Ўзбек халқи учун азиз ва қадрли сиймо

10:47 20 Апрель 2018 Маданият
5570 0
Фото: 5news.kg

Чингиз Айтматовнинг эзгулик тараннум этилган баркамол асарлари, жўшқин ижтимоий фаолияти нафақат қирғиз эли, айни пайтда бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрлидир.

Чингиз Айтматов ҳамда Ўзбекистон мавзуи ўз мазмун-мундарижасига кўра, жуда хилма-хил ва ранг-барангдир. Ўзбек халқига меҳр қўйган улуғ ижодкор бизнинг ўтмишимизни ҳам, замонавий адабий жараёнимизни ҳам яхши биларди.

Чингиз оға доимо ижтимоий ҳамда адабий ҳодисаларнинг моҳиятини англаб олишга, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишга интиларди. У доимо янгилик изловчи, ҳаётдаги прогрессив ўзгаришларга пешвоз чиқувчи адибгина эмас, айни вақтда бутун истеъдодини, куч-қувватини ана шу янгиликларни, ҳаётдаги илғор тенденцияларни кенг оммалаштиришга сафарбар этган толмас курашчи, журъатли шахс ҳам эди. Бу ҳол уни, биринчидан, бадиий наср соҳасида юксак поғонага кўтарган бўлса, иккинчидан, атоқли жамоат арбоби сифатида танитди.

“Мен учун, — деб ёзган эди адиб, — давримиз санъатининг бош масаласи — бу ҳақиқий гуманизм масаласидир. Шубҳа йўқки, гуманизм ҳамиша, ҳамма даврларда ижтимоий фикрнинг нишони, муҳим аломати бўлиб келди; бироқ менимча у ҳозир, бизнинг давримизда янгича мезон, янгича аҳамият касб этаётир. Давримизнинг гуманистик прогрессив адабиёти инсонга унинг улуғворлигини, фақат ўз интеллекти ҳамда унинг ҳосилаларида кўринадиган улуғворликни эмас, балки инсонга хос барча хислат ва фазилатларнинг мажмуи бўлган, қадимда уни одамлар оддийгина қилиб “қалб” деб атаган нарсанинг улуғворлигини ҳамиша ҳормай-толмай эслатиб туриши керак”.

Президентимизнинг “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори улкан қирғиз адибига ўзбек халқининг чексиз ҳурмати ифодаси бўлди.

Қарорда таъкидланганидек, Чингиз Айтматов минтақамиз тинчлиги ҳамда осойишталиги, унинг келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасида дўстлик ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият олиб борди.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида собиқ Марказ томонидан уюштирилган “ўзбек иши”, “пахта иши” каби ноҳақ сиёсий кампаниялар чоғида Чингиз Айтматовнинг адолат ҳамда ҳақиқат куйчиси сифатида халқимизнинг шаъни ва обрў-эътиборини катта минбарлардан туриб мардона ҳимоя қилганини эл-юртимиз ҳамиша миннатдорлик билан эслайди.

Ёзувчи юртимизга турли муносабатлар билан тез-тез ташриф буюрар, адабий анжуманлар, кинофестиваллар, китобхонлар конференцияларида қатнашарди. Адибнинг -деярли барча бадиий асарлари ўзбек тилига ўгирилиб, неча ўн минглаб нусхада нашр этилган, халқимизнинг маънавий мулкига айланган. Қардош халқ ёзувчилари орасида ҳали ҳеч бир ижодкорнинг асарлари ўзбек адабиётида бу қадар кенг шуҳрат қозонмаган, десак, муболаға бўлмайди.

Чингиз оға ўзбек халқининг шаън-шавкатини ҳамиша баланд тутиб, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборидан қувончга тўларди. У ўзининг қатор бадиий асарларида, хусусан, илмий-назарий, публицистик мақолаларида ўзбек халқи, унинг бой маданияти, адабиёти тарихига оид асарларни мамнуният билан тилга оларкан, қадим ўзбек маданиятининг Марказий Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг қадимги русга кўрсатган таъсири билан қиёслайди. Шунинг ўзи ҳам ижодкорнинг ўзбек халқига, унинг буюк маданиятига бўлган эҳтироми ва муҳаббатининг ёрқин далилидир.
Президентимизнинг қарорини ўқиб, ёзувчининг таржимони бўлганим учун ҳам беҳад қувондим. Чингиз Айтматовнинг ўзбек адабиёти ҳамда санъатининг йирик намояндалари билан яқин дўст бўлгани, ижодкорларни ўзаро ҳамкорликка ундагани юксак ибрат намунасидир.

Адиб Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари зиёлиларининг таъсис қурултойида сўзлаб, маънавий бирлик, адабиётлар дўстлиги ҳақида ғоят куйинчаклик билан шундай деган эди: “Сир эмаски, авваллари биз, зиёлиларнинг борди-келдиларимиз, ижодий мулоқотларимиз яхши эди. Ютуқларимиз, ўй-хаёлларимиздан бохабар эдик. Декадалар, маданият кунлари ўтиб турарди. Энг яхши асарларимиз, романлар, қиссалар, драмалар, шеърий китобларни таржима қилардик. Киночиларимиз, рассомларимиз бир-бирларига жуда яқин эди. Энди-чи? Буларнинг ҳаммаси деярли тўхтаб қолди. Ҳозир ўзбек адабиётида, хусусан, ёш ўзбек адиблари ижодида қандай ютуқлар бор, улар не мавзуларни қаламга олмоқдалар, қандай янги йўналишлар мавжуд — бундан биз томондаги тенгдошларингизнинг хабари йўқ. Ва, аксинча, бизда нима гап, ёзилаётган, чоп этилаётган асарларнинг мазмуни, ғоявий-бадиий савияси қандай — буни сизлар билмайсизлар. Бу кетишда бир-биримиздан жуда узоқлашиб кетамиз. Бир-биримизни танимай қоламиз. Бориб-бориб, бир-биримизга ишончсизлик, ҳадик кўзи билан қараш бошланади. Мен асло бўрттираётганим йўқ. Бепарво юраверсак, бир-биримизга интилмасак, шу даражага тушишимиз аниқ. Бу — тузатиш қийин бўлган катта маънавий фожиа бўлади...”

Адибнинг жон куйдириб айтган ушбу сўзларида нақадар ҳақиқат мужассам эканини бугун барчамиз чуқур англаб етдик. Президентимизнинг минтақавий хавфсизлик ва бар-қарорликни таъминлаш, аҳил қўшничилик, ҳамжиҳатлик ҳамда ўзаро ишончга асосланган сиёсати ўзбек ва қирғиз халқлари ҳаётида янги саҳифа очди. Давлатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий муносабатлар кучайиши билан бирга, маданий алоқалар ҳам изчил тараққий этиб бораяпти.

Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам халқларимизнинг бой тарихий мероси, тили, маданияти, қадриятлари асраб-авайланмоқда. Маданий, ижодий, жамоат ташкилотлари ҳамда уюшмалари ўртасида алоқалар қўллаб-қувватланаяпти. Ҳар икки мамлакатда ташкил қилинаётган маданият кунлари, кино ва театр жамоаларининг ижодий сафарлари, адабиёт, санъат ҳамда фан арбоблари ижоди ва фаолиятига бағишланган тадбирлар ана шундан -далолат беради.

Президентимиз қарорига мувофиқ, Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги юқори савияда нишонланиши бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” номли хотира китоби чоп қилинади, адиб ҳаёти ҳамда ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинади, асарлари янгидан саҳналаштирилади, хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига номи берилади, Паркент туманидаги 33-мактабда бюсти ўрнатилади, “Чингиз Айтматов ва ўзбек адабиёти” мавзуида илмий конференция, таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ҳамда маҳаллаларда таниқли шоирлар, ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ўтказилади.

Чингиз Айтматов бир суҳбатда “Адабиёт турли миллат ва элатларнинг бошини бириктиради, керак бўлса, қитъаларни қитъалар билан дўстлаштиради”, деган эди. Ўз ҳаётини адабиётга, тинчлик, дўстлик, ҳамкорлик, меҳр-оқибат, иноқлик каби эзгу ғояларни тарғиб этишга бағишлаган ушбу сиймо барчамиз учун ибрат тимсоли бўлиб қолади.

Асил РАШИДОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер