳасини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар доирасида қатор муваффақиятлар қайд этилди. Жумладан, 2017-2022 йилларда мактабгача таълим муассасалари қамрови 27,7% дан 70% га ошган, олий таълим муассасалари сони 77 тадан 199 тага етган ҳамда қабул квоталари 4 баробарга оширилган. Шунингдек, хотин-қизларнинг таълим олишлари учун имтиёзлар кенгайтирилиб, 3 мингдан ортиқ қизлар учун махсус грантлар ажратилган.

Мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш ҳам стратегиянинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. 2019 йилда 40% ни ташкил этган мактабгача таълим билан қамров даражаси 2021 йилда 67,2% га етган ва 2026 йилга қадар бу кўрсаткични 80% гача ошириш режалаштирилган. Бундан ташқари, мактабгача таълим ташкилотларини компьютер технологиялари ва тоза ичимлик суви билан таъминлаш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Таълим соҳасида амалга оширилаётган муҳим ташаббуслардан бири педагог кадрларнинг мақомини ошириш ва уларнинг малакасини халқаро стандартларга мослаштиришдир. 2024 йил 1 февралида қабул қилинган “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун мазкур соҳадаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Шунингдек, 1000 нафар профессор-ўқитувчининг хорижда малака ошириши, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимларининг ўртача иш ҳақини 2 баробарга ошириш, олис ҳудудлардаги абитуриентлар учун педагогик таълим йўналишлари бўйича давлат грантлари жорий этилиши белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган таълим тизимига оид ислоҳотлар, мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ҳамда келажак авлоднинг ҳар томонлама камол топиши учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилади.

Дурдона МАДАМИНОВА

Тошкент давлат юридик университети доценти, DSc

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер