Ўзбек мақом санъати яна бир оғир жудоликка учради
Ўзбек мумтоз қўшиқчилигининг йирик вакили, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Раҳматжон Қурбонов вафот этди.
1959 йилда Хива шаҳрида таваллуд топган соҳир овоз соҳиби Раҳматжон Қурбонов ўз ижодий фаолияти давомида санъат ихлосмандлари қалбини забт этиши баробарида, ўзбек миллий-мумтоз қўшиқчилик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшди.
Раҳматжон Қурбонов «Лазги» ансамблига раҳбарлик қилган йилларида Хоразм мумтоз қўшиқлари ва рақслари юртимиз ҳамда дунё узра янада кенгроқ тараннум этган.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ўз ҳамдардлигини билдирди.
"Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист, «Лазги» ансамбли ва Хоразм санъатининг устунларидан бири, устоз санъаткор Раҳматжон Қурбоновнинг вафоти қалбларимизни ларзага солди.
У санъат соҳасидаги кўп йиллик серқирра ижодий фаолияти билан эл-юрт назарига тушган, республикамизда таниқли, халқимиз суйган хонанда эди.
Устоз асл санъат дурдоналаридан «Чоргоҳ», «Талқини Рост», «Катта сувора», «Чапандози сувора», «Бозиргоний», «Қаро кўзим», «Насруллойи», «Махсус», «Феруз-1», «Феруз-II», «Оразибон» каби кўплаб мақом ҳамда мумтоз ашулаларни ўзгача меҳр ва ихлос, юксак маҳорат билан меъёрига етказиб юқори савияда ижро қилган эди.
Раҳматжон Қурбонов ижодий фаолияти давомида қардош қорақалпоқ, озарбайжон, туркман, турк, тожик халқ қўшиқларини ҳам зўр иштиёқ билан куйлади ва кўпчиликнинг меҳрини қозонди.
Устоз санъаткор ўз ижоди билан нафақат санъатимиз ривожига, балки халқлар ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ишига ҳам ҳисса қўшди. Меҳнатлари муносиб баҳоланиб, давлатимизнинг «Меҳнат шуҳрати» ордени билан ҳам тақдирланди.
Р.Қурбанов кўп йиллар Ўзбекистон давлат филармонияси «Лазги» ашула ва рақс ансамбли раҳбари лавозимида меҳнат қилди ва ушбу ансамбль фаолиятини самарали бошқарди. Япония, Хитой, Малайзия, Германия, Франция, Англия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия каби ўнлаб хорижий давлатларда ижодий сафарларда бўлиб, ўзбек халқи санъати, миллий қадриятларини жаҳонга тарғиб қилишга мушарраф бўлди.
Хоразм вилояти филармонияси директори, беназир устоз, Хоразм санъати устунларидан бири Раҳматжон Қурбоновнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила- аъзоларига ҳамда яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз!" деб ёзади вазир ушбу қайғули воқеа ҳақида.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг